Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:09

Ўзбекистонда автомобилларга қуйиладиган газ қимматлади


Янги йилдан бошлаб Ўзбекистонда автомобилларга қуйиладиган сиқилган газ нархи 30 фоизга ошди. Бунинг ортидан газда юрадиган таксилар ҳам йўлкира нархларини оширгани айтилмоқда.


Тошкент шаҳрида киракашлик қиладиган 60 ёшли Санжар аканинг айтишича, янги йилнинг биринчи кунидан бошлаб автомобилларга газ қуйиш компрессор станциялари (АГҚКС) да сотилаётган икки хил турдаги газ нархи кўтарилган:

- Сотувда икки хил газ бор. Биринчиси, ердан қазиб олинадиган бир куб метр табиий газнинг нархи 680 сўм эди, 850 сўм бўлди. Иккинчиси ахлатдан олинадиган газ, биогаз ҳам дейишади, унинг бир куб метрини нархи 700 сўм эди, энди 950 сўмга кўтарилди,- дейди тошкентлик киракаш Санжар ака.

Унинг айтишича, газ нархи ошиши ортидан шаҳардаги киракашлар ҳам йўлкира нархларини бирмунча кўтарган:

- Ҳа энди, 3000 сўмлик йўлга 3500 оляпмиз. Баъзида эса одамлар нолишади, қиммат қилиб юбордиларинг деб, биз газ қимматлади, деймиз. Шунақа қилиб юрибмиз,- дейди Санжар ака.

Ҳайдовчининг айтишича, ҳозирда Тошкентдаги киракашларнинг деярли 90 фоизи машиналарига газда ишлайдиган ускуналар ўрнатиб олган.

Кейинги уч-тўрт ой ичида Тошкентда автомобилларга газ ускуналари ўрнатиш ҳам бирмунча қимматлагани айтилмоқда.

Озодлик Тошкентдаги “Атосозлаш Автогаз” масъулияти чекланган жамиятнинг автомобилларга газ баллонлари ўрнатиш корхонасига қўнғироқ қилиб, шу кундаги нархлар билан қизиқди. Корхона мутахассиси сиқилган газ, яъни метан баллонини ўрнатиш қанчага тушади, деган саволимизга бундай жавоб берди:

- “Ласетти” автомобилларининг учинчи позициясига 100 литрлик газ баллонлари ўрнатиш нархи 3 миллион 300 минг сўм туради. Бунда корейский баллон, италянский оборудование (ускуна-таҳр.) бўлади. Олти ойга гарантия қилиб берамиз,- дейди ўзини таништирмаган корхона мулозими.

Унинг айтишича, “Жигули” автомобилларига 75 литрли метан газ баллонлари ўрнатиш бир миллион 750 минг сўмга тушади.
XS
SM
MD
LG