Линклар

Жорий йилнинг 4 январидан бошлаб қонунга хилоф равишда Ўзбекистондан чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш учун жазо 5 йилдан 10 йилгача қилиб белгиланди.


Ўзбекистон Президенти ўтган йилнинг 29 декабр куни ноқонуний миграция учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартишларни маъқуллади.

Президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, "Жиноят кодекси"нинг 223-моддасига ўзгартишлар киритилди.

Эндиликда қонунга хилоф равишда Ўзбекистондан чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш учун 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилади.

"Жиноят кодекси"га киритилган ўзгартиш муаллифларидан бири, исмини ошкор қилмаётганимиз манбага кўра, аввал бу жазо 3 йилдан 5 йилгача бўлган.



"Жиноят Кодекси"нинг 223-моддаси яъни "Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш" моддасига кўра, белгиланган тартибни бузиб чет элга чиқиш, ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, ёхуд чегарадан ўтиш энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо белгиланган эди. Жарима миқдори ўзгармади. Лекин қамоқ муддати 10 йилгача узайтирилди", деди суҳбатдош.

Манбанинг айтишича, чиқиш визаси бўлмаган ёки чиқиш визаси муддати ўтган ҳолда чет элга чиққан фуқароларга нисбатан ҳам айни жазо қўлланилади.

"Агар Ўзбекистон фуқароси чиқиш визаси бўлмаган ҳолда Россияга борса-ю, у ердан Германияга ўтса, бу қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ҳисобланади. Чиқиш визасисиз хорижга чиққан фуқаролар Жиноят кодексининг 223-моддаси бўйича жазога тортилиб, 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади", деди суҳбатдош Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Унинг айтишича, эндиликда Жиноят кодексининг 223-моддасида кўзда тутилган жазо хорижга чиқиши учун махсус рухсат талаб этиладиган мансабдор шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Шунингдек, мазкур жазо Ўзбекистонга кириши чекланган хориж фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG