Линклар

Интернетни тадқиқ қилувчи Ookla ширкати Ўзбекистонни Интернет тезлиги энг суст ва заиф бўлган давлатлар қаторига қўшди. Интернет тезлиги бўйича Ўзбекистон МДҲнинг бошқа мамлакатларидан анча ортда қолган.


Кенг тасмали алоқа ва Интернет тармоғини ташҳис этувчи дастурлар билан шуғулланувчи Ookla ширкати дунё давлатларидаги Интернет тезлигига оид сўнгги статистик маълумотларни эълон қилди.

Ўзбекистон Интернетдан маълумотлар юклаб олиш тезлиги бўйича 180 та давлат ичида 166-ўринни (1,81 Мбс) эгаллаган.

Рўйхатдаги Ўзбекистоннинг ўрни 2012 йил 10 декабридан 2013 йил 8 январгача бўлган муддатда ўтказилган тест натижалар таҳлили асосида аниқланган.

Интернет тезлигини аниқллаш учун ширкат Ўзбекистон ичида жойлашган 48351 та ҳақиқий IP адреслар орқали жами 180638 та тест ўтказган.

Интернетдан маълумотлар юклаб олиш тезлиги бўйича рўйхатда Қозоғистон 51 (10,94 Мбс), Қирғизистон 64 (7,79 Мбс), Тожикистон 78 (6,58 Мбс), Ўзбекистон 166-ўринга (1,74 Мбс) қўйилган. Рўйхатда Туркманистон йўқ.

Ўзбекистонда Интернет сустлиги сабаблари

Ўзбекистон Интернет сустлиги бўйича Марказий Осиёдаги қўшни давлатлардан анча ортда қолгани борасида мутахассислар бир хил фикрда эмас.

Баъзилар Интернет сустлигини ҳукуматнинг Интернетни назорат қилиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтса, бошқалар буни Ўзбекистонда кучли серверлар йўқлиги билан изоҳламоқда.

Ookla ширкати эълон қилган рўйхатда Ўзбекистондан олдинги 165-ўринни Эрон эгаллаган.

Озодлик радиоси Эрон хизматининг Интернет бўйича мутахассисиси Фред Петросян Эронда Интернет тезлиги Ўзбекистондаги каби суст эканини кўпчилик ҳукумат Интернет устидан назорат ўрнатгани билан изоҳлашини айтди.

- Биринчидан, Интернет тезлигига оид саволингизга Эрон расмийлари ёки ҳукуматидан ҳеч қачон расмий жавоб ололмайсиз. Иккинчидан, 2012 йилда Эронда Интернет тезлиги анча секинлашди ва Интернет алоқаси бир неча марта узилиб қолди.

Ҳукумат мамлакатда рўй бериши эҳтимоли бўлган норозиликлар ҳақида хорижга маълумотлар чиқишининг олдини олиш мақсадида Интернет устидан кучли назорат ўрнатган, деди Фред Петросян.

Ўзбекистондаги “Инфоком” журнали мухаррири Александр Сучков Озодлик билан суҳбатда мамлакатда Интернет сустлигини Интернет ҳукумат томонидан назорат этилиши билан эмас балки, Ўзбекистонда маълумотлар сақлайдиган кучли серверлар йўқлиги билан изоҳлади.

- Асосий сабаби биз Интернетга маълумотлар қўйишдан кўра, анча кўп маълумот оламиз. Шунинг учун биздаги 80 фоиздан кўпроқ трафик хорижий. Масалан, сиз билан суҳбатимиз хорижий давлат орқали амалга ошяпти. Бизнинг электрон почтамиз бор. Аммо у хориждаги серверда. Бир-биримизга электрон почта орқали хат жўнатсак ҳам хорижий орқали жўнатамиз.

Тезлик ошиши учун Ўзбекистонда кучли маълумотлар маркази бўлиши керак. Почта ёзишмаларини сақлайдиган, фаол ишлайдиган кучли серверлар бўлиши керак. Бизда маҳаллий трафик генерацияси жуда кам. Бу ривожланяпти, аммо талаб даражасида эмас, деди Александр Сучков.

Ookla ширкати Интернетдан маълумот юклаб олиш тезлиги бўйича эълон қилган рўйхатда дастлабки учта ўринни Ҳонгконг, Сингапур ва Япония эгаллаган.

Рўйхат остидан Ботсвана, Сенегал ва Жазоир ўрин олган.

БМТ комиссияси кенг тасмали алоқа бўйича 2012 йил сентябрида эълон қилган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон аҳолининг Интернетга чиқа олиш имконияти билан таъминланганлиги бўйича Марказий Осиёда иккинчи ўринда туради.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 10 миллионга яқин одам Интернетдан фойдаланади.

Ҳисоботга кўра, Қозоғистонда аҳолининг 45 фоизи, Ўзбекистонда 30,2 фоизи, Қирғизистонда 20 фоиз, Тожикистонда 13 фоиз, Туркманистонда 5 фоиз аҳоли Интернетга чиқиш имкониятига эга.

Жаҳоннинг 177 мамлакатидаги Интернетдан фойдаланувчиларга оид маълумотлар келтирилган БМТ ҳисоботида шу кунда дунёдаги 2 миллиард 260 миллион одам глобал тармоқдан фойдаланиш имкониятига эга экани билдирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG