Линклар

АҚШдаги Heritage Foundation стратегик тадқиқотлар институти 2013 йилги Иқтисодий эркинлик индексини эълон қилди. Иқтисодларига баҳо берилган 177 мамлакат орасида Ўзбекистон 162 ўринни эгаллади.


Ўзбекистон-иқтисодий эркинлик бўғилган давлат

Иқтисодий эркинлик индексида Ўзбекистон иқтисодлари энг репрессив бўлган давлатлар қаторидан жой олган.

Ўзбекистон ҳукумати тадбиркорлик соҳасида жиддий ютуқларга эришилганини айтиб келса-да, Heritage Foundation мутахассислари, хусусий мулк ҳуқуқи, коррупциядан холилик, ҳукумат харажатлари, пул сиёсати эркинлиги, бизнес эркинлиги, меҳнат эркинлиги, валюта эркинлиги, савдо эркинлиги, сармоя эркинлиги, молиявий эркинлик каби ўн омилга асосланиб, ҳисоботда Ўзбекистонни иқтисодий эркинлик бўғилган давлатлар сафига қўйди.

1989 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланадиган андижонлик Абдувосит Эминов бизнес муаммоларини шахсан бошидан ўтказаётганлардан бири.

Ҳозирда савдо билан шуғулланаётган Абдувосит Эминовга кўра, бугунги кунда молиявий ва сармоя эркинлигига доир муаммолар ўзбек тадбиркорлари учун долзарб ҳисобланади.

- Нақд пулга сотиб олинадиган товарлар бор. Пул ўтказиш билан олсангиз 10-15 фоиз қимматга тушади. Солиқ инспекцияси давлат пул ўтказиш йўли билан сотгин, пулни банкка топширгин деб талаб қилади. Биз топширсак, пул ўтказиш йўли билан қиммат келади. Натижада бизда қийинчилик. Доимо солиқ инспекцияси билан бизнинг ўртамизда мана шунақа келишмовчилик, мана шунақа нарсалар келиб чиқади. Агар ҳамма пулимизни банкка тўлиқ топшириб, пластикка савдо қилиб, кейин перечислениега товар оладиган бўлсак, биз икки ойдан нариëққа ўтмаймиз. Банкрот бўламиз. Нимага деганингизда перечислениега олинган нарса қиммат келади бизга,- дейди тадбиркор.

Heritage ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистон ўтган йили молиявий эркинлик, пул сиёсати мезони бўйича ортга кетган.

Ўзбек тадбиркорлари банклардан кредит олишнинг қийинлиги, банкка қўйилган маблағни эса керак бўлиб қолган вақтда олиш имкони йўқлигидан шикоят қилиб келадилар.

Тадбиркор Эминов ҳам банкдан кредит олишдаги югур-югурлардан қочиб, таниш-билишлардан қарз олишни маъқул кўришини айтади.

- Ҳисоб рақамимиз Микрокредит банкда. Кеча пул ўтказиш учун бориб айтдим. Кредит берасизларми, десам, берамиз дейди. Энди югур-югур кўпда гапнинг очиғи. Югуриб, орқасидан ялиниб, шаҳарга бориб, унисига учраб, бунисига учраб, 10 кун орқасидан югургандан кўра, кўпроқ ўзимнинг таниш-билишимга бораман. Менга мана бунча пул бериб туринг, дейман. Пули бўлса, дарров беради,- дейди тадбиркор.

Heritage Foundation ҳисоботида Ўзбекистон минтақа давлатлари орасида иқтисодий эркинлик бўйича энг қолоқ мамлакат сифатида қайд килинган. Қозоғистон (63 балл) 68-ўрин, Қирғизистон (59,6 балл) 89-ўрин, Тожикистон (53,4 балл) 131 ўринни эгаллаган.

Мутахассислар фикрича, Ўзбекистон иқтисодидаги муаммолалар сабабларидан бири мамлакатда ишлаб чиқариш соҳасидаги вазиятнинг ҳаминқадар аҳволга тушиб қолгани билан ҳам боғлиқдир. Бундан ташқари Ўзбекистон солиқ тизими савдо ва хизматлар соҳаси ривожланишига жиддий тўсқинлик яратмоқда, деяди таҳлилчилар.

Ўтган ҳафта Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси ва PricewaterhouseCoopers аудиторлик компаниясининг ҳисоботида Ўзбекистон солиқ энг юқори бўлган давлатлар рўйхатига киритилди.

Иқтисодий эркинлик бироз яхшиланган

Айни пайтда, Heritage муаллифларига кўра, Ўзбекистондаги аҳвол 2012 йилга нисбатан ҳукумат ҳаражатлари, бизнес эркинлиги ва меҳнат эркинлиги борасида бироз яхшиланган.

Бу ижобий ўзгаришлар туфайли Ўзбекистон умумий натижаси атиги 0,2 баллга яхшиланган ва бу мамлакатдаги иқтисодий эркинлик даражаси жами 46,0 баллни ташкил қилган.

Тадбиркор Абдувосит Эминов ҳам бугунги кунда ўз фаолиятида бу ўзгаришларни сезади.

Эминов эркин савдо қилиш имконлари яратилаётгани айтиб, ҳозирда тадбиркорлар фаолиятига аралашиш, уларни назорат қилиш бирмунча камайгани ҳақида гапирди.

- Йўқ, тўсиқ йўқ. Унақа тўсиқ йўқ. Масалан, бозорга борасиз. Пулингиз бўлса, улар перечислениега бўлса ҳам бераверади. Процентини кўпроқ қўйиб қимматроқ бераверади. Нақд пулга ҳам сотиб олинаверади. Унақа масалада қийинчиликлар йўқ бўлиб кетган ҳозир. Илгари кооператив даврида жуда катта тўсиқ бор эди. Ҳозир унақа тўсиқ йўқ. Хоҳлаган жойингизга бориб, товарни олишингиз мумкин. Келишиш мумкин, шартнома тузиш мумкин. Кейин илгари кўп ички ишлар ходимлари, ëмон текширарди. Кўп аралашарди. Шу нарсалар йўқолиб кетди. Шунисига раҳмат дейишимиз керак. Бемани текширишлар йўқ,- дейди тадбиркор.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2013 йил январ ойидан турли йўналишлардаги тадбиркорлик фаолияти учун лицензия тўловлари энг кам иш ҳақининг икки ярим баробарига қадар озайтирилди.

4 январ куни кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонуний ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига биноан иқтисодий жиноятлар содир этганликда айбдор, деб топилиб озодликдан маҳрум қилинган шахсларнинг жазоси енгиллаштирилади.

Жиноят Кодексининг баъзи моддалари бўйича жавобгарликка тортилганлар эса, муайян шартларни бажарган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод қилиниши ҳам мумкин.

Heritage Foundation тузган рейтингга кўра, иқтисодий эркинликлар бўғилган давлатлар сафида Ўзбекистондан кейин фақат 15 та давлат бўлиб, Зимбабве (28,6 балл), Куба (28,5 балл) ва Шимолий Корея (1,5 балл) кабилар "ёмонларнинг ёмони" сифатида таърифланади.

Ҳисоботга кўра, Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди ҳисобланган Ҳонконг 89,3 балл билан иқтисодий эркинлик бўйича энг эркин деб топилган.

Айни пайтда, Ҳонконгдаги иқтисодий эркинлик вазияти ўтган йилга нисбатан 0,6 баллга ёмонлашгани қайд қилинган ҳужжатда.

Ҳисоботда иқтисодий эркин давлатлар бешлигидан Сингапур (88 балл), Австралия (82,6 балл), Янги Зеландия (81,4 балл) ва Швейцария (81 балл) эгаллаган.

АҚШ мазкур рўйхатнинг 10 поғонасидан жой олган бўлиб, бу ердаги иқтисодий эркинлик 76,0 балл билан баҳоланган.

МДҲ давлатлари орасида Арманистон (69,4 балл) энг иқтисодий давлат деб топилиб, рўйхатнинг 38-поғонасидан жой олган.

Россия (51,1 балл)даги вазият эса Марказий Осиё давлатларидан ҳам ёмонроқ бўлиб, рўйхатнинг 139-ўриндан жой олган.

Heritage ҳисоботига Афғонистон, Ироқ, Сурия, Лихтенштейн ва Ливия киритилмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG