Линклар

Обама Пентагон ва МРБ раҳбарлари номзодларини эълон қилади


Жон Бреннан (ч) ва Чак Ҳэйгел.

Жон Бреннан (ч) ва Чак Ҳэйгел.

АҚШ Президенти Барак Обаманинг Республикачи собиқ сенатор Чак Ҳэйгелни Мудофаа вазири ва терроризмга қарши кураш масалалари бўйича президент маслаҳатчиси Жон Бреннанни Марказий разведка бошқармаси раҳбари лавозмига номзод этиб кўрсатиши кутилмоқда. Ҳейгелнинг номзоди Конгрессдаги Республикачилар норозилигига сабаб бўлмоқда.



Юқори лавозимли расмийларга таяниб, ахборот агентликларининг хабар қилишича, Обама Пентагон ва МРБ раҳбарлигига ўз номзодларини душанба куни эълон қилади.

Вьетнам уруши ветерани бўлган 66 яшар Чак Ҳэйгел Исроилни танқид қилгани ва Эрон билан мулоқот ўрнатиш уринишини қўллаб-қувватлагани билан танилган.

Конгрессдаги Республикачилар Обаманинг танловидан норози эканиликларини билдирган.

Бу Ҳэйгелнинг номзоди Сенатда тасдиқланиши қийин кечишини англатади.

АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта Барак Обама 20 январ куни иккинчи президентлик муддатини бошлаганидан кейин истеъфога чиқишини айтган.

Марказий разведка бошқармасида 25 йил хизмат қилган Жон Бреннан 2011 йилнинг май ойида Усама Бин Ладинни йўқ қилиш операциясини режалаштиришда муҳим рол ўйнаган.

Барак Обама 2008 йилда президент этиб сайланганидан кейин Бреннанни Марказий разведка бошқармаси директори лавозмига номзод этиб кўрсатган.

Бреннан президент Жорж Буш маъмурияти даврида амал қилган ва гумонланувчиларга нисбатан қийноқ қўлланилгани учун танқидга учрган, сўроқ қилиш тартиблари ўрнатилишига алоқаси бўлганига оид айбловлар ортида ўз номзодини қайтариб олган.

АҚШда вазирлар ёки Оқ Уй маъмуриятидаги юқори лавозимларга кўрсатилган барча номзодлар Сенат томонидан тасдиқланиши шарт.
XS
SM
MD
LG