Линклар

Қирғизистон парламентининг Ата-Журт фракцияси депутатлари Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талантбек Мамитов дохил етти кишининг суди бошқа кунга қолдирилди.


Бунга судланаётганларнинг адвокатлари Бишкекдаги Биринчи май суди судяси Абдуразақ Бўрўнбаевга ишончсизлик кўрсатгани сабаб бўлди.

Бугун суди бошланган депутатлар ҳокимиятни куч билан босиб олишга уринганликда айбланмоқда. Улар 2012 йилнинг 3 октябр куни Бишкекда ўтган норозилик намойишидан кейин қўлга олинган эди. Ўшанда депутат Қамчибек Ташиев бир неча киши ҳамроҳлигида Ҳукумат уйи панжарасидан ошиб ўтганди.

Очиқ бўлиб ўтган илк маҳкама мажлисига ҳибсдаги депутатларнинг яқинлари, парламентнинг айрим депутатлари ва жамоатчилик вакиллари қўйилди. Унда судланувчиларнинг адвокатлари судяга ишончсизлик кўрсатди. Сўнг судя бу борада қарор қабул қилиш учун танаффус эълон қилди.

Танаффус чоғида Озодликнинг қирғиз хизматига интервю беришга улгурган депутат Қамчибек Ташиев ўзига қўйилаётган айбловларнинг ҳеч қайсисини тан олмаслигини айтди.

- Мен бугунги маҳкама жараёнини сиёсий таъқиб, деб ҳисоблайман. Бизга нисбатан ноқонуний жиноят иши қўзғашиб, панжара ортида ушлаб ўтиришибди. Мен ҳақиқат охири ўз жойида қарор топади, деб ўйлайман. Худо хоҳласа, биз яқинда чиқиб қолишимиз керак, - дер экан Қамчибек Ташиев агар суд адолатли бўлмайдиган бўлса, халққа мурожаат қилишини қўшимча қилди.

Депутатларнинг иши кўрилаётган пайтда Биринчи май суди атрофида судланаётганларнинг яқинларидан иборат юздан зиёд одам тўпланди. Улар судланувчиларнинг оқланиши ва зудлик билан озод этилишини талаб қилишди. Бу орада милиция ходимлари туман суди биносини қўриқлаб турди.

Танаффусдан сўнг судя адвокатларнинг унга ишончсизлик кўрсатиш бўйича илтимосномасини қаноатлантирганини эълон қилди.

Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, эндиликда 10 кун ичида ҳеч қандай ариза киритилмаса, Биринчи май туман суди раиси бу ишни бошқа судяга ўтказиб бериши лозим бўлади. Кейинги маҳкаманинг қачон бўлиши ишга судя тайин қилинганидан кейин аниқ бўлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG