Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:19

Би-Би-Си мухбири Гулнора билан твит-суҳбатини очиқлади


Таниқли журналист, Би-Би-Сининг Марказий Осиё бўйича собиқ мухбири Наталья Антелава Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан Twitter микроблог тармоғида яқинда қилган ёзишмаларини очиқлади.


"The New Yorker" журналида эълон қилинган "Диктаторнинг қизи: Гулнорадан твитлар" деб сарлавҳаланган мақоласида Наталья Антелава Twitter тармоғидаги Гулнора Каримованинг ёзишмалари Ўзбекистон каби журналистлар учун ёпиқ давлатга назар ташлаш учун дарча очганини таъкидлайди.

Наталья Антелава Ўзбекистон президентининг қизи билан твит-мулоқот чоғи журналист сифатида Ўзбекистондан туриб ишлагани ва у ердан ўтган йили нима учун депортация қилингани сабабларини сўраган.

"Ўтган ой Гулнора Каримова Twtiterда Бўхронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Штролэйн билан суҳбатлашаётганини кўриб, мен ҳам шу мулоқотга қўшилган эдим. Мен ундан ўтган йили Тошкентдан нима сабабдан депортация қилинганим сабабларини сўраганимда, тезда жавоб ёзди ва Twitterда берилган имкон доирасида қисқа ёзишма бошланиб кетди",- деб ёзади Антелава ўз мақоласида.

Ўтган йили 1 март куни Олмаота шаҳридан Тошкентга учиб келган Наталья Антелава Ўзбекистон халқаро аэропорти чегара хизмати ходимлари томонидан ҳеч бир тушунтириш ва мантиқли изоҳсиз ортга қайтарилган эди.

Гулнора Каримова журналист билан суҳбат чоғида ундан электрон почтаси адресини беришни сўраган ва депортация қилиниши сабабларини текшириб кўришини ваъда қилган.

Журналист тафсилотлар билан Каримовага электрон почта орқали мактуб жўнатганидан сўнг ундан “ёлғончи”, деган айбловлар битилган жавоб хатлари ола бошлаган.

Шунингдек, мулоқот чоғида Гулнора Каримова "Менга нисбатан диктаторнинг қизи, деган аҳмоқона каримани ишлатманг, менинг ҳам сизга ўхшаб исмим бор, Наталья!" деган сўзларни ҳам Twitterда ёзиб қолдирган.

Ўтган йил аёлларнинг мажбуран бичилаётгани билан боғлиқ масаласини ўрганиш учун Ўзбекистонга йўл олган, лекин Тошкент аэропортидан ортга қайтарилган журналист Гулнора Каримова билан твит-мулоқоти чоғида мазкур муаммо, яъни Ўзбекистонда аёлларнинг мажбурий стирилизация қилиниши масаласини ҳам кўтарган ва ундан "мен соғлиқни сақлаш вазири эмасман", деган жавобни олган.

Шунингдек, Наталья Антелава 2008 йили Ўзбекистонлик бир ишбилармон билан суҳбатлашгани ва унинг Гулнора Каримова томонидан бизнеси олиб қўйилгани тўғрисидаги ҳикоясини ҳам тилга олган. Twitter суҳбатида Гулнора Каримова буни "қип-қизил ёлғон", деб атаган.

Ўтган ой Гулнора Каримова Бўхронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи матбуот бўлими раҳбари Эндрю Штролайн билан ҳам мулоқотга киришган эди.

Ўша мулоқот чоғида Штролайн Каримова хонимни Ўзбекистон қамоқхоналарида махбуслар қийноққа тутилиши ҳоллари ва мажбурий болалар меҳнатини тўхтатиш ва қоралашга чақирди.

Гулнора Каримова эса, қийноқ ҳолларининг ҳар бирини ўрганиб чиқиш учун унга ҳужжатлар юборилишини сўраган.

Эндрю Штролайн кейинчалик барча ҳужжатларни юборгани, лекин қўйилган саволларга Каримовадан жавоб олмаганини маълум қилди.

Бўхронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакилининг айтишича, Каримова қийноқлар ҳақидаги ёзган мактубига жавоб қайтарган, лекин саволларга жавоб бермаган.

- Каримова ўзини мулоқот учун очиқ одамдек қилиб кўрсатади. Лекин, у биз юборган саволларга Twetterда жавоб қайтаргани йўқ. Қамоқхонадаги қийноқлар, сиёсий эркинликлар бўғилаётгани, мажбурий болалар меҳнати бўйича саволларимизга жавоб бермади. Андижондаги қирғин, чет эл ноҳукумат ташкилотлари ҳамда хорижлик журналистларнинг мамлакатдан ҳайдалиши юзасидан берган саволларимизга ҳам жавоб олмадик,- деган эди Штролайн Озодликка ўтган ойда.

Кеийнги пайтларда Гулнора Каримова Ўзбекистон ижтимоий ва сиёсий майдонида, жумладан Интернетдаги социал тармоқларда ҳам фаоллашиб қолди.

Бу ҳол эса Ўзбекистонда Каримова хонимнинг президент отасига ворис бўлишга тайёрланмоқда, деган фикрларга туртки бўлди.
XS
SM
MD
LG