Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:05

Ўзбек чегарачилари отган ўшлик Каримов дафн қилинди


Ўзбекистон ҳудудида чегарачилар томонидан отилган қирғизистонлик фуқаро кеча тупроққа берилди.


Мақтулнинг Қорасув туманига қарашли Суратош қишлоғида яшаган Зайнобиддин Каримов экани айтилмоқда.

Тирикчилик важидан қўшни мамлакатга юк ўтказиш билан шуғулланиб юрган Зайнобиддин 4 январ куни ўзбек чегарачилари отган ўқдан ҳалок бўлган ҳамда жума оқшомида яқинларига топширилганди.

Оилали ва бир фарзанднинг отаси бўлган Зайнобиддин Каримов, Қизилқишлоқ қишлоқ ҳукумати раҳбари Шаробиддин Ғаффоровнинг айтишига қараганда, 27 ёшда бўлган.

- Исми Каримов Зайнобиддин. 1985 йилда туғилган, 27 ёшдаги бола экан. Эшитишимизга қараганда, Зайнобиддин Ўзбекистон ҳудудига ўтган пайтда чегарачилар бир-икки марта осмонга огоҳлантирувчи ўқ отган экан. Шунга қарамай, қочишга турганда болани отиб ташлашган, - дейди Қизилқишлоқ қишлоқ ҳукумати раҳбари.

Ўзбек чегарачиларининг иддаосича, Зайнобиддин контрабанда юкини олиб ўтиш мақсадида давлат чегарасидан ноқонуний равишда ўтган.

Қирғизистон Давлат Чегара хизмати тарқатган маълумотга кўра, Ўзбекистон расмийлари қирғизистонлик Зайнобиддин Каримов жасадини унинг яқинларига топшириш чоғида улардан ўзбек чегарачиларига эътироз йўқлиги ҳақида тилхат олган.

Бу ўзбек чегарачилари томонидан қуролсиз қирғизистонликларга нисбатан биринчи марта ўқотар қурол қўлланилиши эмаслигини таъкидлаган Қирғизистон Давлат Чегара хизмати ҳозирда мазкур нохуш ҳодиса юзасидан Ўзбекистон томони билан биргаликда текширув олиб бориш учун чоралар кўрилаётганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилнинг 6 сентябр куни Ўш вилоятининг Аравон туманида истиқомат қилган Тўқўман Ақматалиев ўзбек-қирғиз чегарасида ўққа учган эди. 2011 йилнинг 27 май куни эса Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистоннинг Чўн Бағиш қишлоғида яшовчи Позилжон Жалоловни чегарани бузиб ўтгани учун ўққа тутган ва у олинган жароҳатлардан Андижон вилоятининг Пахтаобод туман касалхонасида вафот этганди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара чизиғи бир ярим минг километрни ташкил қилади. Бу ҳудуднинг 300 километри баҳсли бўлиб ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG