Линклар

Грузияда фаоллар мамлакат президенти Михаил Саакашвили истеъфосини талаб қилувчи петицияга 1 миллионда ошиқ имзо тўплаганини айтишмоқда.

Фаолларга кўра, Саакашвилининг президентлик муддати жорий йилнинг 21 январида ўз ниҳоясига етади, чунки мамлакат конституциясида президентлик муддати беш йил деб белгиланган.

Михаил Саакашвили Грузия президенлигига 2008 йилнинг январ ойида иккинчи бор сайланган эди.

Бироқ ўтган йили, мамлакат парламентида Саакашвили партияси кўпчиликни ташкил этган даврда, конституцияга ўзгартиришлар киритилган эди.

Уларга кўра, мамлакат президенти янги президент сайланмагунча иқтидорда қолади.

Грузияда кейинги президентлик сайловлари 2013 йилнинг октябр ойига белгиланган.

2012 йилнинг октябр ойида ўтказилган парламент сайловларида Саакашвили партияси миллиардер тадбиркор Бидзина Иванишвилининг "Грузия орзуси" коалициясига мағлуб бўлган эди.

Бош вазир лавозимига сайланган Иванишвили президент Михаил Саакашвилининг октябр ойигача президентлик курсисида қолишига қарши эмаслигини айтган.
XS
SM
MD
LG