Линклар

ҲайдовчиДАН жаримани нақд пулда олиш тақиқланди


ДАН ходимлари энди фақат пиёдалардан нақд пулда жарима олишлари мумкин.

ДАН ходимлари энди фақат пиёдалардан нақд пулда жарима олишлари мумкин.

Жорий йилнинг 4 январидан кучга кирган янги қонунчилик меъёрига кўра, Ўзбекистонда ҳайдовчилар жарима пулини фақат кассага тўлайдиган бўлди.



Ўзбекистон “Маъмурий жавобгарлик ҳақидаги кодекс”идан йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларнинг нақд пулда жарима тўлашларига оид банди олиб ташланди.

Бу ўзгартиш ўтган йилнинг 29 декабрида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонундан келиб чиқиб амалга оширилди.

Давлат автомобил назорати (ДАН) Тошкент шаҳридаги бўлимларидан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходимига кўра, эндиликда милиция ходимларига қоидани бузган ҳайдовчилардан жаримани нақд пулда олиш тақиқланади.



“Шу пайтгача ДАН ходимлари воқеа жойида ҳайдовчилардан жаримани нақд пулда ундириш ҳуқуқига эга эди. Лекин қонунга киритилган янги ўзгартиришдан сўнг ДАН ходимлари умуман ҳайдовчилардан жаримани нақд пулда ундириши мумкин эмас”, деди ДАН ходими.

Шу кунга қадар йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳайдовчилар эътироз билдирмаса, бир ойлик энг кам иш ҳақидан кам бўлган жаримани нақд пулда инспекторга тўлашига рухсат берилган эди.

Ўзбекистонлик ҳайдовчилар йўл ҳаракати хавфсизлигини таминлаш соҳасидаги коррупция ҳолатлари айнан ДАН ходимлари томонидан жарима ундириш пайтида содир этилишини таъкидлайдилар.

Озодлик билан микрофонсиз гаплашган тошкентлик такси ҳайдовчиси Ўктам аканинг айтишича, ДАН ходимлари жарима квитанциясини тўлдирмаслик эвазига ҳайдовчилардан пул ундиришади.

Фарғона вилоятидаги ДАН бўлимида хизмат қилган ва ишдан ҳайдалган кичик сержант 30 ёшли Жаҳонгир Назаров ҳам ҳайдовчилардан айни шу ҳолатда пул “ишлаш”ларини тан олган эди.

Собиқ кичик сержант Назаровнинг айтишича, бу ҳолатдан соҳа мутасаддилари ҳам хабардор бўлиб, ДАН ходимларига ойлик маошлари ўрнига жарима ундириш учун квитанциялар берилган.

- Бизга ойига квитанция берилади. Дейлик битта квитанция 12 минг 450 сўм ëки мана ҳозир ойликлар ошди, ошган бўлиши керак жарима, квитанция беради ҳайдовчилар томонидан хавфсизлик камари тақилмаган тақдирда жойида жарима қилиш учун ëки техник носоз транспорт воситасини бошқарганда жойида жарима қилиш учун. Ана шуни бизга мажбуран беради. Биз жойида аниқлаб қоидабузарликларни, жарима қилиб пулини топширишимиз керакда. Пулни топшириш топширмаслик билан буларнинг иши йўқ. Масалан, ойлигим 700 минг бўлса, менга 600-700 минг сўмлик квитанцияни бериб қўяди. Бўлди. Ойлик шундай квитанциянинг пулига ўтиб кетаверади,- деган эди Озодлик билан ўтган йилнинг декабр ойи бошида суҳбатлашган Жаҳонгир Назаров.

Тошкентлик такси ҳайдовчиси Ўктам ака фикрича, янги ўзгартиш ДАН соҳасидаги коррупцияга умуман барҳам бермайди.

Янги тартибга мувофиқ Давлат автомобил назорати инспекторлари энди фақат пиёдалардан нақд пулда жарима олишлари мумкин.

XS
SM
MD
LG