Линклар

Францияда ўн шахс Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг жиҳодий амалларига молиявий кўмак кўрсатишда айбланмоқда.



Айбланувчиларнинг айнан қайси давлат фуқаролари эканликлари очиқланмаган. Аммо, француз нашрларига кўра, улар Европа мамлакатларида яшаб келган туркийзабон шахслардир

Хабарларга кўра, Парижда бир ярим ой аввал маҳкамага тортилган бу ўн шахс 2008 йилда Франция, Германия ва Ҳолландияда ўтказилган полиция рейдлари чоғида қўлга олинган эди.

Франс пресс агентлигининг хабар қилишича, ўн айбланувчидан бири 53 ёшли ҳолландиялик турк Ирфон Темиртошдир.

Гуруҳ етакчиси, деб кўрилаётган Темиртош душанба куни Париж маҳкамасининг қарори билан 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.

У шунингдек, 20 минг евро жарима тўлаб, жазо муддати тугагач, Франциядан чиқариб юборилиши айтилмоқда.

Бир ярим ой давом этган маҳкама жараёнида айбланувчилар жиҳодий гуруҳлар билан алоқадор эканликларини рад этишган.

Улар Қурбон ҳайитида қурбонлик келтириш мақсадида қўй сотиб олиш каби хайрия ишлари учун пул йиғиш билан шуғулланиб келишганини айтишган.

Бу Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан боғлиқ Францияда бўлиб ўтаётган илк маҳкама жараёнидир.

Лекин, Германияда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳамда Исломий Жиҳод Иттифоқи аъзолари, деб кўрилган шахслар устидан аввал ҳам бир қатор маҳкамалар бўлган.

Ўтган йил май ойида Германия маҳкамаси асли афғонистонлик немис фуқаросини "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати"га аъзоликда айбдор деб топиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этганди.

37 яшар Аҳмад Вали Сиддиқий Европада ҳаракатнинг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилувчи "Ал-Қоида" тармоғининг халқаларини ташкил этишни режалагани ва гуруҳнинг Германиядаги вакилига айлангани маҳакамада исботланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG