Линклар

Башар ал-Ассад нутқи дунё сиёсатчилари танқидига учради


Сурия президенти Башар ал-Ассад.

Сурия президенти Башар ал-Ассад.

Дунёдаги кўплаб сиёсатчилар Сурия президенти Башар ал-Ассаднинг якшанба куни сўзлаган нутқини танқид қилмоқда.

Кеча Дамашқда сўзлаган ал-Ассад Суриядаги зиддиятни тинч йўл билан бартараф қилишга оид янги режани таклиф қилган, айни пайтда у ўз мухолифларини «Ғарбнинг қўғирчоқлари», деб атаганди.

Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Довудўғли Башар ал-Ассад аввал ҳам бир неча бор берган «қуруқ ваъдалар»ни такрорлашдан нарига ўтмади, деган фикрда.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича олий вакили Кэтрин Эштон Европа Иттифоқи Сурияда ҳокимият топширилиши учун ал-Ассад истеъфосини талаб қилишда давом этишини билдирди. Британия ташқи ишлар вазири Вилям Ҳейг эса ал-Ассад ташаббусини «иккиюзламачилик», дея баҳолади.

Башар ал-Ассад кеча ирод этган нутқида Сурия элини миллий яраш анжуманини ўтказиш ва янги конституция лойиҳасини ишлаб чиқишга чақирганди. У мамлакатдаги зиддиятни бартараф қилиш учун ўзи «Ал-Қоида террорчилари» деб атаган исёнчиларнинг ташқаридан туриб молиялаштирилишига чек қўйиш лозимлигини билдирди.

Суриялик мухолифатчилар президент томонидан таклиф қилинган режа мамлакатни бўҳрондан чиқиш бўйича сўнгги имкониятдан ҳам маҳрум қилажагини билдирдилар.
XS
SM
MD
LG