Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:21

Тошкентда Қорбобо ғафлатда қолган уй эгаларини тунади


Рухсатсиз доривор гиёҳ йиққан тадбиркор 4 йилга қамалди. Озиқ-овқат таркибидаги зарарли кимёвий қўшимчалар эълон қилинди. Нафақахўрнинг ҳужжатлари изсиз йўқолди. Янги йилнинг илк ҳафтасида маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.


“Хўжалик суди айбдорнинг қочишига йўл қўйиб берди”

Тошкент шаҳридаги уй-жой мулкдорлари ширкатининг хўжалик судига берган аризаси асоссиз равишда рад этилди (“Новый век”, 3 январ). Номи суд қонунчилиги талаби билан ошкор этилмаган уй-жой мулкдорлари ширкати кўп қаватли уй томини сифатсиз таъмирлаган компания устидан Тошкент шаҳар хўжалик судига 2012 йил 7 декабр куни мурожаат қилган. Орадан 10 кун ўтгач, даъвогар ширкатга хўжалик суди судяси М.Остонов имзоси билан давлат божи тўланмагани ва даъвони тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли иш кўрилмаслиги ҳақида жавоб келган. Газетада қайд этилишича, аслида давлат божи аввалдан тўланган, керакли ҳужжатлар ҳам илова қилинган. Шу тариқа ишни кўриш ва даъвогарга жавоб йўллаш чўзилгани сабабли жавобгар чет элга қочиб қолган. “Одамлар судга кўнгилхушлик учун мурожаат қилмайди, улар маҳкамага адолат истаб боради. Барчага бирдек холис ва адолатли муносабатда бўлиши зарур бўлган идорадан ўз муаммосига жиддий муносабат кутади. Аммо амалда ҳар доим ҳам умидлар оқланмаётир” деб ёзади муаллиф К.Мусаев.

“2000 дан ошиқ қўшма корхона ҳуқуқи бузилгани аниқланди”

2012 йил давомида чет эл сармояси иштирокида очилган 2000 дан зиёд корхонада назорат органлари томонидан текширув ўтказиш, шартнома мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ қонунбузарликлар аниқланган. Адлия вазирлиги расмийси Х.Каримовнинг “Куч адолатда” газетасига маълум қилишича, “Ўзбиокомбинат” қўшма корхонасига импорт қилинган технологик жиҳозларга оид божхона имтиёзи қўлланилмаган. Корхона раҳбарияти мурожаати божхона томонидан рад этилган. Суд қарори билан 259,9 миллион сўм ортиқча ундирилган бож тўлови корхонага қайтарилган. “Тўрақўрғон ширинлик агро” қўшма корхонасидан эса солиқ инспекцияси томонидан 171,7 миллион сўм ортиқча тўлов ундирилган. Қайд этилишича, асоссиз солиқ корхонага қайтарилган.

“Қорбобо ва Қорқизнинг лицензияси борми?”

Тошкентда байрам кунлари Қорбобо ва Қорқиз томонидан уйларни тунаш ҳолатлари рўй берган (“Ўзбекистон овози”, 1 январ). Қорбобо кўнгилочар дастурлари билан ширакайф уй эгаларини чалғитаётганда, Қорқиз бошқа хоналарга мўралаб, қимматбаҳо буюмларни ўғирлаган. Шу муносабат билан Миробод тумани ички ишлар бошқармаси вакили, майор Самариддин Зайниддинов Қорбобо ва Қорқизни уйга қўйишдан олдин лицензияси борлигини аниқлашни маслаҳат беради. Милиция вакилига кўра, чақирилмаган Қорбобо ва Қорқизни уйга қўймаслик керак.

“Унни қимматга сотиш тақиқланади”

Аҳоли учун асосий истеъмол маҳсулотлари рўйхатига киритилган унни давлат томонидан ўрнатилган нархдан қимматга сотиш ман этилади (“Истеъмолчи”, 3 январ). Айни пайтда олий навли буғдой уни учун – 1200, биринчи навлиси учун – 860, иккинчи навлиси учун – 800, “Ўзбекистон” навли буғдой уни учун эса 810 сўм нарх белгиланган. Эслатмага кўра, бензин (АI-80 – 1645, АI-91 – 1810, АI-95 – 1995), табиий газ (1 метр куб – 122,85 сўм) ва электр энергияси (104,4 сўм) ҳам ўрнатилган баҳодан ошиққа пулланиши мумкин эмас.

“Саломатлик учун зарарли моддалар рўйхати эълон қилинди”

Озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида саломатлик учун зарарли кимёвий қўшимчалар кўпайиб бормоқда (“Даракчи”, 3 январ). Одатда, кимёвий қўшимчалар маҳсулот қадоғида “Е” халқаро тамғаси билан кўрсатилади. Газета ўрганишларига кўра, Е121 кимёвий қўшимчаси саратонга чалиниш хавфини оширади, Е123, Е124, Е127, Е128 аллергик таъсирланишни кучайтиради, Е240, Е221 кўриш қобилиятига салбий таъсир қилади, Е127 қалқонсимон без фаолиятининг бузилишига олиб келади, Е220, Е171-173, Е 302, Е 510, Е518 буйрак ва жигар касалликларини келтириб чиқаради, Е220-226 ошқозон-ичак касалликларини юзага келтиради. “Cўнгги пайтларда маҳсулот таркибига қўшилган Е қўшимчалар ҳақида тўлиқ маълумот бермасдан ёки ёддан чиқариш ҳоллари кўп учраётгани сабаб, маҳсулот қадоғида инглиз тилида берилган маълумотлар билан танишиб чиқиш лозим. Инглиз тилида берилган маълумотлар ўзбек ёки рус тилида берилган маълумотларга қараганда тўлиқ бўлади” деб ёзади нашр.

“Нафақахўрнинг ҳужжатлари изсиз йўқолди”

Чилонзор тумани ижтимоий таъминот бўлими ходими Б.Абдувалиеванинг айби билан фуқаро В.Қўзиевнинг нафақа ҳужжатлари изсиз йўқолган. “Истеъмолчи” нашрининг билдиришича, бундан ташқари, пенсионернинг 33 йиллик иш стажи 22 йилга камайтириб ҳисобланган. Натижада, нафақахўрга моддий зарар етказилган. Қайта ҳисоб-китоблардан кейин 2009 йилнинг 23 июлидан 2013 йилнинг 1 январига қадар Қўзиевга қўшимча 8,4 миллион сўм тўланиши кераклиги аниқланган. “Шундай қилиб фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, ҳақиқат қарор топди. Аммо кишини бир нарса ўйлантиради: давлат идорасида маош олиб ишлаётган, тегишли маълумотга ва муйян иш тажрибасига эга бўлган ходимлар ўз хизмат вазифасига нега виждонан ёндашмади?” дея савол қўяди Тошкент шаҳар прокуратураси расмийси Пўлат Назаров.

“Ўқитувчилар учун устама камайтирилди”

2013 йилнинг 1 январидан умумтаълим муассасалари ўқитувчиларининг иш ҳақига синф раҳбарлиги ва дафтарларни текшириш учун белгиланган қўшимча ҳақ камайтирилди (“Адолат кўзгуси”, 3 январ). 15 нафаргача ўқувчи таълим оладиган синфда дафтарларни текшириш учун қўшимча ҳақ энг кам иш ҳақининг 50 фоизи, 20 нафаргача ўқувчи таълим оладиган синфда – 60 фоизи, 25 нафаргача ўқувчи таълим оладиган синфда – 70 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ берилади. 31 нафардан ортиқ ўқувчи таълим оладиган синфда эса ўқитувчига энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ ёзилади.

“Ширинмия аччиқ оқибат келтирди”

“Усмон ҳожи – Ҳасанбой” корхонаси раҳбари Абдужалил Душаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 202-моддасида айбдор деб топилди. “Адолат кўзгуси” нашрига кўра, Душаев Сирдарё ва Сайхунобод туманлари ҳудудидан 6,4 тонна ширинмия доривор ўсимлигини илдизи билан ковлаб олиб кетаётганда Давлат бионазорат инспекцияси ходимлари томонидан ушланган. Махсус рухсатномасиз доривор ўсимликни йиғиш оқибатида ўсимлик дунёсига етказилган зарар 203,8 миллион сўм деб баҳоланган. Жиноят ишлари бўйича Сардоба тумани суди Душаевга 4 йил озодликдан маҳрум этиш ва етказилган зарарни Давбионазорат фойдасига ундириш жазосини тайинлаган.
XS
SM
MD
LG