Линклар

Бош прокурор ўринбосари ишдан олинди


Алишер Шарафутдиновнинг ишдан олиниши Бош прокурор Рашид Қодиров мавқеига қарши қаратилган зарба, дейди кузатувчилар.

Алишер Шарафутдиновнинг ишдан олиниши Бош прокурор Рашид Қодиров мавқеига қарши қаратилган зарба, дейди кузатувчилар.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Алишер Шарафутдинов эгаллаб турган лавозимидан озод қилингани тўғрисидаги хабарни тасдиқлаган Озодлик манбаси унинг бошқа юқори лавозимга тайинланмаслиги эҳтимоли юқоридир, деди. Прокуратура тизимига яқин бу манба Алишер Шарафутдиновнинг мансаб зинапоясидаги кўтарилишига нуқта қўйилганини тахмин қилди.



Алишер Шарафутдинов оиласини яхши билган ва ўз исмини айтмасликни маъқул кўрган Тошкентлик собиқ мулозимга кўра¸ Ўзбекистон президентининг бу ҳақдаги қарори, 8 январ куни имзоланган.

Суҳбатдошга кўра, Алишер Шарафутдинов порахўрлик тизимига алоқадорликда айбланмоқда.

- Ҳозир Алишер Шарафутдиновнинг ҳайдовчисини қамаб қўйишган. Алишер Шарафутдинов пора олди-бердисини шофер орқали амалга оширган, деб айб қўйишмоқда. Бу бир марталик пора олди-бердиси эмас, балки муттасил тизим деган хулосани ҳам айтишди. Халқ орасида "мўйлов", деб ном олган прокуратура каттасига ҳам айни тизим воситасида пора етказилиб турилган деган гаплар ҳам бор¸- дейди Озодлик илтимосига кўра, Шарафутдинов билан боғлиқ вазиятни ўрганган кекса мулозим.

Суҳбатдош Алишер Шарафутдиновнинг лавозимдаги ҳаëти тугагани ҳақида узил кесил фикр билдирди:

- Қамалмасдан эл қатори истеъфода юрса, ҳам катта гап энди. Чунки бу одам порахўрликда айбланяпти. Тўғри¸ отаси ҳурматли одам¸ герой бўлган. Зиëлиларга ëрдами теккан жойи ҳам бор. Лекин бу нарса таъмагирликни оқлай олмайди. Ҳеч бўлмаса, прокуратурада кристалл тоза одамлар ишласа, деб орзу қиламиз¸ дейди Озодлик билан суҳбатда тошкентлик собиқ мулозим.

Айни пайтда, Бош прокурор ўринбосарининг ишдан олингани тўғрисидаги хабар расман эълон қилинганича йўқ.

Бош прокуратуранинг расмий сайтида Алишер Шарафутдинов Бош прокурор ўринбосарлари рўйхатида турибди. Бироқ сайтдаги энг сўнгги материал 2012 йилнинг 20 декабрида жойлаштирилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига қўнғироқ қилганимизда телефонни кўтарган мулозим “Бу ҳақдаги маълумотни бера олмаслигини” айтди.

Озодлик мухбири "Алишер Шарафутдиновнинг ишдан олингани ҳақидаги маълумотни бера олмайсизми", деб қайта сўраганида мулозим “ҳа” дея тасиқлади.

Майдон тозаланмоқда

Ўзбекистон давлат тизималарида ишлаган таҳлилчи Саодат Нишонова Алишер Шарафутдиновнинг ишдан олиниши Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров мавқеига қарши қаратилган зарба, дея ишонади:

- Бош прокурор муовини ишдан олиниши мавжуд системанинг чок-чокидан сўкилаëтганидан дарак. Демак ўзгаришлар кутилмоқда. Демак манфаатдор кучлар сиëсат саҳнасидаги кучлар мувозанатини қайта тақсимламоқчи. Истиқболда катта режа бор. Бу режани номи майдонда катта куч эгаси бўлиш. Бу режа ижросини бошқа доира амалга оширмоқчи. Бир сўз билан айтганда режа ижроси учун майдон тозаланмоқда¸ дейди Саодат Нишонова.

Суҳбатдошга кўра, Алишер Шарафутдиновнинг ишдан олиниши янги куч маркази келадиган майдонни тозалашдаги кичик, аммо муҳим қадамлардан бири. Айни пайтда, суҳбатдош Алишер Шарафутдиновни фақат пора олгани учун ишдан четлаштирилганига ишонмаслигини айтади:

- Уни эмас, ҳайдовчини қамашди. Демак унга қарши кучли далил бўлмаган. Агар етарли далил исбот бўлганида уни қамашар эди. Ҳайдовчининг қамалгани Алишер Шарафутдиновнинг ўта эҳтиëткор бўлганидан далолат. Уни четлаштириш масаласи қудратли гурухлар тарафидан мақулланган¸ дейди Саодат Нишонова.

Таниқли ўзбек мунаққиди Озод Шарафутдиновнинг ўғли Алишер Шарафутдинов республика Бош прокурорининг тергов бўйича ўринбосари лавозимига 2008 йилнинг апрелида тайинлангунига қадар мамлакат ички ишлар вазирининг тергов бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

Генерал-майор Алишер Шарафутдинов “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист” унвони билан тақдирланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG