Линклар

logo-print

Агар жиззахлик бир гуруҳ мураббий лоқайд бўлганида эди, вазирлик улар ишлайдиган мактаб-интернатда махсус текширув ўтказмас, ёпиқлиқ қозон ёпиқлигича қолиб кетаверган, интернатдаги ўқувчилар косасига гўшт тушмаган, чойшаблари ювилмаган, бошларидаги бит эса, кўпайгандан кўпайиб кетаверган бўларди.



"Жамият ва қонун" дастурининг бугунги сони Ўзбекистондаги бир мактаб интернат тарбияланувчиларининг ризқи қийилаётгани тўғрисида бўлиши мумкин эди. Лекин гап бу ҳақда эмас.

Дастуримиз сони ўша мактаб директорининг “отдан тушса ҳам, эгардан тушмаётгани” тўғрисида бўлиши мумкин эди. Лекин гап бу ҳақда эмас.

Интернатдаги аҳволдан Халқ таълими вазирлиги хабар топиб, қисқа муддат ичида керакли чоралар кўргани тўғрисида бўлиши мумкин эди. Лекин гап бу ҳақда ҳам эмас.

Унда нима ҳақда?

Нима ҳақдалигини илғаш учун эшиттиришимизни диққат билан тинглашингизга тўғри келади.

Тарбиячи, тунги ҳамшира ва якшанбалик тарбиячи


- Мен Жиззах вилояти, Зарбдор туманида яшайдиган Умурзоқова Азизаман. Ëшим 28да. Кар болалар махсус интернатида тарбиячи бўлиб ишлайман. Маълумотим ўрта махсус, деди Азиза Умурзоқова.

Азиза Умурзоқова – асосий қаҳрамонимиз. Эшиттиришимизнинг яна икки қаҳрамони бор.


- Мен Холиқова Гулчеҳраман. Махсус мактаб интернатда 22 йилдан бери ишлайман. Тунги ҳамшираман. Ëшим 45да. Тўртта фарзандим бор, деди Гулчеҳра Холиқова.

Гулчеҳра Холиқова ва асосий қаҳрамонимиз Азиза Умурзоқовадан ташқари яна бир қаҳрамонимиз бор.

- Мен Ўсарова Фотимаман. Бозор куни, байрам куни тарбиячиман. Алоҳида ишлаймизда. Бозор кунлари, байрам кунлари қолган болаларга қараймизда, деди Ўсарова Фотима.

Фотима Ўсарова, Гулчеҳра Ҳолиқова ва Азиза Умурзоқовалар –ҳамкасблар. Улар битта мактабда, мана бу мактабда ишлайди.

Бир ўқувчига бир хизматчи тўғри келадиган мактаб

- Мактабимиз Жиззах вилояти, Зарбдор тумани, Янги Бўстон қўрғонида жойлашган. 1-сонли кар болалар махсус мактаб интернати.

Озодлик: Нечта бола тарбияланади сизларда?

- Рўйхат бўйича 140та.

Озодлик: Нечта ўқитувчи бор?

- Ўқитувчиларнинг аниқ сонини билмайману, лекин 36 нафар тарбиячи бор.

Озодлик: Ўқиутвчи, тарбиячи, тунги ҳамшира, умуман педагогик коллектив нечта киши?

- 80лар атрофида бўлиши мумкин.

Озодлик: Улардан ташқари ошпаз.

- Ҳа, улардан ташқари ишчи ходим ҳам бор. Ошпаз опалар бор, фаррош опалар бор, қоровул акалар бор.

Озодлик: Демак ҳар бир ўқувчига биттадан катта одам тўғри келарканда?

- Тўғри.

Озодлик: Сизлар ишлаëтган мактабда болалар неча йил тарбияланади?

- Ҳозир 11 йиллик бўлган. Бу йилдан бошлаб 9 йиллик бўлади деган гап бор. Бултур ҳам 11-синфларни биз ўқитганмиз.

Қаҳрамонларимиз ва улар ишлайдиган мактаб билан танишиб олдикки, бу маълумотлар бундан буёғига айтиладиган гапларни тушунишингиз учун керак эди.

Ҳақиқат излаб

Ҳақиқатни биринчи бўлиб тарбиячи Азиза Умурзоқова излай бошлади.

- Биз, интернатимизнинг бир гуруҳ ходимлари мактабимиздаги директоримиз Қўчқор Азимовнинг ҳаракатларидан норози бўлиб, Ўзбекистон республикаси Халқ таълими вазирлигига шикоят аризаси билан мурожаат қилганмиз.

Озодлик: Шикоятни қачон ëзгансизлар?

- Ноябр ойида эдида. 20лар атрофида эдида.

Озодлик: Тўғри вазирликка ëзганмисизлар ë бошқа жойга ҳам мурожаат қилганмисизлар?

- Биз ОблОНОга оғзаки айтганмиз. Лекин ҳеч қанақа натижа бўлмаган. Шундан кейин биз республика прокуратураси, республика МХХ, Халқ таълими вазирлигига бир хил нимада ëзганмизда, деди Азиза Умурзоқова.

Хўш, Азиза Умурзоқова ва унинг ҳамкасблари нимадан шикоят қилишди?

Вазирликка жўнатилган шикоят хатини имзолаганлардан бири Гулчеҳра Ҳолиқованинг айтишича, улар “Тунги ëтоқхонанинг камчиликлари, ошхонанинг овқатларининг ëмон аҳволда бўлгани, постеллар вақтида ювилмагани, болаларнинг койкалари камлигини” ёзишган.

Шикоятга якшанбалик тарбиячи Фотима Ўсарова ҳам имзо чеккан.

Озодлик: Сиз ҳам қўл қўйганмисиз ўша аризага?

- Қўл қўйганман.

Озодлик: Нима деб ëзилган эди аризада?

- Аризада шу ошхона бўйича ëзилган. Ëтоқхона ҳақида, директор ўз манфаатини ўйлагани, қариндош-уруғларини ишга олганлари, эски ишчиларни ярим ставка қилиб ташлагани, ўшанинг ичида ўзимнинг қизим ҳам бор, деди Фотима Ўсарова.

Тошкент шикоятга ошиғич эътибор билан қаради

Тарбиячи Азиза Умурзоқованинг айтишича, мактаб ходимларидан бир гуруҳи имзолаган шикоят Халқ таълими вазирлигига 2012 йил ноябрининг учинчи декадаси бошида ёзилган эди.

Орадан бир ой ўтиб-ўтмаёқ

- 2012 йил 14 декабр кунида Халқ таълими вазирлигидан ишчи гуруҳ келиб, аризадаги ҳолатлар бўйича мактаб интернатнинг ўзида текшириш ишларини олиб борди, дейди Азиза Умурзоқова.

Шикоят муаллифлари вазирлик вакилларига бор гапни тўкиб солди. Тунги ҳамшира Гулчеҳра Холиқованинг айтганлари:

- Вазирликдан келиб текширди. Текширдида “Шу бандларингизга ишонч ҳосил қиласизми?” деди. Мен “Ишонаман. Чунки ўзим тунгида ишлайман. Бир неча маротаба Қўчқор Азимовга мурожаат қилганман” дедим. Масалан постеллар, койкаларнинг етишмаслигини, вақтида ювилмаслигини, светлар ўчади, бир донагина фонар берган, ўзим ҳамшираман, тунги дори-дармоннинг етишмаслигини неча марта мурожаат қилдим. Умуман инобатга олишмаган. Тунги овқат айниқса. Ҳеч ким келиб текширмайди. Мен тунги ҳамшираман. Ўша овқатнинг ҳаммасини текширган ҳолда завхозга кўрсатдим, кундузги ҳамширага кўрсатдим. Охири завхозга, завхоз жияни бўлади, айтдим. У менга “Сиз уйингизда гўшт емайсизку” дейди. “Гўштнинг суяги бўлади. Мен ҳамшираман. Аввал кундузги ҳамшира бўлиб ишлаганман. Кундузги ҳамширалигимда меню ëзганман. Ўша меню бўйича таомларнинг гўшти талабга жавоб бермаяпти” десам, “Опа берганини соламан” деди. “Сен талаб қил. Кириб Қўчқор Азимовнинг ўзидан талаб қил” десам, “У ëғига мен жавоб бераман” деди. Кейин мен Қўчқор акага кирдим. Қўчқор аяка жияни бўлгани учун ëпиқ қозонни ëпиқлигича қолдирди, дейди Гулчеҳра Холиқова.

Вазирлик комиссияси шикоят юзасидан ўз хулосасини чиқарди. Хулоса мазмуни билан бироздан кейин танишасиз.

Ҳозир эса, шикоят матнини ёзган тарбиячи Азиза Умурзоқовага берганимиз бир савол жавобини эшитинг.

Сизга нима зарил?

Озодлик: Нимага сиз ҳе йўқ бе йўқ тинчгина ишлаб юравермасдан директорнинг устидан ëза бошладингиз?

- Ëзишга сабаб, қарангда менинг иккита қиз бола ўқувчим бор. Қолганлари ўғил бола. Жами 8та. Ўша иккита қизнинг боши галма галга бит босиб кетаверади. Ундан ташқари ўқувчилар мактабда овқатга қорни тўймайди. Ўшандан кейин мен айтаяпман сизлар постелларни ювсаларинг, сал тозаликка риоя қилсангларинг бунақа бўлмасмиди деб гапирдим. Кейин бир кун ўқувчиларни ошхонага овқатга олиб бордим икки яримда. Первий второй овқат ейди улар. Овқатга олиб бораяпманда, ўқувчиларим асосан бошланғич синфларда, мен шу ерда чойларни, тарелкадаги биринчи, иккинчи овқатларни тақсимлаб шундай олдиларига қўйиб бераяпманда, шундай косага қараяпман, тўртта косада бир грамм гўшт йўқ. Кейин мен шеф поварни чақирдимда, унга “Сиз, буларнинг овқатига умуман гўшт маҳсулоти тушмабди, лекин менюда гўшт маҳсулотлари ўзининг нормасида ëзилган бўлиши керак. Нега шу нарсага эътибор қилмаяпсиз? Ҳар бирининг ризқини алоҳида ëзгандан кейин уни тўғри тақсимлаб берингда” дедим. Кейин менга қараб у киши “Бугун складимизда гўшт кам бўлгани учун биз қозонга гўштни кам солганмиз” деди. “Унда нимага менюга шу қадар ëзаяпсиз?” дедим. Президентимиз томониданчи ногирон болалар учун жуда катта шароитлар, ëрдамлар кўрсатиб қўйилган. Бундан мен, менинг оилам ëки менинг атрофимдаги бирга ишлайдиган ходимлар ногиронларга қаратилаëтгандан эътибордан хурсандмиз. Лекин нима учун шунақанги раҳбарлар ëки бўлмаса ОблОНОмизнинг мудири сенатор Қуроқбой Эргашев нега буларга шунчалик бефарқ? Мен ëмон бўлганим мана шу ногиронларнинг ҳақ-ҳуқуқини озгина бўлса-да ҳимоя қилиб бераманми, ота-оналар бизга шу қадар шу ерда ишониб ташлаб кетган. Туну кун шуларнинг олдида биз бўлиб, шуларга қараймиз. Озгина бўлса ҳам шуларга эътиборли бўлиш керак қабилида бош кўтарганман.

Озодлик: Шикоятга неча киши қўл қўйган?

- 8 киши қўл қўйган.

Текшириш нима билан тугади?


Қўлимизда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлигининг Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Қуроқбой Эргашев номига 2012 йилнинг 22 декабрида ёзилган 03-3188-сонли мактуби нусхаси.

Хатда Азиза Умурзоқова ва бошқаларнинг улар ишлайдиган мактабдаги қонун ва қоидабузарликлар тўғрисида ёзган аризаси юзасидан текширув натижалари битилган.

3 варақли мактубдан педагоглар шикоятида келтирилган фактлар тўла тасдиғини топгани маълум бўлади.

Вазир ўринбосари А. Холбеков имзолаган хатда мактаб-интернат директори Қ. Азимов билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ва интернатдаги аҳволни ўнглаш юзасидан қатор чораларни амалга ошириш бошқарма бошлиғидан талаб қилинган.


Айтаётганимиз хат чиндан ҳам Халқ таълими вазирлигидан чиққан ҳужжат эканлигини вазирлик масъул ходими А. Муталиев Озодлик саволларига жавоб берар экан тасдиқлади.

Ишдан бўшатилиши талаб қилинган мактаб директори Қ. Азимов билан ҳамда Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи, сенатор Қуроқбой Эргашев билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Бироқ сенатор билан яқиндагина, вилоятдаги бошқа бир мактабга боғлиқ можаро муносабати билан гаплашган эдик, у киши барча саволларимизга жавоб берган эди.






Отдан тушса ҳам, эгардан тушмаган директор

Аризачилар вазирлик текшируви ҳақиқатни қарор топтирди, деган фикрда.

- Лекин ҳақиқат қарор топгани билан, Қўчқор Азимов қоғозда бўлгани билан ўз ўрнини бермаяпти. Мудир Қуроқбой Эргашев Қўчқор Азимовни қўллаб-қувватлаб ўз ўрнида ишлатиб ўтирибди. Қоғозда бўшаган билан амалда ишлаб юрибди у. Умуман хонасини бўшатиб бергани йўқ. Номига вақтинчаликка Замира Маликовани қўйдию, лекин на кабинетини бўшатади, на калитни беради, на печатни беради. Ўзи ишлаб ëтибди.

Озодлик: Комиссия 14 декабрда келган бўлса,

- 30 декабр куни Қўчқор Азимовни ишдан бўшатди вазирлик. Аризасини олди, приказини чиқарди. Уни биз кўзимиз билан кўрдик вазирликка бориб. Қайтиб келдик. 4-январда яна йиғилиш қилди ишхонамизда.

Озодлик: Ким йиғилиш қилди?

- Қўчқор Азимов. Ишдан бўшаган бўлса ҳам йиғилиш қилдида, йиғилиш қилиб ҳамма ходимларга яна ҳеч нарса кўрмагандай “Мен революция қилдим. Мен муҳитни тозаладим. Ким ëзган бўлса, ëзувига жавоб беради. Мен бу ишни шундайлигича қолдирмайман” деди. Биз яна чиқиб вазирликка телефон қилдик. “мана шунақа аҳвол” деганимиздан кейин 5-январ куни Қуроқбой Эргашев келдида бизнинг хатларимиз бўйича мажлис ўтказди. “Мен Қўчқор Азимовни ишдан бўшатдим. Бўшатганим билан бу кишини бу ердан чиқармайман. Шу ерда қолади, ишлайди. Сизларнинг гапларингиз тўғри, ëзгансизлар. Қўчқор Азимовнинг айби кўп. Лекин айбсиз парвардигор. Айб иш қиладику. Нима қилибди? Энди шунга вазирликка бориш шартми?” қабилидаги ҳангамани олиб бордида, йиғилиш ўтказиб, ...

Озодлик: Бу уч кун олдин бўлаëтган гап (суҳбат 8 январ куни ëзиб олинган).

- Ҳа. Номига вақтинчлик приказдан ўтмаган Замира опани директор қилиб сайлаб кетди. Вақтинча деди.

Озодлик: Мен хаëлимга қанақа савол келса, қўпол бўлса ҳам беравераманда.

- Бемалол.

Озодлик: Мана ишдан бўшатилибди. Бўшатилганига ўзи ҳаммаси бўлиб 10 кун бўлибди ë бўлмабди. Бошқасини тайинлаб кетибди. Озгина сабр қилиб турсанглар бўлмайдими? Бунча қонсираяпсизлар?

- Йўқ, ишни олиб бораяптида ўзи. Биз янги директорга кирсак, эски дейди, “Эскининг олдига киринглар. Шу ишни олиб бораяпти” деган ҳангама бўлаяпти. Бизлар ëзганларимизга жабр қилиб ўтирибди, дейди мактаб-интернатнинг тунги ҳамшираси Гулчеҳра Холиқова.

Сўрамасак айтишмасмиди?

Суҳбатдошларимиз билан гапимиз тугай, деб қолганда ҳар эҳтимолга қарши яна бир саволни шикоят матнини ёзган Азиза Умурзоқовага берувдик, кутилмаган жавобни эшитдик.

Озодлик: Шу кунда ўша аризага қўл қўйганлар ишлаяпсизларми?

- Йўқ. Мен ишдан четлаштирилганман.

Озодлик: Нима учун?

- Ўзи ишдан бўшаган 30-декабр куни. Буйруғи ҳам ўша куни чиққан. Мен буни вазирликда кўрганман. Лекин ўша куни ҳам мени буйруқ билан ишдан бўшатганда.

Озодлик: Демак, 8 кундан бери сиз ишсиз юрибсиз.

- Тўғри, дейди Азиза Умурзоқова.

Унинг ишдан бўшатилгани тўғрисида Халқ таълими вазирлиги билиши, масала ўрганилаётганини, Озодлик саволларига жавоб берар экан, вазирлик масъул ходими А. Муталиев маълум қилди.

Бор гап шу.

Лекин гап тугагани йўқ.


Эшиттиришимиз бошида бугунги мавзуимиз у ҳақда ҳам эмас, бу ҳақда ҳам эмас, деб чайналган эдик.

Эшиттиришимиз нима ҳақда эканлигини илғагандирсиз?

Эшиттиришимиз фаол позиция тўғрисида.

Эшиттиришимиз жамоадаги муҳит соғломлиги жамоанинг ҳар бир аъзосининг кечаётган жараёнларга лоқайд қарамаслигига боғлиқлиги тўғрисида.

Агар Азиза Умурзоқова ва у ёзган шикоятга қўл қўйган яна 7 педагог лоқайд бўлганида эди, вазирлик махсус текширув ўтказмас, ёпиқлиқ қозон ёпиқлигича қолиб кетаверган, интернатдаги ўқувчилар косасига гўшт тушмаган, чойшаблари ювилмаган, бошларидаги бит эса, кўпайгандан кўпайиб кетаверган бўларди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG