Линклар

Ўзбекларнинг миллий таоми ҳисобланган ош пишириш санъати бўйича Тошкентда ўтказилган республика мусобақасида самарқандлик Абдуманнон Нусратов ғолиб бўлди. Абдуманнон ош пишириш санъатини самарқандлик машҳур ошпаз бобоси Аҳмаджон ҳожидан ўрганганини айтади.



Янги йилнинг биринчи ҳафтасида TV Markaz телеканали ўтказган “Ошга марҳамат-2” лойиҳасида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келган 32 нафар ошпаз иштирок этди.

Уч босқичда ўтган мусобақада Самарқанд шаҳрининг Боғимайдон маҳалласида истиқомат қиладиган 36 ёшли ошпаз Абдуманнон Нусратов биринчи ўринни элаллади. У паловхонтўра пишириш бўйича Ўзбекистон чемпиони унвонига сазовор бўлди.

“Ош пишириш мен учун фақат касб эмас, бундан мазза қиламан, шунинг учун ҳам конкурсдаги катта ошпазлар олдида сира ҳаяжонланмадим”, дейди Озодлик билан суҳбатда Абдуманнон Нусратов:

- Биринчи босқичда самарқандча чойхона ош қилдим. Иккинчи босқичда, самарқандча тўй оши қилдим. Учинчи босқичда эса кенжа гуручдан тошкентча чойхона оши пиширдим. Ўнта жюри аъзосига ҳам мен пиширган ош маъқул келди,- дейди ошпаз.

Абдуманноннинг айтишича, у ош пишириш санъатини Самарқанд шаҳрида машҳур ошпаз бўлган бобоси Аҳмаджон ошпаздан ўрганган:

- 12-13 ёшимдан бобом ёнида юриб, ош пиширишни ўргана бошладим. Мактабда ҳам яхши ўқиганим йўқ. Асосий вақтим шогирдликда ўтган,- дейди Абдуманнон.

Ошпазнинг айтишича, у бир вақтнинг ўзида шогирди билан 8 та дошқозонда ош пишира олади:

- Масалан, ҳар бир қозонга 60 килодан гуруч кетади. Тўйларда 8-9тагача қозон қўйиб ош қилган кунларим ҳам бўлган. Албатта шогирдим ёрдам берган. Биласизми ош пиширишнинг гашти борда, айниқса ошхўрлар мақтаб қўйса борми, ошпазга бундан ортиқ сийлов йўқ,- дейди Абдуманнон.

Ўзбекистон вилоятларида ош турли хил усулларда пиширилади. Ошпаз Абдуманнон фикрича, ҳар бир вилоятда пишириладиган ош турлари ўша ернинг иқлимига мос тарзда пайдо бўлган:

- Ҳар бир вилоятнинг ўзига хос иқлими бор. Масалан водийликлар ошда думба ёғини ва қалампирни кўп ишлатишади, самарқандликлар эса думба ёғини кўтармайди ва зиғир ёғи кўпроқ ишлатилади. Тошкентда яна ўзига хос, ошга кўп масаллиқ ва зираворлар солади. Бухорода эса “оши софий” дейди. Улар ҳамма нарсани пишириб олиб, охирид ёғ солишади. Шундай ҳар бир вилоятнинг ўзига хос удуми бор. лекин мен учун энг зўр ош бу самарқандча палов,- деди Абдуманнон Нусратов.

Ошпаз суҳбат сўнгида ош пишириш бўйича халқаро мусобақалар ўтказиладиган бўлса, унда қатнашиш истаги борлигини билдирди.

Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси раиси Акбар Умаров ўтган йили рекорд ҳажмдаги гуручдан умумий оғирлиги 5 тонна бўлган палов пишириб, "Гиннес"нинг рекордлар китобига кириш режаси борлигини билдирган эди.

Гиннес" халқаро қўмитасидан жавоб кутаётган Акбар Умаров, 5 тонналик ошни дамлаш учун айланаси 7 метр, чуқурлиги 80 см бўлган қозон зангламайдиган пўлатдан ясалгани ҳақида Озодликка айтган эди.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG