Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:00

Сўх воқеаси ҳамкорликда текширилади


Қирғизистон Чегара хизмати Фарғона вилояти расмийларига таянган ҳолда Сўх воқеаси пайтида уч нафар ўзбекистонлик яраланганини билдирди. Ўзбек ва Қирғиз расмийларининг учрашуви чоғида сўхликларнинг хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Қирғизистон Чегара хизматининг 8 январ куни тарқатган баёнотида айтилишича, 7 январ куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти расмийлари учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув чоғида томонлар 5 январ куни бошланиб 7 январ куни ниҳоясига етган жанжал юзасидан ҳамкорликда текширув ўтказишга келишиб олдилар. Бу борадаги протоколга бир ҳафта ичида қўл қўйилади.

"Бешта эмас, учта ўзбекистонлик яраланди "

Қирғизистон чегара хизматининг билдиришича, учрашув пайтида Фарғона вилояти ҳокими чегарадаги жанжал пайтида қирғиз чегарачилари отган ўқдан уч нафар одам яралангани ҳақида маълумот берган.

Бундан аввалроқ ахборот агентликлари қирғиз чегарачилари отган ўқдан 5 нафар ўзбекистонлик яралангани ҳақида хабарларни тарқатган эди. Бу ҳақда 7 январ куни воқеага гувоҳ бўлганини айтган Сўх тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлим бошлиғи Сарвар Ҳомиджонов ҳам мана шундай маълумотни берган эди:

- Прапоршик (қирғиз чегарачиси-таҳр.) билан қишлоқ фуқаролар йиғини ўртасида озгина жанжал чиқиб қолди. Мен уларнинг ёнида турган эдим. Прапоршикнинг қўлида қурол бор эди. Бирданига тўртта аскар осмонга қараб отди. Ўша прапоршик бизга қараб отди. Иккита фуқарога аниқ тегди. Учинчи тўртинчи фуқаронинг биттасини бошидан, биттасини тамоғидан шилиб кетди, - деган эди Сарвар Ҳомиджонов.

Бироқ 7 январ куни Қирғизистон расмийлари қирғиз чегарачилари Сўх тумани Хушёр қишлоғи аҳолиси ҳужум қилганидан сўнг уларни тарқатиш учун осмонга қарата ўқ отганини билдирган ва 5 нафар ўзбекистонлик яралангани ҳақидаги маълумотни инкор этганди.

"Жанжалга симёғоч эмас, чегара заставасининг ўрнатилиши сабаб бўлган"

Қирғизистон Чегара хизматининг маълум қилишича, бугунги кунда воқеа содир бўлган ҳудудда вазият барқарор ва назорат остидадир. Мазкур ҳудуд кучайтирилган тарзда қўрқиланмоқда ва бу ерга қўшимча кучлар жалб қилинган. Ўзбекистон – Қирғизистон чегараси ёпиқлигича қолмоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари ўринбосари Искендер Мамбеталиев Сўх анклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси Қирғизистондаги Чорбоқ қишлоғидаги ирригация тизими ва электр тармоғини ишдан чиқарганини айтмоқда. Искендер Мамбеталиев жанжал Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида баҳсли бўлиб турган ерга қирғиз чегарачилари 6 та симёғоч ўрнатгани оқибатида келиб чиққанини тан олган ҳолда, воқеанинг асл моҳияти бошқа нарсада эканини билдирди:

-Биз бу ерга янги чегара заставасини ўрнатганмиз. Уларга барча шароитларни яратиб беришга ҳаракат қилаётган эдик. Бу ерга чегара заставасининг ўрнатилиши ўзбекистонликлар учун манфаатли эмас эди. Чунки улар шу кунгача бу ерда чегарачиларнинг йўқлигидан фойдаланиб, Қирғизистон ҳудудидига эмин –эркин кириб чиқишар, Қирғизистонга қарашли яйловлар, сувлар ва йўллардан ҳеч қандай тўсиқларсиз фойдаланар эди. Чегара заставаси ўрнатилгач эса, бундай ҳолатларга чек қўйилар эди. Жанжалнинг илдизи мана шунда, -деди Искендер Мамбеталиев.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийси қирғиз чегарачиларига мингга яқин ўзбекистонлик ҳужум қилганини иддао қилмоқда. Унга кўра, қирғиз чегарачилари бундай вазиятда осмонга қарата ўқ отишга мажбур бўлган.

"Гаровда ушлаб турилган 16 одамдан 13 таси калтакланган"

Воқеа пайтида ўзбекистонликлар томонидан қирғизистонлик 30 фуқаро гаровга олингани айтилган эди. Қирғизистон томонида эса ўзбекистонлик 6 аёл гаровга олинган. Ўзбекистонликлар гаровдаги 14 фуқарони қўйиб юборгач, қирғиз томони ҳам 6 аёлни бўшатган. Ўзбекистонликлар гаровда сақлаётган 16 одам шундан сўнг озод қилинган ва Боткен вилоят касалхонасига олиб келинган. Қирғизистонга қайтарилган 16 кишидан 13 таси гаровда ушлаб турилган вақтда калтаклангани айтилмоқда. Улар касалхонага ётқизилган.

-Воқеа пайтида бир милиция ходими ҳам оғир жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди. Унинг аҳволи оғир, - деб билдирди Боткен вилоят касалхонаси бош шифокори Тургунбек Айжигитов.

5 январ куни Қирғизистон чегарачилари икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб тургани айтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрната бошлаганига Сўх анклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси норозилик билдирган эди. 6 январ куни бу норозилик қирғиз чегарачиларини ўқ узишга мажбур қилган ва ҳар икки томондан одамлар гаровга олинган катта жанжалга айланди. Фақат 7 январга келибгина жанжални тўхтатишга муваффақ бўлинди.
XS
SM
MD
LG