Линклар

"Ташаббус-2012" кўрик-танлови ғолиби амнистия билан жазодан озод қилинди


 Холисхон Бобоева "Ташаббус — 2012" кўрик-танлови ғолиби бўлган эди

Холисхон Бобоева "Ташаббус — 2012" кўрик-танлови ғолиби бўлган эди

Ўтган йилнинг кузида ҳибсга олинган Холисхон Бобоева амнистияга кўра озод қилинди. "Ташаббус - 2012" кўрик-танлови ғолиби, жиззахлик тадбиркор аёл қарийб уч ой Жиззахдаги тергов изоляторида сақланди. Президентнинг қизи Гулнора Каримова ўтказган тадбирларда фаол қатнашган Холисхон Бобоева иқтисодий жиноятларда айбланган эди.


Жиззахлик тадбиркор аёл Холисхон Бобоева ўтган йилнинг кузида ҳибсга олинган эди, дейди жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Мамиржон Азимов:

- Мен ўша аёл билан бирга ишлаган бир одам билан гаплашдим. Холисхон вилоятда “Йил аёли” деган унвон ҳам олганди, пиллачилик билан шуғулланган, атлас ва адрас тўқиб чиқарадиган кичик корхона ҳам очган эди, Гулнора Каримова билан алоқаси яхши эди, деди. Ўтган йилнинг октябр ойида Жиззах шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қамоққа олинган экан,- дейди Мамиржон Азимов.

Инсон ҳуқуқлари фаолига кўра, Холисхон Бобоева иқтисодий жиноятларда айбланган:

- Корхонаси билан боғлиқ қандай айблов қўйилганини билмайману, лекин уни яхши билган манбаларнинг айтишларича, ўтган йилнинг баҳорида у қайсидир бир фирма билан шартнома тузиб, арзон нархда кўчат олиб келиб, вилоят корхона ва ташкилотларига қиммат нархда ўтказган, Гулнора Каримова билан яқинман деб кўп ғайриқонуний ишларни қилган, деб айтишяпти,- дейди Мамиржон Азимов.

Ўтган йилнинг октябрида пахта мавсуми пайтида "халқни пахта териш мажбуриятига қарши исёнга чиқаришга уринганликда" айбланиб, 15 суткалик қамоқ жазосига ҳукм қилинган жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевнинг айтишича, қамоққа олинганида Холисхон Бобоевани Жиззах шаҳар ички ишлар бўлимининг тергов изоляторида кўрган:

- Мен изоляторда ётганимда ҳар куни тоза ҳавога айлантиргани олиб чиқишарди. Холисхон опани ўша ерда кўргандим, уни ҳам айлантиргани олиб чиқишар эди,- дейди Ўктам Пардаев.

9 январ куни Ўктам Пардаев Озодлик илтимоси билан Холисхон Бобоева раҳбарлик қилган “Кўҳинур-Жиззах” ипакчилик корхонасига бориб келди. Унинг айтишича, корхона ходимлари Холисхон Бобоева ҳибсдан озод этилганини тасдиқлашган:

- Ўша ердаги таниш одамлар билан гаплашдим. Уларнинг айтишича, Холисхон Бобоеванинг суди бўлиб ўтган ва у амнистия бўйича ҳибсдан озод этилган,- дейди Ўктам Пардаев.

Озодлик мухбири Жиззах вилоят суди билан боғланиб, Холисхон Бобоевага қандай айбловлар қўйилгани тўғрисида сўради. Бироқ, ўзини таништирмаган судялардан бири телефон орқали ҳеч қандай маълумот берилмаслигини айтди.

Холисхон Бобоева Ўзбекистон президенти Ислом Каримова ва унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова назарига тушган, вилоятдаги фаол тадбиркорлардан бири бўлган.

Асли андижонлик Холисхон Бобоева 120 киши ишлайдиган ипакчилик корхонаси ташкил қилган, 2007 йилда шаҳар четидаги бир ташландиқ иморатни Хитой технологияси асосида шифер ишлаб чиқариш корхонасига мослаштиргани айтилади.

Холисхон Бобоева "Ташаббус — 2012" кўрик-танловида мамлакатнинг "Энг яхши тадбиркори" унвонига сазовор бўлиб, президент соврини — "Spark" енгил автомашинаси билан тақдирланган.

Унинг Гулнора Каримова раҳбарлик қиладиган “Фонд Форум” тадбирларида фаол иштирок этгани айтилади.

Гулнора Каримова уюштирган Art Week Style санъат ҳафталигида қатнашган россиялик таниқли телебошловчи Андрей Малахов ўзининг "StarHit" журналида Холисхон Бобоева номини тилга олади:

“Мен Тошкентдаги хайрия тадбирларидан бирида собиқ касбдошим Шаҳноза Ғаниева билан бирга бўлдим. У менга Гулнора Каримованинг ҳамфикрлари кўп эканлигини айтди. Масалан, улардан бири хусусий тўқимачилик корхоналаридан бирининг директори Холисхон Бобоева рангли журналдаги фотосессия учун 12 миллион сўм берди. У бу билан яхши ишчиларидан бирини рағбатлантирмоқчи эканлигини менга айтди. Дарвоқе, бу йил Холисхон энг яхши тадбиркор аёл деган президент унвонини олибди”, деб ёзади Андрей Малахов ўзининг "StarHit" журналида.

Озодлик Холисхон Бобоеванинг қайси айбловлар билан ҳибсга олингани ҳақидаги суриштирувларини давом эттиради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG