Линклар

logo-print

Саратон касаллиги билан олишаётган Венесуэла президенти Уго Чавес 10 январга мўлжалланган қасамёд маросимида қатнаша олмаса ҳам президентлик мақомини сақлаб қолади. Бу ҳақда Венесуэла вице-президенти Николас Мадуро маълум қилди.

Мухолифат агар Чавес касаллиги туфайли қасамёд маросимида қатнаша олмаса вақтинчалик президентликни парламент спикерига топширишни талаб қилаётган эди. Мадуро мухолифатнинг бу талабини рад этди ва мамлакат Конституциясига кўра, агар президент соғлиги туфайли қасамёд маросимида қатнаша олмаса ҳам унинг мақоми сақланиб қолиниши мумкинлигини айтди.

Саратондан азият чекаётган Чавес 11 декабрда Кубада тўртинчи жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган ва ўпкасига инфекция ана шу жарроҳлик ортидан тушгани айтилади.

58 ёшли Президент Ҳаванадаги амалиёт ортидан оммавий чиқиш қилмаган ва бу эса, унинг саломатлиги борасидаги миш-мишлар янада авж олишига сабаб бўлган.

Социализм ғоялари тарафдори ва АҚШга қарши танқидий фикрлари билан танилган Уго Чавес нефтга бой Венесуэлани 14 йилдан буён бошқариб келади.

Ўтган йил октябр ойида 58 ёшли Чавес яна олти йилга президент қилиб сайланган, саратон касаллигига чалинганига қарамай сайлов кампанияси давомида у ўзининг тўлиқ соғайиб кетганини айтган эди.

15 ноябрдан буён оммага кўриниш бермаган Чавеснинг саратон касаллигидан тўлиқ халос бўлмагани ва у яна Кубадаги касалхонага ётқизилгани маълум бўлди.

2011 йилдан буён у Кубада тўртинчи жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Уго Чавес сўнгги бор телевидение орқали халқига қилган мурожаатида биринчи марта ўз вориси ҳақида сўз очган эди.

Чавес соғлиги туфайли давлатни бошқаролмай қолса, мамлакат вице президенти ва Ташқи ишлар вазири Николас Мадурони ўз давомчиси сифатида кўришини айтганди.
XS
SM
MD
LG