Линклар

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) душанба куни чиқарган баёнотида Қирғизистон жанубидаги Боткен вилоятида жойлашган Ўзбекистоннинг Сўх туманидаги бўҳрон учун Қирғизистон чегарачиларини айблади.

Баёнотда қирғизистонлик чегарачиларнинг "Чорбоғ" заставасига электр ўтказиш учун симёғочлар ўрнатаётганидан норози бўлган маҳаллий аҳолига якшанба куни қирғиз чегарачилари ўт очгани таъкидланган.

Воқеада Ўзбекистоннинг беш фуқароси яраланган.

Бироқ қирғиз расмийлари маҳаллий аҳоли чегарачиларга ҳужум қилгани ва қирққа яқин Қирғизистон фуқароси гаровга олганини айтган.

Қирғизистон парламентининг Хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича қўмитаси раиси Токон Мамитов Озодликнинг Қирғиз хизматига гаровда қолганларни озод қилиш учун музокаралар олиб борилаётганини айтди.

- Ҳозирда Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ҳокими, вилоят милицияси бошлиғи, Фарғона вилояти чегара хизмати бошлиғи Сўхга келди. Сизга маъумки, у ерда Қирғизистоннинг 20 фуқароси гаровда қолмоқда. Одамларимизни озод қилиш учун маҳаллий ўзбеклар билан музокаралар давом этмоқда, деди Токон Мамитов.

Душанба куни Боткен вилояти прокуратураси Сўх аҳолисига қарши Қирғизистон фуқароларини ноқонуний ушлаб турганлик, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органи аъзоларига ҳужум қилганлик ва мулкка зарар етказганлик бўйича жиноий иш очишни ўрганаётганини билдирди.

Душанба куни эрталаб 14 киши, жумладан, аёллар ва болалар гаровдан озод қилинган.

Озодликнинг қирғиз хизмати маълумотига кўра, йигирмадан ортиқ Қирғизистон фуқароси Ўзбекистон МХХси Сўх туман бўлимида ҳибсда қолмоқда.

Ўзбекистонга қарашли Сўх анклавида асосан этник тожиклар истиқомат қилади.
XS
SM
MD
LG