Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:10

"Озодбек Назарбеков халқнинг жонли ижрога муносабатидан қониқмади"


Қатор интернет нашрларида Ўзбекистон Халқ артистининг ТВ-Марказдаги "Очиқ-ойдин" кўрсатувида концертга йиғилган халқнинг жонли ижрою, хонандага муносабати ҳақидаги танқидий чиқишлари баҳс-мунозаларга сабаб бўлмоқда.

Аввалига, Kun.uz нашри ТВ-Марказда бериладиган "Очиқ-ойдин" кўрсатувининг Янги йил байрамига ҳозирланган сонида Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг жонли ижрога билдирган муносабатига эътибор қаратди.

"Хонанда Озодбек Назарбековнинг сўзларига кўра, "тингловчилар жонли ижро билан фонограмманинг фарқига боришмайди". Жон бериб куйлаётган қўшиқчи "қарсакни ҳам сўраб олиши", Назарбековнинг фикрича, кўп ҳам тўғри эмас. Унинг фикрича, тўй меҳмонларини хонанданинг қўшиғи эмас (Назарбековнинг айтишича, тўй меҳмонлари хонанда "жонли ёки фонограммада куйлаётгани ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди"), балки дастурхонга қўйилган таомлар кўпроқ қизиқтиради", дея ёзди Kun.uz нашри.

6 анвар куни эса Ўзбекистон шоу-бизнеси ҳаётига оид эксклюзив хабарларни бериб келаётган Sayyod.com сайти ҳам халқ артистининг жонли ижро ҳақида телевидение орқали берган баёнотини кескин танқид қилди.

Бунга қадар 3 январ куни Shov-shuv.Uz нашрида ҳам Озодбек Назарбековнинг ўз мухлисларига нисбатан қўпол муносабати ҳақидаги хабар чоп этилган эди.

Интернет нашрининг ёзишича, хонанда 2012 йил 28 декабр куни Самарқанддаги ресторанлардан бирида берган 500 кишилик концертида ҳам томошабинларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган.

Жумладан, хонанданинг овқатланиб ўтирган томошабинлардан бирининг ёнига бориб, ўша вақтда қайси қўшиқни куйлаётганини сўрагани, томошабиннинг овқат билан бўлиб, бундан бехабар қолганидан норози бўлгани ҳақида ёзилди.

Shov-shuv.Uz нашрига бу ҳақда хабар қилган мухлислар ресторанга куйлагани келган хонанданинг овқат еяётган томошабинни изза қилишидан норози бўлганини айтишган.

Аммо, бу мақолага Озодбек Назарбеков жавоб берди ва 5 январ куни Shov-shuv.uz нашрида хонанда билан интервю ҳам чоп этилди.

Ушбу интервюда Озодбек Назарбеков Самарқанддаги ресторанда томошабинларни танқид қилиб айтган гапларини тан олган ва уларни "қўполлик", деб ҳисобламаслигини билдирган.

Республика бўйлаб оддий ўзбекистонликларнинг энг катта муаммосига айланган совуқ, хонанданинг сўзларига кўра, самарқандлик мухлислари орасида пайдо бўлган тушунмовчиликнинг асл сабабидир.

"Авваламбор, ўша куни ТВда мени суратга олишлариларидан умуман бехабар эдим. Розилик-ку майли, яна совуқ ҳавода енгил кийимда сипо бўлиб қўшиқ куйлаш шарти қўйилди... Хуллас, амаллаб, совуқни енгиб, костюмда чиқиб, битта қўшиқ айтдим. Навбатда яна тўртта концерт бор. Таваккалчилик қилиб бўлмайди. Халқдан узр сўраб, пальто кийдим. ТВ ходимлари норозилик қилаверди", деган ўз интервюсида Самарқанд сафарини батафсил изоҳлаган хонанда.

Шунингдек, Назарбеков ресторанда берилган концерт вақтида овқатланиб ўтирган томошабинни изза қилгани ҳақидаги даъволарни ҳам инкор қилган.

"Куйлаётган қўшиғим ҳақида шунчаки сўрадим. Овқатланаётган одамнинг олдига бориб, ҳеч кимни изза қилганим йўқ лекин... Тўйда маст ҳолатдаги одамларнинг қўполлигини санаб ўтирсам, бу ҳам кулгули... Қўшиқ куйлаётган хонандага ёпишиб, ҳарёққа тортқилаб, беҳурматлик билан суратга тушишларини шунчаки оқлашса, тўғри деб қабул қилишса, маданиятимиз япроқларини кесаётган золимга айланмаймизми?" дея фикр билдирган Shov-shuv.uz нашрига интервю берган Озодбек Назарбеков.

Ўзбекистонда хонандаларнинг катта санъат саройлари, ресторанлар ва тўйлардаги чиқишларида томошабинга нисбатан баъзан қўпол муносабатда бўлиши ёки қўшиқни жонли ижро этмаслиги ҳақидаги танқидий чиқишлар янгилик эмас.

Shov-shuv.uz, Sayyod.com каби шоу-бизнес оламидан хабар берувчи нашрларда бундай янгиликлар бот-бот пайдо бўлади.

Бундаги фарқли бир жиҳат шундаки, Озодбек Назарбеков нафақат Ўзбекистон ва унга қўшни давлатларда танилган халқ артисти, балки Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб берувчи "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси мулозими ҳамдир.

2011 йилдан Ўзбек рэп қўшиқчилари ижодини назорат қилувчи махсус кенгаш тузилган, Озодбек Назарбеков эса “Ўзбекнаво”нинг репперларга тавсиялар берувчи вакили этиб тайинланган эди.

Озодлик мухбири юқори мартабали хонанданинг ТВ-Марказ телеканалида "халқнинг жонли ижро фарқига бормаслиги" ҳақида қилган чиқишига изоҳ сўраб, Озодбек Назарбеков билан боғланишга уринди.

Хонанданинг продюссери айни кунларда Назарбековнинг даволанаётганини айтиб, у кишидан ҳозир интервю олиш имконсизлигини билдирди.

Шунингдек, продюссер халқ артистининг ТВ-Марказ орқали қилган чиқиши ортидан туғилган баҳсдан хабари борлиги, аммо кўрсатувни ҳали кўра олмаганини қўшимча қилди.

Хусусан, Назарбековнинг жонли ижро ҳақида кўрсатувда айтган фикрларидан ҳам бехабарлигини айтган продюссер бу борадаги саволларга кейинроқ хонанданинг ўзидан жавоб олиш мумкинлигини билдирди.

Қўшимча қилиш керак, Озодбек Назарбеков Озодлик радиосининг бунга қадар қилган бир неча мурожаатини жавобсиз қолдирган эди.

Озодлик бу гал ҳам продюссер ваъдасига мувофиқ кейинроқ хонанда билан боғланишга ва бу борада юқори мартабали хонанданинг ўзи билан суҳбатлашишга уринади.
XS
SM
MD
LG