Линклар

logo-print

Кремл Бишкекдаги “Манас” АҚШ ҳарбий транзит маркази ўрнига логистик марказ барпо этиш юзасидан Қирғизистон ҳукумати билан музокараларни бошлади. Ҳозирча бу борада аниқ келишувга эришилгани йўқ. Қирғизистонлик айрим сиёсатчилар расмий Бишкек геосиёсатга таъсир қилувчи иншоотларни барпо этишда Россияга кўпроқ таянаётганини танқид қилишмоқда.

Қирғизистон Транспорт ва алоқа вазирлигининг маълум қилишича, Бишкекдаги АҚШ ҳарбий транзит маркази келажаги тўғрисидаги масала юзасидан музокаралар янги йил арафасида бўлиб ўтган. Бишкекка келган Россия делегацияси Қирғизистонга АҚШ транзит маркази ўрнида логистик марказ ташкил этишни таклиф қилган.

- Россия логистик марказ барпо этишга ёрдам бериш ташаббуси билан чиққан эди. Музокараларда мана шу масала муҳокама қилинди. Музокаралар яна давом эттирилади. Биз Россия томонига “Манас” аэропортига тегишли ҳужжатларни топширишни келишиб олдик, - деди Қирғизистон транспорт ва алоқа вазирлиги расмийси Акилбек Жумабоев.

Расмийнинг айтишича, Россия таклиф қилаётган логистик марказ АҚШ ҳарбийлари Бишкекдан чиқарилганидан сўнг иш бошлайдими ёки бир вақтнинг ўзида фаолият юритадими деган савол ҳам очиқлигича қолмоқда.

Президент Алмазбек Атамбаев 2014 йилда Бишкекдаги АҚШ ҳарбийлари мамлакатдан чиқарилишини бир неча марта айтган эди. Ўтган йилнинг 11 декбарида Германияга борган Атамбаев канцлер Ангела Меркел билан учрашуви чоғида ҳам бу фикрида собит эканини билдирган.

- Биз 2014 йилдан сўнг ҳам юк ташиш ишларига кўмаклашишга тайёрмиз. Бироқ “Манас” аэропортида ҳарбий база бўлмайди. 2014 йилнинг июнигача АҚШ базаси ёпилади. Унинг ўрнига биз транспорт маркази қуришни режалаяпмиз. Бу марказни қуришга барча манфаатдор томонларни таклиф қиламиз. Бу Россия, АҚШ ёки Германия бўлиши мумкин, - деб билдирган эди Алмазбек Атамбаев Германия канцлери билан учрашуви чоғида.

Бироқ қирғизистонлик айрим сиёсатчилар расмий Бишкек бу каби геосиёсатга таъсир қилувчи иншоотларни барпо этишда фақат бир давлат – Россияга кўпроқ таянаётганини танқид қилишмоқда.

- Америка базасини чиқармасдан турсак яхши бўлар эди. 2014 йилдан сўнг Афғонистондаги вазият қандай бўлиши номаълум. Иккинчидан, Россия деб бўлиб айтмай қўя қолай-да, стратегик масалада бир давлатга-Европа ёки АҚШга ёпишиб олиш тўғри эмас. Бугунги кунда биз Россияга монопол ҳуқуқларни топшириб юбордик. “Қирғизгазни” Россияга ўтказиб бердик. Россия ГЭС қурамиз деб сув назоратини ҳам ўз қўлига олди. Бу хавфли жараён, - деди парламент депутати Ўмурбек Абдрахманов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG