Линклар

logo-print
Сурия Президенти мамлакат халқига мурожаат қилди. Башар Ал-Ассад "азоб-уқубатни бошидан кечираётган Сурия"да тинчликни қайта тиклашга қаратилган янги ташаббусини очиқлади.

Сурия Президенти Башар Ал-Ассад якшанба куни халққа мурожаат қилди.

Охирги марта ноябр ойида оммага кўриниш берган президент Ал-Ассадни Дамашқдаги опера театри биносида тарафдорлари олқишлар билан кутиб олдилар.

Башар Ал-Ассад “Сурия азоб-уқубатни бошидан кечираётгани”ни айтди:

- Бугун мен Сизнинг ва ватаним фарзандларининг юзларига қараяпман. Уларнинг юзлари ғамгин. Мен Сурия болалари кўзларида беғубор табассум ва кулгуни кўрмадим. Мен улар қўғирчоқлар ўйнаётганини кўрмадим. Мен кексалар қўлларини ушладим. Улар ўз ўғиллари, қизлари ёки набиралари ҳаққига дуо қилмоқдалар.

Сурия президенти халққа мурожаатида уруш вайрон қилган мамлакатда тинчликни қайта тиклашга қаратилган янги ташаббусини очиқлади.

Ал-Ассад нутқи давомида миллий ярашиш бўйича анжуман ўтказиш ва янги конституция тузишни таклиф қилди.

Сурия президенти, унинг таъбири билан айтганда, мухолифат деб аталаётган “қўғирчоқлар” билан музокара олиб боришдан бош тортди.

Президент Ал-Ассад ўз ташаббуси Ғарб ва минтақа давлатлари “қонхўр жиноятчилар”ни молиялаштиришни тўхтатган тақдирда амалга ошиши мумкинлигини таъкидлади.

Ал-Ассаднинг халққа мурожаати Дамашқ яқинида ҳукумат кучлари билан президент истеъфосини талаб қилаётган исёнчи гуруҳлар ўртасида шиддатли жанглар давом этаётган пайтга тўғри келди.

Ундан олдин минтақадаги айрим ахборот агентликлари президент Ал-Ассад ўз нутқида Сурия можаросига “ечим”ни таклиф қилишини ва у БМТнинг “ўт очишни тўхтатиш” келишувига риоя қилинишини назорат этишни ҳам ўз ичига олишини билдирган эди.

Ал-Ассаднинг истеъфосини талаб қилиб келаётган мухолифат унинг ташаббусини инкор қилиши айтилмоқда.

Мухолифатдаги Миллий коалиция матбуот котиби Валид Бунни Ал-Ассаднинг нутқи БМТ-Араб Лигаси махсус вакили Лахдар Браҳимийнинг Сурияда тинчлик ўрнатиш йўлидаги дипломатик уринишини йўққа чиқаришга қаратилганини айтди.

Брюсселда Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштоннинг матбуот вакили Европа Иттифоқи сиёсий ўтиш даврига йўл очиш учун Ал-Ассаднинг истеъфога чиқиши ҳақидаги талабни ўзгартирмаслигини айтди.

Британия Ташқи ишлар вазири Виллиам Ҳейг ўзининг Твиттердаги саҳифасида Сурия президентининг нутқини “иккиюзламачилик” деб атади.

Айни пайтда, Суриядан уюштирилиши эҳтимоли бўлган ҳужумларни қайтариш мақсадида НАТО Туркия ҳудудига “Патриот” ракета тизимини жойлаштира бошлади.

Эрон Сурия режимини қўллаб-қувватлашни давом эттириши борасида музокара олиб бориш мақсадада Сурия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Файсал Ал-Мақдад шанба куни Теҳронга борди.

Эроннинг Форс ахборот агентлиги Ал-Мақдад президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ва ҳукуматнинг бошқа раҳбарлари билан учрашишини хабар қилди.

Эрон Ташқи ишлар вазири Али Акбар Солеҳий 9 январ куни Миср Президенти Муҳаммад Мурсий ва Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Камол Амр билан Сурия масаласини муҳокама қилишни режалаган.

БМТ тахминига кўра, 2011 йил март ойида президент Башар Ал-Ассад режимига қарши оммавий исёнлар бошланганидан бери Сурияда 60 мингдан ортиқ одам нобуд бўлган.
XS
SM
MD
LG