Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:01

ICG шарҳи: Ўзбекистон хатар кутилаётган мамлакатлар қаторида


Президент Ислом Каримовдан кейин Ўзбекистонда иқтидорга ким келиши ноаниқ бўлиб қолаётгани Марказий Осиёда янги тартибсизликлар келиб чиқиши учун тайёр рецептдир.


Бу ҳақда Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг (ICG) Foreign Policy нашрида чоп этилмиш “2013 йилда эътиборга лойиқ бўлган 10 низо” шарҳида айтилган.

Шарҳ муаллифларига кўра, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини системали равишда бузилиши ва бунинг кенг тарқалгани одатий ҳол бўлиб қолмоқда.

“Вазиятни сиёсий ворислик механизмининг йўқлиги янада танглаштирмоқда, чунки 74 ёшли президент Ислом Каримов сиёсий саҳнадан кетганидан кейин ҳокимият тепасига ким келиши ноаниқ бўлиб қолаётир. Бу минтақадаги янги тартибсизлар учун тайёр рецептдир”, дея қайд этилади Foreign Policy ёйинлаган материалда.

Айни пайтда муаллифлар Қўшма Штатлар Афғонистондан ўз бўлинмалари ва техникаларини тўла олиб чиқиб кетмагунича, бу масала Вашингтонни жиддий қизиқтирмаса керак, дея тахмин қиладилар.

Шарҳда Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларда ҳам вазият барқарор эмаслиги урғуланади. Хусусан, Тожикистон 2013 йилга бирор яхши натижага эришолмасдан ўтгани айтилади. Муаллифларга кўра, Тожикистоннинг Ўзбекистон билан алоқалари аввалда бўлгани каби совушда давом этмоқда, ички мунозаралар эса Тоғли Бадахшонда сепаратистик амбицияларнинг кучайишига олиб келиши мумкин.

“Марказдан олисда ва тоғли ҳудудда жойлашган бу шарқий вилоят Душанбедаги марказий ҳокимиятни ёқтирмайди ва бундай хуш кўрмаслик ҳукумат кучларининг аксарияти Тожикистондаги фуқаролик уруши фахрийлари бўлмиш маҳаллий жангариларга қарши кураш бошлагунига қадар ҳам бўлган. Душанбе бу жангариларни уюшган жиноятчилар, деб атайди”, деб ёзади Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакиллари.

Шунингдек, муаллифлар Қирғизистонда ҳам аҳвол бундан яхши эмаслигини қайд этадилар. Бу мамлакат, Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг кузатувларига кўра, кучайиб бораётган миллатлараро таранглик ва жанубдаги ҳуқуқ-тартибот билан боғлиқ муаммоларга аввалда бўлгани каби эътибор қаратмай келмоқда, президент маъмурияти миллатлараро муносабатлар масаласида анчадан буён кутилаётган сиёсий йўналишни тасдиқлаб ололмаяпти. Ўш вилоятида марказий ҳукумат ҳокимияти тобора заифлашиб бормоқда, жаҳон ҳамжамияти эса хавф-хатарнинг дастлабки сигналларига унча қизиқиш билдирмаяпти.

Агар юзага келган тенденциялар сақланишда давом этса, шарҳ муаллифлари фикрича, 2013 йилда Қозоғистонда ҳам зўравонликлар бўлиши мумкин.

“2012 йилда мамлакатнинг ғарбий ва жанубий қисмларида жиҳодчиларнинг аввалда маълум бўлмаган гуруҳлари томонидан рекорд даражада кўп террорчилик хуружлари амалга оширилди. Остонанинг башорат қилиб бўлмас минтақа денгизида собит кема тимсолида кўринишга уриниши бу мамлакатда норозилар ўлдирилаётгани, фаоллар эса қамоққа тиқилаётгани туфайли муваффақиятсизликка маҳкумдир”, деб ёзар экан шарҳ муаллифлари ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлар ҳам Қозоғистонга салбий таъсир қилиши мумкинлигини қўшимча қиладилар.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакиллари Марказий Осиёда превентив (олдини олиш) ҳаракатлар ўта муҳимлиги, чунки бу минтақа ҳали хаосга ғарқ бўлмаганини урғулайдилар.

“2013 йилда эътиборга лойиқ бўлган 10 низо” муаллифлари ўз шарҳларида Марказий Осиёдан ташқари Судан, Туркия, Афғонистон, Покистон, Африка қитъасининг қатор давлатлари, Сурия ва Ливан каби мамлакатлардаги вазият юзасидан ҳам ўз мулоҳазаларини билдирганлар.
XS
SM
MD
LG