Линклар

Мухолифат “ҳайд-парклар”га қарши


Москва ҳукуматининг "ҳайд-парк" ташаббуси мухолифат фаолларини "геттога ҳайдаш", дея баҳоланмоқда.

Москва ҳукуматининг "ҳайд-парк" ташаббуси мухолифат фаолларини "геттога ҳайдаш", дея баҳоланмоқда.

7 январ куни Москвада митинг ва норозилик намойишларни уюштириш учун махсус майдончалар жорий қилиниши тўғрисида қонун кучга кирди. Лондондаги Ҳайд паркка қиёсланаётган бу жойларда мухолиф қарашдаги фаолларнинг бемалол ҳукуматни танқид қилиши таклиф этиляпти.



Лондон марказидаги қироллик Ҳайд парки бутун нафақат у ерда уюштириладиган сайл ва байрамлари, энг аввало нотиқлар ва воизлар учун шаҳар ҳокимияти томонидан ташкиллаштирилган ва ҳар қандай фикр-ғояларни қўрқмасдан билдиришга мўлжалланган Speakers' Corner, яъни Нотиқлар бурчаги билан ҳам танишдир.

2011-12 йиллар давомида Россиянинг йирик шаҳарлари, хусусан Москвада мухолиф кучларнинг тинимсиз олиб борган норозилик намойишлари ва полиция билан бўлган жиддий тўқнашувлар Россия пойтахти мэрияси ва парламентини жамоатчилик акцияларини уюштириш учун махсус ҳудудларни ташкил этиш ғоясини илгари суришга ундади.



Москва шаҳар Минтақавий хавфсизлик департаменти бошлиғи Алексей Майоров Москва ҳайд-парклари яратилишини сиёсий кучлар фаоллигининг ошгани ва ўз сиёсий позициясини билдириш учун “эркин шароитлар яратилаётгани” тасдиғидир, деб билади.

- Эсланг, 60-70 йилларда одамлар ошхонада ўтириб баҳслашарди. Ҳозирги давр ёшлари ошхонада ўтиришни истамаяпти. Ўхшатиш учун узр-у, шунақа “кичкина ошхонани” ташқарида тузиш даври келди. Одамлар ошхонадан ташқарига чиқдилар,- дейди Алексей Майоров.

Бунинг учун пойтахтнинг Горький ва Сокольники паркларида “махсус ажратилган жойлар” яратилмоқда.

Эндиликда, оммавий митинг ва чиқишларни уюштириш учун мэриядан рухсат олишнинг ҳожати йўқ. Жаноб Майоров “махсус жойларда” жами 2 мингга яқин одамгина бирданига ўз фикрини билдиришга ҳақли эканлигини қўшимча қилди.

Бироқ бу парклар маъмуриятида Озодликка ҳозирча майдончаларни “тайёрлаш ишлари олиб борилаётгани”, “юридик ҳужжатлар охиригача расмийлашмагани” ва норозилар биринчи чиқишларини апрел ойларидагина уюштиришлари мумкинлигини билдиришди.

Бироқ, мухолифатчилар ҳукуматнинг бу ташаббусидан кўнгли тўлмаган, кўринади.

Кузатувчилар “Единая Россия” вакиллари ташаббуси билан яратилган ва янги йил арафасида Москва депутатлари томонидан имзоланган бу қонунда ҳатто шу майдончаларда митинг ва намойишлар уюштириш унчалик осон иш эмаслигини таъкидлашмоқда.

Москва шаҳар Минтақавий хавфсизлик департаменти бошлиғи Алексей Майоров чиқишидан маълум бўлишича, “эркин фикр билдириш” учун оммавий чиқиш ташаббусчиси ҳукуматни тадбирдан олдин 3 кун олдин огоҳлантириши керак. Шунингдек, якка пикетлар ташкиллаштириш учун эса “Митинглар тўғрисидаги” Қонунга мувофиқ “пикетчилар орасидаги 50 метрлик масофа сақланиб қолиши керак”.

Акс ҳолда, митинг қилиш тартиб-қоидаларини бузганлар 600 минг рубл (сал кам 20 минг АҚШ доллари) га тортилиши мумкин.

Қонунга киритилган бу ўзгартишга қарши чиққан Россия Компартияси вакиллари уни “халқга қарши, Конституцияга қарши ва демократияга қарши”, джея баҳолади. Мухолифат вакиллари “Москва ҳайд-парклари” жорий этилиши ортидан шаҳарда оммавий юриш ва норозилик акциялар ташкиллаштиришга кескин тўсқинлик қилишга имконият яратилаётганини гапирмоқда.

Россия Давлат Думаси депутати, мухолифатчи Дмитрий Гудков бу майдончаларга “мухолифатчилар учун гетто”, деб ном берди.

Озодлик билан суҳбатда “Сўл фронт” етакчиси ва Москвадаги деярли барча норозилик намойишлари иштирокчиси Сергей Удалцов киритилган ўзгартишлар Конституцияга хилоф экани ва ҳукумат тақиқлаш ва қатағонлар сиёсатини кучайтиришга тайёрланаётганини айтди.

- Афсуски, ҳукуматимиз, хусусан, Москва шаҳар Думаси эркинликларимиз доирасини торайтиришда давом этмоқда. Охирги ярим йил давомида улар бизнинг намойиш қилиш эркинликларимизни чеклаётганини кўриб турибмиз. Аввалига “Митинглар тўғрисида”ги қонунга жарималар кескин оширилди, энди эса яна бу ташаббус. Хуллас, фуқаролар фаоллиги билан кураш олиб борилмоқда. Ўтган йил кўплаб автомобилларда уюштирилган акциялар, якка пикетлар, оммавий акциялар бўлиб ўтди. Шу тариқа ҳукумат халқнинг бу фаоллигини чеклаш устида бош қотирмоқда. Энди ҳатто бир неча киши ўз фикрини билдириш учун чиқса ҳам полиция томонидан жиддий айбловларга ва жарималарга тортилиши мумкин,- деди Сергей Удалцов.

Эркин сўз ва эркин фикр билдириш рамзига айланган Лондондаги Ҳайд паркидагидек нотиқлар майдончаларини ташкиллаштиришни ўтган йилнинг феврал ойида у пайтда Россия Бош вазири Владимир Путин таклиф этган эди.

Айни пайтда, Санкт-Петербург ҳукумати ҳам митинглар учун махсус жойларни ташкиллаштиришга киришгани айтилмоқда. Губернатор Георгий Полтавченко янги йил арафасида норозилар йиғиладиган жойни Марс майдони қилиб белгилагани хабар қилинди.

Тасодифми-йўқми, ўтган аср бошларида Петербургдаги Марс хотира майдони “Инқилоб қурбонлари” майдони деб юритилган.

XS
SM
MD
LG