Линклар

logo-print

Рязанда муҳожирлар учун ўзбек тилида газета чоп этилмоқда


Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам ўзбекистонлик муҳожирлар учун газеталар чоп этилади.

Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам ўзбекистонлик муҳожирлар учун газеталар чоп этилади.

Россиянинг Рязан шаҳрида меҳнат муҳожирлари учун “Мигрант” газетасининг биринчи нашри чоп этилди. Мигрантларнинг кундалик саволларига жавоб беришга мўлжалланган бу газета узбек, тожик ва рус тилларида нашр этилмоқда.



Рязанда “Биз ҳар хилмиз ва биз биргамиз” Миллатларо ассоциацияси (Межрегиональная ассоциация «Мы разные и мы вместе») ташаббуси билан “Мигрант” газетасининг биринчи нашри шаҳардаги меҳнат муҳожирлари орасида тарқатилмоқда.

“Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари” ташкилотининг Рязандаги бўлими бошлиғи, Ассоциациянинг Мигрантлар билан ишлаш Департаменти раҳбари Азим Махсумов Озодликка муҳожирлар учун нашр лойиҳаси анчадан буён режада бўлгани, бироқ энди унга маблағ топилганини гапириб берди.

- Биз 2012 йилнинг баҳорида бу масалага жиддий ёндашдик. Россия миграция соҳаси ва қонунчилигида жиддий ўзгаришлар амалга оширила бошлаганидан кеийн биз фаоллигимизни оширдик. Ниҳоят, ҳомий топдик ва газетани чоп эта бошладик. Газетамизнинг асосий ғояси меҳнат муҳожирларининг маданий-ҳуқуқий мослашиши ва Россия жамиятига интеграцияси жараёнини енгиллаштириш, уларда пайдо бўлаётган долзарб масалалар ечимини топиш ва сўзсиз муҳожирларнинг ҳуқуқий мухофазасини таъминлашдир. Газета орқали биз ўз фикр-ғояларимизни етказишга уриниб кўрамиз, шаҳар меҳмонлари билан бевосита мулоқатда бўламиз,- дейди Азим Махсумов.

Нашр ташаббускори сўзларига кўра, газета Рязандаги мигрантларнинг 80 фоизини ташкил этувчи ўзбек ва тожик муҳожирлари учун уларнинг тилида ҳамда русчада, ҳозирча, 1000 нусхада нашр этилган. Газета таъсисчиси бир ойда бир маротаба чиқарилаётган газетани феврал ойидан икки маротаба чиқаришни режалаштирганини маълум қилди.

Махсумов А3 форматида чиқаётган газетанинг бош саҳифаси ҳуқуқий маслаҳатлар, миграция соҳасида Россия қонунчилигига киритилган янгиликларга бағишлангани, Рязан ва вилоят янгиликлари берилиб борилиши кўзда тутилганини ҳам қўшимча қилди.

“Булардан ташқари, нашримизнинг асосий мақсади тарбиявий-ахлоқий масалаларга эътибор қаратишдир”, дея давом этади “Мигрант” газетаси муҳаррири Азим Махсумов.

- Бу соҳада биз Рязан вилоятининг “Муҳтасибат” ислом ташкилоти билан ҳамкорлик бошладик, чунки бизнингча, дин энг қудратли тарбиявий воситалардан биридир. Зеро бу ерга келаётганларнинг аксари мусулмончилик маркази саналган Марказий Осиё мигрантларидир. Аниқроғи, уларга биз бутун бир саҳифани ажратишга қарор қилдик,- дейди мигрантлар газетаси раҳбари Азим Махсуомв.

Нашр таъсисчиси ҳисобланган “Биз ҳар хилмиз ва биз биргамиз” Миллатларо ассоциацияси вакиллари Озодликка “Мигрант” газетаси Федерал миграция хизмати вилоят бошқармаси, Наркотикларга қарши хизмати ва маҳаллий маъмурият раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланаётганини билдиришди.

Ташкилот раиси Людмила Аронова газета Миграция бўлимларида, масжидларда ва меҳнат муҳожирлари компакт яшовчи ва меҳнат қилувчи жойларда тарқатилишини маълум қилди.

У 2005 йилда тузилган ташкилот Рязанда яшаётган меҳнат муҳожирлари муаммоларидан ташқари бошқа миллий-маданий муаммолар билан шуғулланаётганини айтади.

- Газетани молиялаш масаласи бизга анча қийинчилик туғдирди. Чунки биз аслида кўнгиллилармиз – давлатдан бирор тийин маош олмаймиз. Лекин биз бошлаган фаолият кўплаб давлат идоралари ва тадбиркорлар учун анча кўмак бергани боис бизни молиявий қўлловчилар ҳам йўқ эмас. Айниқса, охирги бир йил давомида ҳукуматнинг миграция соҳасида тартиб ўрнатиш талаби бизнинг миллатлараро ва миграция масаласида бажараётган фаолиятимизга жамоатчилик эътиборини қаратди,- деди “Биз ҳар хилмиз ва биз биргамиз” Миллатларо ассоциацияси раиси Людмила Аронова.

Аронова 65 минг аҳолиси бор Рязанда “Мигрант” газетаси яқин келажакда 3 минглик тиражда чоп этилиши режалаштирилаётгани ҳам айтиб, Озодлик Радиоси орқали Рязанга келаётган меҳнат муҳожирларини ҳамкорликка даъват этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG