Линклар

Ўзбекистонда олий ўқув юртлари рейтинги тузилади


Олийгоҳлар рейтинги абитуриентларнинг касб танлаши учун қанчалик қўл келиши ҳозирча савол остида.

Олийгоҳлар рейтинги абитуриентларнинг касб танлаши учун қанчалик қўл келиши ҳозирча савол остида.

Ўзбекистонда ҳар йили олий ўқув юртларининг рейтинги тузиладиган бўлди. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ўтган йил 29 декабр куни қабул қилган “Республикадаги олий таълим муассасаларини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори шуни тақазо қилмоқда.



Республика олий ўқув юртлари рейтинги тўртта мезон асосида тузилади. Булар ўқитиш сифати даражасининг индекси, талабалар ва битирувчилар малакасининг индекси, олий ўқув юртинининг илмий салоҳиятига оид мезонлардир.

Ўзбекистон раҳбари республика олий таълим муассасалари рейтингини тузиш ва уларни баҳолаш вазифасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига топширди.

Қарорда қайд этилишича, Давлат тест маркази рейтинг натижаларини 1 мартга қадар оммавий ахборот воситаларида чоп этиши керак.



Лекин, Давлат тест маркази раҳбари Баҳром Исмоилов, Озодлик билан суҳбатда, олийгоҳлар рейтингини тузиш жараёни қандай бориши ҳақда ҳеч нарса айта олмаслигини айтди.

- Ҳали туғилмаган бола ҳақида нима дейишим мумкин. Ҳозир буни ҳаммасини разработка қилишимиз керак, ҳамма вазирликлардан маълумот йиғишимиз керак, ўша асосда битта фикр беришимиз керак бўлади-да. Постанавление ишлаб чиқиляпти ҳали, ҳозир сизга ҳеч нарса дея олмаймиз,- дейди ДТМ бошлиғи.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида айтилишича, рейтинг тузиш Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг илмий ва педагогик фаолияти даражасини ва сифатини оширишни рағбатлантириш, улар томонидан олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий салоҳиятидан фойдаланиш бўйича тегишли халқаро мезонлар ва стандартлар, кўрсаткичларга эришилиши, реал иқтисодиёт тармоқларида талабга эга бўлган юқори малакали кадрларни ўқитиш ва тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида йўлга қўйиляпти.

Қарорга мувофиқ, Давлат тест маркази ҳар йили рейтинг асосида соҳани такомиллаштириш бўйича конкрет таклифлар билан бирга мамлакатдаги олий таълимнинг ривожланиш ҳолати ҳақидаги таҳлилий маърузани ҳам тайёрлайди.

Ўзбекистонда энг зўр олийгоҳ қайси?

Ўзбекистонда 57 та олий ўқув юрти бор. Улар орасида Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали абитуриентлар орасида энг оммабоп ҳисобланади.

Давлат тест марказига кўра, ўтган йил ёзида мазкур ўқув даргоҳида бир ўринга 21 абитурент даъвогарлик қилган.

Мамлакатдаги олийгоҳлар орасида оммапоблик жиҳатдан иккинчи ўринни Тошкент Ислом университети олган.

Мазкур олийгоҳда мавжуд 110та ўриннинг ҳар бирига 13тадан абитурент ҳужжат топширган.

Лекин, шахси сир қолишини истаган ДТМ ходимларидан бирининг Озодликка айтишича, мазкур кўрсаткич ушбу олийгоҳларда ўқитиш сифати энг яхши дегани эмас.

- У ёки бу университет ёки институтга ҳужжат кўп топширилгани у ерда ўқитиш сифати яхши эканини англатмайди. Масалан, Фарғона тиббиёт олийгоҳига кўп ҳужжат топширган, демак водийда шу соҳага қизиқувчилар кўп. Янги тузиладиган рейтинг олий ўқув юртинининг илмий салоҳияти, талабаларнинг малакаси ва ўқитиш сифатига қараб тузилади. Ҳали шу пайтгача бу ўрганилмаган,- дейди ДТМ ходими.

Олам.уз сайти ўз ўқувчилари орасида ўтказган сўровга кўра, Тошкент Ахборот технологиялари универститети мамлакатдаги энг нуфузли олийгоҳдир.

Респондентларнинг 13,45 фоизи шу олий ўқув юртига қизиқиш билдирган.

Иккинчи ўринда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидир. Сўровда қатнашганларнинг 11,63 фоизи ЖИДУ республикадаги энг зўр олийгоҳ, деб фикр билдирган.

Олам.уз сайти сўровига кўра, Тошкент Молия институти учинчи ўринда. Тошкент Ислом университети ва Тошкент давлат юридик институти тўртинчи ва бешинчи ўринларда.

Ўзбекистонда абитруриентларни қабул қилиш энг коррупциялашган жараёнлардан бири ҳисобланади.

Ўқишга кириш учун пора жиҳатидан Ўзбекистондаги энг қиммат олийгоҳ Тошкент давлат юридик институти бўлиб, унга кириш абитуриент учун 20 минг долларгача тушиши мумкинлиги айтилади.

Ўзбекистондаги Эксперт Ишчи гуруҳи олий ўқув юртларига ўқишга кириш қанчага тушишини ўрганган, шаклланган пора миқдорини ҳисоблаб чиққан.

Бу ташкилотга кўра, "энг қиммат" ўқув юртлари рўйхатида юридик институтлари, Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университети етакчилик қилади. Энг арзони эса журналистика ва хорижий тиллар факултетларидир. Лекин, Эксперт Ишчи гуруҳига кўра, улар учун ҳам камида 5 минг доллар керак бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG