Линклар

logo-print

Жиззах вилояти прокуратурасининг 4 мулозими ҳибсга олинди


Прокурорлар миллиардлаб сўмлик жиноятни яшириб келганликда айбланмоқда.

Прокурорлар миллиардлаб сўмлик жиноятни яшириб келганликда айбланмоқда.

Шу йилнинг 5 январь куни МХХнинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан вилоят прокурори ўринбосари Баҳромжон Эрматов, прокурорнинг яна бир ўринбосари, юридик фанлари номзоди Рамазон Пўлатов, вилоят прокуратурасининг катта терговчилари Бахтиёр Аралов ҳамда Диёр Ахмедовлар ҳибсга олинган.


Бу ҳақдаги маълумотни Жиззах вилояти ИИБнинг навбатчилик қисми тасдиқлади, аммо ҳодиса тафсилотлари борасида изоҳ бермади.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, порахўрлик сингари моддалари билан айбланаётган ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари “Жиззахдонмаҳсулотлари” ОАЖ собиқ раҳбари Акмал Сатторовнинг ўтган йил декабрь ойидаги терговлар даврида берган кўрсатмасига мувофиқ жавобгарликка тортилган.

Вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган тергов материалларига кўра, 2011-12 йилларда “Жиззахдонмаҳсулотлари” ОАЖ фаолияти МХХ органи томонидан текширилганда корхонада 54 258 844 938 сўм (27 326 000 АҚШ доллари атрофида — таҳр.) талон-тарожликка қўл қўйилгани аниқланган.

Мазкур қонунбузарлик юзасидан корхона раҳбари Акмал Сатторов ва бошқа мулозимлар, шунингдек, “Софлик ва беғуборлик” хусусий фирмаси раҳбари Абийир Сатторовлар жиноий жавобгарликка тортилган. Ҳибсга олинган прокуратура ходимлари эса ана шу қонунбузарликларни муайян манфаатлари эвазига хаспўшлаб келганликда айбланмоқда.

Прокуратура ходимлари айни кунда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖИЭББга қарашли Тошкентда жойлашган 64/1-сонли вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган.

Сўроқ жараёнларининг МХХ терговчилари томонидан олиб борилаётгани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG