Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:37

Ўзганда хитойлар ва қирғизлар муштлашди


Қўл телефонининг ўғирланиши ортидан чиққан юз кишилик муштлашув оқибатида камида 20 одам тан жароҳати олгани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, хитойликлар қирғиз фуқароларини гаровга олган ва милиция ходимларини калтаклаган.Сўнгги маълумотларга қараганда, ҳозирги пайтда муштлашувда қатнашган хитойликларнинг 7 нафари, қирғизистонликларнинг 5 нафари касалхонага ётқизилган. Касалхонага тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган 20 кишининг 5 нафари милиция ходимларидир.

Ўш вилоят милициясининг маълум қилишича, воқеа Ўзган тумани Қуршоб қишлоғида 8 январ куни содир бўлган. Бу ерда “Датқа –Кемин” электр тармоғи қурилишида ишлаётган хитойликлардан бири қўл телефонини йўқотиб қўйган. У ва унинг ҳамкасблари қуршоблик Муратали Сасиковни телефонни ўғирлаганликда гумонлаб гаровга олган ва ўз ётоқлари бўлган “Астан-Ата” қаҳвахонасига олиб кириб калтаклаган.

Мураталининг отаси Камал Сасиков воқеа қандай бошланганини айтиб берди:

- Кечки соат олти яримларда ўғлим телефон қилди. “Хитойлар мени ётоқхонасига олиб кириб кетиб, қўйиб юборишмаяпти”, деб айтди. Воқеа жойига борсам хитойларнинг ҳаммаси маст, қўлларида арматураларни ушлаб туришибди. Улар мени, хотинимни, яна бир аёлни ва 2-3 та милиция ходимини гаровга олиб, қаттиқ калтаклашди. Ҳаммамизнинг бошимиз ёрилди, менинг қўлим синди, -деди Камал Сасиков.

Хитойликлар маҳаллий аҳоли ва милиция ходимларини гаровга олиб калтаклаётгани тўғрисидаги хабар тез орада қишлоққа ёйилиб кетди. Шундан сўнг маҳаллий аҳоли вакилларидан юзга яқин одам хитойликларнинг ётоқхонасига бостириб кирган ва уларни калтаклаган. Муштлаш натижасида хитойликлар ётоқхона сифатида фойдаланиб келган “Астан-Ата” қаҳвахонаси вайрон этилган.

- Тунги соат тўққиз ярим - ўнларда махсус хизмат одамлари, бу ерга йиғилган қирғизлар “Астан-Ата” қаҳвахонасига бостириб кириб бизни қутқариб олишди, -деди Камал Сасиков.

Ахборот агентликлари тарқатган хабарларга қараганда, муштлашувдан сўнг 19 хитойлик ва 9 қирғизистонлик, жами 28 одам касалхонага мурожаат қилган. 24.kg ахборот агентлигига кўра, 2 хитойлик касалхонанинг реанимация бўлимида оғир аҳволда ётибди. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланмаган.

- Хитойликлардан 7 киши, маҳаллий аҳоли вакилларидан 4 киши касалхонага ётқизилган. Шунингдек, милиция ходимларидан 5 киши ҳам шифокорларга мурожаат қилган, -деди Ўзган тумани ҳокими Аттокур Тажибаев.

Қуршобликлар Хитой ишчилари ўз қишлоқларига жойлаштирилганидан бери ўз норозиликларини билдириб келадилар. Қишлоқ аҳолисига кўра, хитойликлар хожатхонадан фойдаланмайди. Ариқлардаги сувларни булғайди. Маҳаллий аҳолининг бу борадаги огоҳлантирувларига эса хитойликлар аҳамият бермайди.

- Ўзингларни шундай тутсанглар қишлоқликлар билан урушиб қоласизлар, деб кўп марта хитойликларни огоҳлантирганмиз. Бундай муштлашув бир куни бўлиши керак эди. Мана, бўлди ҳам, -деди қуршоблик Манап Қошуев.

Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Талантбек Шатмановнинг айтишича, Қуршобдаги муштлашув бўйича жиноят иши очилган. Унинг айтишича, қирғизистонликларни гаврога олиб калтаклаган хитойликлар ҳам, уларни калтаклаб, қаҳвахонани вайрон қилган қирғизистонликлар ҳам жиноий жавобгарликка тортилади.
XS
SM
MD
LG