Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:51

Сўх анклави яна қамалда қолди - чегаралар ёпилди


Сўхлик мулозим ва оддий аҳоли вакилларидан олинган маълумотларда Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси икки томонлама ёпилгани боис қамалда қолган анклавда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳам борлиги айтилмоқда.



"Чегаралар икки томонлама ёпилди"

5-6-7 январ кунлари содир бўлган тўқнашувлар натижасида Фарғона вилоятининг Қирғизистон ҳудудида жойлашган Сўх тумани яна қамалга тушиб қолди.

5 январ куни туманнинг Хушёр қишлоғида Ўзбекистон фуқаролари ва қирғизистонлик чегарачилар ўртасида низо келиб чиққан, низога қирғиз чегарчиларининг Ўзбекистон ҳудудида чегара устунларини ўрната бошлагани сабаб бўлгани айтилган эди.

Натижада, баъзи маълумотларда Ўзбекистоннинг беш, бошқа маълумотларда эса уч фуқароси жароҳатлангани, Қирғизистоннинг 30га яқин фуқароси ўзбекистонликлар, Ўзбекистоннинг эса 6 фуқароси қирғизистонликлар томонидан қисқа муддатга гаровда ушлаб турилгани айтилган эди.

Ана шу низо ортидан иккала давлат ҳам чегараларини ёпиб қўйди.

Сўх туманидаги маҳаллий ҳокимият идораларидан бири мулозимининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Ўзбекистондан узилиб қолган Сўхда қолмоқда.

- Шунақа постлар ҳали очилмаган, чегаралар беркилган. Вилоят ҳокими ҳам шу ерда. Ўзбекистон машиналари ҳам, Қирғизистоннинг машиналари ҳам ўтолмаяпти, бизникилар ҳам кетолмай юрибди,- деди Сўх тумани ҳокимлиги мулозими.

Фарғона вилояти ҳокимининг Сўх анклавида қолаётгани ҳақидаги хабарни вилоят ҳокимлиги мутасаддилари билвосита тасдиқлади.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари, деб тақдим қилинган йигит вилоят ҳокимининг Сўх туманига кетгани ва ҳали қайтмаганини тасдиқлар экан: "Ҳозир ҳокимнинг қайтган-қайтмаганини аниқ билмаймиз", деди.

Айни пайтда Қирғизистон расмийлари Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг чегара ёпиқлиги боис Сўхда қолаётгани ҳақидаги хабарни инкор қилмоқда.

Қирғизистоннинг Боткен вилояти, Боткен тумани ҳокими ўринбосари Ақмурза Тоғаевнинг Озодлик қирғиз хизматига айтишича, икки томон ҳокимлари ва бошқа раҳбарлари ўртасидаги музокаралар ҳануз давом этмоқда.

Шунингдек, Қирғизистон расмийлари Фарғона вилояти ҳокими исталган вақтда Қирғизистон ҳудудидан хавфсизлиги таъминланган ҳолда ўтиши мумкинлигини таъкидлади.


"Ўзбекларнинг автомобилларига ҳужум қилинди"

Сўхликлардан олинган маълумотга кўра, 7 январ куни кечки пайт қўшни Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти раҳбарлари ўртасида музокаралар бошланган.

- Лекин кеча шунақа айрим гаплар бўлди, кеча қирғиз халқи ўша ердаги Бирлик посёлкасида кўчага чиққан, у ерда жуда кўп ҳужумлар қилган. У ердан ўтаётган Ўзбекистоннинг машиналарини синдирган, бошқа қилган. Бу машиналар орасида менга тегишли машинаям бор. Шунга бизга телефон қилиб, ўтмай туринглар, деди у ердаги танишлар,- деди Сўх туманининг исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган мулозими.

Ҳозирча Сўх тумани расмийсининг бу гапини бошқа мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони бўлмади.


"Ушлаб қолинган қирғизлар қийноққа солинмаган"

Сўхлик оддий аҳоли вакиллари ва мулозимлардан олинган маълумотларга кўра, анклавда вазият сўнгги уч кундагига нисбатан барқарорлашган, аммо ҳамманинг кўнглида ваҳима пайдо бўлган.

Бунинг сабаби, 7 январ куни тушдан кейин юртига қайтарилган 16 қирғизистонлик қийноққа солингани ҳақидаги хабарлардир.

Қирғизистонга қайтарилган 16 кишидан 13 таси гаровда ушлаб турилган вақтда калтаклангани, 7 январ куни уларнинг касалхонага ётқизилгани расман маълум қилинган эди.

- Ҳозир қирғизлар чегарага спецназни опкеб қўйган. Кеча бу ерда ушланган қирғизлар қайтарилганидан кейин у ёққа бориб тўпалон қилишибди, бизни қийнашди, деб. Шунга қирғизлар кўчага чиқиб олган, бизникилар Риштондан қайтолмай ўтирибди икки кундан бери. Вилоят ҳокимигаям сизга гарантия беролмаймиз, тинч ўтишизга, деб айтишибди, деди исмини ошкор қилмаётганимиз яна бир сўхлик.

У гаровда қолган қирғизларнинг қийноққа солинаётгани ҳақидаги хабарларни инкор қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳамқишлоқлари қирғиз чегарачилари томонидан отилгани учун сўхликлар қирғизистонликларни гаровга олганидан бироз ўтиб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа жойига етиб борган ва қирғизистонликларни ҳимоясига олган.

- Уларни касалхонада сақлашди, ички ишлар қўриқлаб турди. Уларнинг олдига ҳеч кимни қўйишмади, деди исмини сир сақлашимизни сўраган сўхлик тингловчи.

Шунингдек, Сўх туман ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мутасадди ҳам қирғизистонликларнинг қийноққа солингани ҳақидаги хабарларни инкор қилмоқда.

Аммо, Сўх тумани ҳокимлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон республикасининг бошқа бирор идораси Сўх анклавидаги воқеа-ҳодисалар, хусусан, қирғизистонликларнинг гаровга олинганию, қийноққа солинганига оид маълумотларга расмий муносабат билдиргани йўқ.


"Сўх туман шифохонасида 4 жароҳатланган даволанмоқда"

Инцидентнинг иккинчи куни - 6 январ кунги тўқнашувда 5 ўзбекистонлик қирғиз чегарачилари ўқидан жароҳатлангани ва улар туман шифохонасига ётқизилгани айтилган эди.

Бу фуқаролардан икки нафарининг шахси аниқланган. Улардан бири — 26 ёшли Шакаржон Абдуфаттоев, яна бири 25 ёшли Зокиржон Шокировлардир. Бугун эса Озодлик мухбири жароҳатланганлардан яна бири 1991 йиилда туғилган Достон исмли йигит эканини мустақил манбалар орқали аниқлашга муваффақ бўлди.

Сўх тумани ҳокимлигида ишловчи ва исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган мутасадди ҳамда Шакаржон Абдуфаттоевнинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, жароҳатланганлардан бири - Шакаржон Абдуфаттоевнинг аҳволи оғир, у ҳануз реанимацияда сақланмоқда.

Яна уч жароҳатланган шахс эса Сўх туман шифохонасининг жарроҳлик бўлимида қолмоқда. Аммо, 7 январ кунги хабарларда тилга олинган бешинчи фуқаро ҳақида аниқ маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Шунингдек, жароҳатланган фуқароларнинг шахси ва аҳволига оид маълумотлар юзасидан туман шифохонаси ва ҳокимлигидан ҳам бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.


"Чегара ёпилгач юзлаб сўхлик Риштонда қолиб кетди"

Ҳозир Риштон туманида қолиб, чегара очилишини кутаётган сўхликлардан бири Озодлик мухбири билан қисқагина суҳбатда юзлаб сўхлик Риштонда қолаётганини айтди.

- Эшикни ёпиб қўйишди, қирғизлар эшикни ёпиб қўйди, энди очмайди, тамом. Жанжал, жанжал. Чегарадан одамниям, машинаниям ўтказишмаяпти, деди Риштонда қолаётган сўхликлардан бири.


"Иккала давлат чегара хизмати расмийлари сўзлашуви давом этаяпти"

Ҳозир иккала томондан вилоят ҳокимлари, туман ҳокимлари, чегара хизматлари раҳбарлари ўртасида изчил сўзлашувлар, музокаралар бораётгани Қирғизистон расмийлари томонидан маълум қилинмоқда.

Жумладан, Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳокими ўринбосари Саиджон Эратов Озодлик қирғиз хизматига тез орада музокаралар натижаси ошкор қилинишини айтди.

- Ҳозирги вақтда учрашувлар бўлаяпти. У ерда чегара ҳарбийлари бошлиқлари, вилоят ҳокимлари ўртасида учрашувлар бўляпти. Натижаларни учрашувлар битгач тўлиқ маълум қиламиз, деди Саиджон Эратов.

Шунингдек, Қирғизистон Чегара хизмати 7 январ куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти расмийлари жанжал юзасидан ҳамкорликда текширув ўтказишга келишиб олгани ҳақида баёнот тарқатган.

Келишув ҳақидаги протоколнинг эса бир ҳафта ичида имзоланиши кутилмоқда.

Ҳозирча қирғиз расмийларининг бу баёнотлари борасида ҳам Озодлик радиоси Ўзбекистон расмийларидан муносабат олишга муваффақ бўлмади.
XS
SM
MD
LG