Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:59

Тошкентда тўрт нафар диндор қўлга олинган


Тошкентда тўрт нафар диндор қўлга олинган. Улар диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этишда айбланаётгани айтилмоқда.



Тошкентлик тўрт нафар диндор 26-29 декабр кунлари оралиғида ҳибсга олингани ҳақида Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи 9 январ куни маълум қилди.

Ташкилот раҳбари Суръат Икромовнинг Озодликка айтишича, Тошкентнинг Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларида яшовчи 44 ёшдаги Абдурашид Хорунов, Шуҳрат Тожибоев, Аҳмаджон Каримов ва 33 ёшдаги Бобур Каримовларнинг уйларига фуқаролик кийимидаги милиция ходимлари эрталаб, бостириб кирган ва тинтув ўтказган.

Тинтувдан сўнг улар Ички ишлар вазирлигининг тергов изоляторига олиб кетилган.

Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига кўра, Бобур Каримовнинг уйида “тинтув ўтказиш ҳақидаги қарор”да тақиқланган диний адабиётлар топилгани қайд қилинган.

Бобур Каримовнинг яқинлари билан суҳбатлашган Суръат Икромовга кўра, тинтув пайтида топилган диний адабиётлар унинг акасига тегишли бўлган ва қонунга кўра тақиқланмаган ҳисобланади.

- Тинтувда диний материаллар, диний китоблар, брошюраларни олиб кетишган. Лекин уларнинг уйидагилар, она-отасининг айтиши бўйича, булар мутлақо унга қарашли эмас. Уларнинг ҳаммаси магазинларда сотиладиган, тақиқланмаган китоблар бўлган. Қуръон ва бошқа китоблар. Бу Бобурники эмас, акасиники. Тошкент Ислом университетини битирган Баҳром исмли акасиники бўлган.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, Бобур Каримов 2010 йил август ва 2011 йил январ ойларида "уйдирма маъмурий қонунбузарлик" айбловлари билан икки маротаба 15 кунга ҳибсга олинган.

Қўлга олинган тошкентликларнинг тўртталасига Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-моддаси 2-прими (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айбланаётгани айтилмоқда.

Суръат Икромов қўлга олинган диндорлар айнан қандай тақиқланган гуруҳ тузгани тергов жараёни тугаганидан кейин аниқ бўлишини айтди.

- Тергов тугаганидан кейин, айблов хулосасининг ўзида ёзилган бўлади, масалан, қайси тақиқланган ташкилотга аъзо бўлгани ёки унда иштирок этгани. Хулоса бизани қўлимизга тушганидан кейин биз айблов ҳақида аниқ гап айта оламиз.

Суръат Икромовга кўра, орган ходимлари томонидан таҳдид бўлгани боис Аҳмаджон Каримовнинг яқинлари унинг ҳибсга олиниши ҳақида ҳуқуқ ҳимоячилари билан сўзлашишдан бош тортган.

Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторида сақланаётгани айтилаётган Абдурашид Хорунов, Шуҳрат Тожибоевнинг яқинлари билан ҳам мулоқот ўрнатиш йўлларини излаётганини айтди.

Суръат Икромовга кўра, ўтган йил Ўзбекистонда диний мотивларда айбланган 70-80 нафар фуқаро қамоққа ташланган.
XS
SM
MD
LG