Линклар

logo-print

Карпенконинг "Бунёдкор" билан шартномаси узайтирилмади


Виктор Карпенко ўзи 5 йил тўп сурган жамоа ҳақида гаплашишни истамади.

Виктор Карпенко ўзи 5 йил тўп сурган жамоа ҳақида гаплашишни истамади.

“Бунёдкор” футбол жамоаси капитани, ярим ҳимоячи Виктор Карпенконинг шартномасини узайтирмади. “Бунёдкор” командасида 2007 йилдан бери тўп сурган футболчининг ўзи Озодликка контрактни узайтирмаслик жамоа бош мураббийси Миржалол Қосимовнинг ташаббуси бўлганини билдирди. Карпенко ва яна бир неча футболчи ўтган йили клуб раҳбарияти шартнома бўйича кўзда тутилган пулларни тўламаганидан шикоят қилган эди.


Озодликнинг Ўзбекистон Футбол федерациясидаги манбаси Виктор Карпенконинг “Бунёдкор” жамоаси таркибидан чиқарилиши ўтган йили клуб раҳбарияти ва бир гуруҳ футболчилар ўртасида юзага келган молиявий келишмовчиликлар билан боғлиқ, дея билдирди.

Виктор Карпенконинг ўзи, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, “Бунёдкор”да энди ўйнамаслиги ўша жанжал билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади. Лекин Карпенко ўзи 5 йил тўп сурган жамоа ҳақида гаплашишни истамаслигини таъкидлади ва “барча саволлар билан клуб бош мураббийси Миржалол Қосимовга мурожаат қилинг, бу унинг ташаббуси эди”, дея гапни қисқа қилди.

Миржалол Қосимов, Озодлик мухбири билан суҳбатда, кўп йиллар жамоа сардори бўлган ярим ҳимоячи Карпенконинг шартномаси узайтирилмагани команда таркибини янгилаш, ёш ўйинчиларга кўпроқ имконият бериш мақсади билан шартланган, дея билдирди.

- Карпенко билан ҳақиқатан ҳам контракт тугади. Уч йил ўйнаб узайтирилгани йўқ контракт. Энди учинчи йил, ҳақиқатан ҳам кўп ўйнаган ўйинчи жамоада. Энди у ерда бошқа болалар режалаштирилиб, обновит қилинаяпти.

Миржалол Қосимовнинг айтишича, Карпенко билан ҳамкорликнинг тўхтатилиши сабабларидан яна бири унинг ёши билан боғлиқ. 35 ёшли Вкитор Карпенко учун майдонда тўлақонли ўйин кўрсатиш кейинги пайтларда анча қийин бўлиб қолди, дейди “Бунёдкор” бош мураббийси.

- Бир тарафдан ëши ҳам анча бўлиб қолди. Унга қийин бўлаяпти кейинги пайтларда. Шунинг учун ҳам у ерга ўтган йилдан Алибобони Раҳматуллаевни қўйиб, секин тайёрлаяпмиз. Шунинг учун ҳам у крайда ўйнаш учун объëм бўлиши керак, тезкор бўлиш керак. Бу ҳаëт. Ҳаëтда вақт ўтгандан кейин, ëш ўтгандан кейин барибир тортиш керакку масалан тўғрими йўқми? Шунга ëшроқ нимани айтиб нима қилгандим, бўлди деди, тўғри тушундик бир-биримизни. Масалан, эртага тузишимиз мумкин контракт. Лекин заҳирада қолиб кетиш унинг режасидамас. Шуни мен тушундим,- дейди Миржалол Қосимов.

Ҳақиқатан, 35 ёшдан кейин камдан-кам футболчилар майдонда фаол ўйин кўрсатади.

Лекин Озодлик манбасига кўра, Карпенко “Бунёдкор” клуби раҳбарияти билан келиб чиққан молиявий келишмовчилик туфайли жамоадан четлаштирилган.

Карпенконинг ўзи бу ҳақда гапиришни истамади, лекин буни эҳтимолдан соқит қилмади.

“Бунёдкор” командаси бош мураббийси Миржалол Қосимов бу иддаоларни мутлақо рад этди.

- Йўқ, унақа муаммо бўлгани ҳам йўқ. Карпенко билан ҳам гаплашилганида унинг ўзи тўғри тушинди. Бу ерда тушунмовчилик деб ўйлайман бу нарсани болалар орасидаги. Албатта, ойлик ҳам масалан ўтган йил ҳаммага ëпилди. Ҳеч қанақа муаммо бўлмади деяпман. Отпускной бўладию, ҳалиги тринадцатий дейдими, ўшаларигача олди, дейди Миржалол Қосимов.

Ўтган йилнинг ноябр ойида “Бунёдкор” жамоасининг Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ ўйинчилари клуб раҳбарияти футболчилар шартномаларида кўзланган пул мукофотларини тўлалигича тўламаётганидан шикоят қилган эди.

“Бунёдкор” клубининг ўша пайтдаги бош директори Баҳром Давлатов ва жамоанинг асосий ҳомийси “Узтрансгаз” ширкати вице-президенти Хусниддин Ҳусанов буни футболчилар сўнгги мавсумда яхши ўйин кўрсата олмагани, жамоа аъзоларига тўланадиган ҳақ учун ажратилган маблағ эса тўла сарфлаб бўлингани билан изоҳлаган эди.

Озодлик бу ҳақда хабар берганидан кўп ўтмай, Баҳром Давлатов бош директор лавозимидан четлаштирилган эди. Озодлик манбаси ва жамоа футболчилари унинг ишдан олингани ана шу жанжал билан боғлиқ, дея билдирган эди.

Футболчилар шунингдек, клуб раҳбарияти шартнома бўйича барча мажбуриятлар қисқа вақт ичида бажарилишини ваъда қилганини айтган эди.

Лекин Озодликка маълум бўлишича, шу пайтгача на командадан четлатилган Виктор Карпенко, на бошқа футболчиларга ваъда қилинган бонус пуллари берилган.

Ўзбекистон Футбол федерациясидаги манбанинг Озодлик мухбирига билдиришича, Баҳром Давлатов “Бунёдкор”нинг яна бир вице-президенти Хусниддин Ҳусанов билан бирга клуб бюджетитдаги маблағларни ўзлаштирган.

“Хусниддин Ҳусанов “Бунёдкор”нинг асосий ҳомийси “Ўзтрансгаз” ширкати томонидан вице-президентликка тайинланган. Давлатов билан Ҳусановнинг молиявий қаллобликлари прокуратура томонидан текширилмоқда”, деган эди Озодлик манбаси.

Бироқ бу иддаоларни расмий идоралардан тасдиқлатишнинг иложи бўлганича йўқ.

“Бунёдкор” футбол жамоаси 2005 йилда, собиқ “Зеромакс” ширкати таркибидаги “Нефтгазмонтаж” корхонаси молиявий кўмагида “Қурувчи” номи билан тузилган. 2007 йилдан бери олий лигада ўйнай бошлаган “Қурувчи”га 2008 йилда “Бунёдкор” номи берилди.

“Бунёдкор” жамоаси энг яхши ўйин кўрсатиб, юқори натижаларга эришган давр клубга собиқ “Зеромакс” ширкати ҳомийлик қилган пайтга тўғри келади.

Ўшанда “Бунёдкор” клуби дунёдаги энг қиммат тренерни ёллагани билан танилди. 2009 йилда бразилиялик машҳур мураббий Луис Филипе Сколари билан тузилган шартномага кўра, йилига 25 миллион АҚШ доллари миқдорида маош тўланди. Бундан ташқари жамоа сафида Ривалдо, Денилсон, Жоао Виктор, Луиазо, Стевица Ристич каби жаҳон футбол юлдузлари тўп сурган. Уларнинг контрактлари ҳам миллионлаб АҚШ долларини ташкил қилгани айтилади.

Бироқ “Зеромакс” ширкати 2010 йилда синиши ортидан номдор тренер ва футболчилар “Бунёдкор”ни тарк этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG