Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:21

Телефон сўзлашувларингизни қонуний эшитишади


“Жамият ва қонун”нинг бугунги сони мавзуи бир қарашда бироз зерикарлироқ кўриниши мумкин. Лекин уни эшитиб қўйишингизни тавсия қилган бўлардик. Ахир ҳар қандай киши кутилмаганда ҳуқуқ-тартибот органларининг "ошкора ва ноошкора" тадбирлари объекти бўлиб қолиши мумкин...


“Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар <…> тезкор-қидирув тадбирларини ошкора ва ноошкора ўтказиш; махфийлик асосида кўмаклашиш истагини билдирган шахслар билан пулли ёки бепул ҳамкорлик ўрнатиш<…> видео- ва аудиоёзув, кино- ва фотосуратга олиш воситаларини,<…> бошқа техника воситаларини қўллаш <…> ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин”.

Бу меъёр эндигина бошланган йилнинг охирида – 25 декабр куни кучга кирадиган қонунда белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси президенти 2012 йилнинг 25 декабрида имзолаган “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун тўғрисида Озодлик радиоси 26 декабр куни лавҳа ҳозирлаган эди.

Ҳозир ўша лавҳа билан танишамизда, сўнгра ҳужжатни ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва собиқ милиция ходими билан моддама-модда ўрганамиз.

Бироз зерикарлироқ мавзу. Лекин эшитиб қўйишингизни тавсия қилган бўлардим. Ахир ҳар қандай киши " ошкора ва ноошкора" тадбирлар объекти бўлиб қолиши мумкин.

Мана энди қонуннинг баъзи моддаларини ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари: Суҳроб Исмоилов ва Абдураҳмон Ташановлар билан биргаликда ўрганиб чиқамиз.

Эшиттириш охирида қашқадарёлик собиқ милиция ходимининг фикри билан ҳам танишасиз.

Дастлабки, умумий баҳо

Суҳроб Исмоилов:

- Биринчи навбатда айтиб ўтишимиз керак, ушбу қонун анча йиллардан бери ҳуқуқ ҳимоячилари, халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистонга қилинган чақириқ ва талаблар ичида турган қонунлардан эди. Биз ўйлаймизки, ҳуқуқ-тартибот органларининг фаолиятини тартибга солишга маълум бир даражада ижобий хизмат қиладиган қонун бўлиши керак. Бу кутаëтган умидимиз бу қонундан.

Абдураҳмон Ташанов:

- Бу қонун ҳақида гапиришдан олдин мен битта нарсани айтиб ўтишим керак. Қонуннинг 10-моддасига кўра тезкор қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар санаб ўтилган. Булар асосан Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси дейилади. Бу ерда битта қизиқ нарса бор. Ўзбекистонда Ўзбекистон республикаси ИИВ тўғрисида ҳам қонун йўқ, МХХ ҳақида ҳатто конституцияда ҳам бир норма йўқ. Демоқчи бўлганимки, қидирув фаолиятини амалга оширадиган органларнинг ўзи ҳақида қонун йўқ. Яъни улар ноқонуний, лекин уларнинг фаолияти тўғрисида мана энди қонун чиқаяпти.

“Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун 5 боб ва 31 моддадан ташкил топган катта ҳужжатки, битта эшиттириш давомида бу моддаларнинг ҳар бирини ўргана олмаймиз.

Шунинг учун унинг ҳуқуқ ҳимоячилари назаридаги принципиал жиҳатларига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

Ноошкора усули нимаси?

Абдураҳмон Ташанов:


- Қонуннинг 9-моддасига келадиган бўлсак, ошкора ва ноошкора усуллар уйғунлииг принципи деб аталади. Бу ерда алоҳида таъриф берилмаган, умумий таърифда ошкора ва ноошкора усуллардан фойдаланиш мумкин дейилади. Биз кейинги пайтларда Ўзбекистонда амалиëтда кўраяпмизки, кўпроқ ноошкора усуллардан фойдаланиш орқали одамларнинг тинчлигига, ....

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:19 0:00
Бевосита линк


Қонуннинг Абдураҳмон Ташанов эътиборимизни қаратган моддалари тўғрисида Суҳроб Исмоилов ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Ҳужжатнинг 5-моддаси тўғрисида гапирар экан у бундай деди.

- Янги қонуннинг оператив тезкор қидирув ҳаракатларни ўтказишнинг асосий тамойиллари, принциплари белгиланган. Мана шу ердаги принципларнинг ўзида ҳам биз қарама қаршиликни сезишимиз мумкин ва мана шу қарама қаршилик ҳолатлари...

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:20 0:00
Бевосита линк


Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари: Абдураҳмон Ташанов ва Суҳроб Исмоиловлар билан “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун юзасидан ўтказганимиз суҳбатларни тўлалигича қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:37 0:00
Бевосита линк

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:51 0:00
Бевосита линк

Ҳозир эса, ўзини Шуҳрат, деб таништирган қашқадарёлик собиқ милиция ходимининг фикрлари билан таништирмоқчимиз.

“Ички ишлар органларида муттаҳамчилик, порахўрлик авж олиб кетган”

Бу гапни айтган собиқ милиция ходими ҳали ўрганаётганимиз қонун матни билан танишган эмас. Бироқ бу унинг айтадиган гапи йўқ, дегани ҳам эмас.

Озодлик: Мана оператив қидирув фаолият тўғрисида қонун қабул қилинди. Энди қабул қилинди. Ҳали кучга киргани йўқ. Яна 12 ойдан кейин кучга киради. Шу пайтгача қандай қонун доирасида ишлаган?

- Тўғри, қонун энди қабул қилинди. Сиз айтгандай кучга кирмаган, лекин мисол учун ички ишлар органида Ички ишлар вазирининг тегишли буйруқ, кўрсатмалари бор. Худди шундай Миллий хавфсизликда ҳам ëки прокуратурада ҳам тегишли буйруқ, кўрсатма ëки меъëрий ҳужжатлар асосида ишлар амалга оширилган. То бу қонун чиққунча шу ишлар амалга ошириб келинган. Лекин вазирликлар, қўмита, мисол тегишли буйруқлар ëки меъëрий ҳужжатлар бўлади. Шу асосда ишлар амалга оширилган. Бу тўғрида қонун кучга киргандан кейин менимча ишлар янада яхши, самарали бўлиши керак адашмасам. Шу пайтгача тегишли буйруқлар деб айтаяпман, лекин, менимча, Ўзбекистонда қонун чиққан билан ҳам, менимча, ҳали-бери яхши натижаси бўлмайди. Сабаби Ўзбекистонда биласиз муттаҳамчилик, порахўрлик ривожланиб кетганку. Мисол учун аниқ жиноятчи, гумондор шахс сифатида ушлаб туриб, лекин 4-5 сўм пул бергандан кейин уни қўйиб юборади. Бу қонуннинг ҳеч қандай таъсири бўлмайди деб ўйлайман мен.

Озодлик: Умуман қонунларнинг, хусусан шу қонуннинг таъсири бўлиши учун, у ишлаши учун қандай шароит бўлиши керак?

- Шароит, менинг фикримча, айниқса органларда, мен ўзимнинг ички ишлар соҳамни биламан кўпроқ, ички ишлар соҳасида муттаҳамчилик, порахўрлик, таниш-билишчилик авжига олиб кетгандан кейин бундай қонундан 10та чиқмайдими. Биринчи навбатда порахўр, муттаҳам раҳбарларни йўқотиш керак. Ички ишлар тизими мисолида айтаяпманда. Буни йўқотгандан кейин бир жиноятчини жиноят ...

Қашқадарёлик собиқ милиция ходими билан суҳбатимиз шу жойга келганда бирдан узилди. Боғланиш учун кейин қилган ҳаракатларимиздан бир иш чиқмади.

Тегишли органлар тезкор-қидирув фаолияти бошлаб юбормадимикан, деган иштибоҳ кўнгилдан зувиллаб ўтди.
XS
SM
MD
LG