Линклар

OzodJavobнинг бугунги сонида GM Uzbekistan автосалонларидан машина харид қилиш тартиб-қоидалари борасида суҳбатлашамиз.

Машина ҳарид қилишни режалаштирган, бироқ уни қаердан, қанчага олишни билмай боши қотган кўплаб муштарийлар OzodJavobга мурожаат қилиб, бу саволларга ойдинлик киритишимизни сўрашди.

Россиянинг Москва шаҳрида ишлаётган сирдарёлик Нормат ака Email орқали савол йўллаб, машиналар нархи билан қизиқди.

“Мен Россияда тўрт йил ишлаб машина олиш учун пул жамғардим. Яқинда уйга кетишни режалаштираяпман. Malibu олмоқчиман. Лекин Ўзбекистонда бозордан олиш жуда қимматга тушар экан. Салондан олсам арзон бўлар экан. Лекин салонда нархи қанча туришини билмайман. Агар Malibu жуда қиммат бўлса арзонроқ Cobalt олиш режам бор. Кейин айрим машиналар долларда, айримлари сўмда сотилар экан. Илтимос салондаги машиналар нархини билиб берсангиз” дея сўради Нормат ака.

Санкт- Петербургда ишлаётган хоразмлик Шавкат исмли муштарий Skype орқали мурожаат қилиб, Ўзбекистон автосалонларидан машина олиш тартиб-қоидалари борасида сўради.

“Автосалондан машина олиш жуда қийин дейишаяпти. Бир неча йил давомида навбат кутиш керак эмиш. Салондан машина олиш тартиби қандайлигини билмоқчи эдик” деди хоразмлик Шавкат.

Бугунги кунда GM Uzbekistan қўшма корхонасида ўн хилга яқин моделдаги автомобил ишлаб чиқарилмоқда.

Бу автомобилларни мамлакатнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган GM Uzbekistan автосалонларидан харид қилиш мумкин.

Озодлик мухбири GM Uzbekistan нинг Тошкентдаги автосалонларидан бири билан боғланиб, салондан машина сотиб олиш тартиб-қоидаларини сўради.

Ўзини таништирмаган салон ходимига кўра, машина олмоқчи бўлган шахс аввало салонга келиб ариза тўлдиради, кейин унга шартнома берилади.

- Шартномани имзолагач, машина нархининг 85 фоизини тўлайсиз. Кейин машинангиз келишини кутасиз. Бизда машиналар ҳар бир шахс номига алоҳида келади. Сиз фақат ўзингиз буюртма берган машинани кутишингиз лозим. Машина моделига қараб, ҳар хил муддатда келиши мумкин. Буни харидорлар навбат кутиш дейишади. Кутиш 3 ойдан 1 йилгача бўлиши мумкин. Машинангиз салонга келгач мененжер сизга қўнғироқ қилади. Сиз келиб машина нархининг қолган 15 фоизини тўлашингиз лозим. Кейин машинани олиб кетишингиз мумкин,- деди автосалон ходимаси.

Демак, GM Uzbekistan автосалонларидан машина харид қилиш тартиби шундай:

1. Автосалонга бориб ариза топширилади.
2. Олди-сотти шартномаси тўлдирилади.
3. Шартнома имзолангач, машина нархининг 85 фоизи тўланади.
4. Уч ойдан бир йилгача навбат кутилади. (Айрим ҳолларда бундан ҳам узоқроқ бўлиши мумкин)
5. Машина заводдан автосалонга келгач, унинг нархининг қолган 15 фоизи тўланади.
6. Машина ниҳоят сизники.


Ўтган йили пойтахтдаги автосалонларнинг биридан SPARK машинасини сотиб олган тошкентлик Шоира Содиқбекова GM Uzbekistan машиналарини харид қилиш жараёнига ойдинлик киритади.

Шоира опанинг айтишича, салонга ариза топширган пайти харидор фақат автосалон таклиф қилган моделдаги машиналардан бирини танлаши лозим бўлади.

- Хоҳлаган моделдаги машинани сиз ололмайсиз. Сизнинг хоҳишингиздаги машинани улар беришмайди. Улар ўзлари таклиф этишади, “мана бунақа машина бор” деб. Мен Нексия олмоқчи эдим. Менга Спарк тавсия этишди. Мен мажбур бўлиб Спарк автомашинасига пул тўладим, дейди Шоира опа.

Ариза тўлдирилгач, орадан бир неча кун ўтгач машина харид қилиш тартиб-қоидалари акс этган шартнома берилади.

- Мен шартномага қўл қўйиб, шартномани олиб кетдим. Менга шу куни шарт қўйишди “уч куннинг ичида пул тўлашингиз керак автомашинага” деб. “Қанча пул тўлайман” деб сўрадим. “Автомашинанинг 85 фоиз пулини тўлайсиз” деди. “Шуни тўлагандан кейин қачон оламан машинани?” деб сўрасам, бир йил мобайнида, яъни мен бу йил январ ойида шартнома олдим, янаги йил январ ойигача менга машинани етказиб бериш ҳақида тушунтиришди. Шартномада ҳам 6 ойнинг ичида, узоғи билан бир йилнинг ичида машина оласиз деган ëзув бор эди, дейди Шоира опа.

Содиқбекова 10 ой кутиб, Spark машинасини олган. Лекин у машина нархининг қолган 15 фоизини тўлаётган пайти унга Spark келишилган нархдан кўра қимматроқ эканини айтишган.

- Қолган 15 фоизини тўлашим керак эди. 15 фоиз менинг ҳисобимда 3 миллион сўм пул бўлиши керак эди. Шартнома имзолаган пайти қилган ҳисоб-китобим бўйича. Лекин мен қолган 3 миллион сўмни тўлайман деб борганимда “Энди 3 миллион эмас 8 миллион тўлайсиз” дейишди. Сабабини сўрасам, “Сиз шартнома олган вақтингиздан ҳозирги вақтгача машина нархи ошди. Шунинг учун 8 миллион сўм тўлайсиз” дейишди. Мен шартнома олган вақтимдаги суммага 5 миллион сўм ортиқча пул тўладим, дейди Шоира опа.

Содиқбекованинг айтишича, машина олиш учун навбат кутмаслик ёки ўзинг хоҳлаган моделдаги машинани танлаш “имконлари” бор.

Бу “имконлар”га айнан кимгадир пора узатиш эвазига эришиш мумкинлигини таъкидлайди суҳбатдош.

Шоира опа машина олиш учун тўртта ҳолатда пора бериш лозимлигини айтади.

Биринчиси: Содиқбековага кўра, шартнома имзолашни тезлаштириш учун пора берилади. (Суҳбатдош пора суммаси қанчалигини билмаслигини айтди)

Иккинчиси: Шоира опа иддаосича, шартнома имзолаш пайти машина моделини танлаш учун салон ходимларига 500 доллар пора бериш лозим.

- Ҳеч ким ўзи хоҳлаган маркадаги машинани ололмайди. Унинг учун ўша ерда ўзларининг даллоллари ўтирибди. Улар 5-6та. Ана ўша даллоллар олдига борасиз. Келишасиз. 500 доллар берасиз. Кейин сизга хоҳлаган маркангиздаги хоҳлаган машинани танлаш имконига эга бўласиз, дейди суҳбатдош.

Учинчиси: Суҳбатдош айтишича, пора эвазига навбатда туриш вақтини қисқартириш мумкин.

- Биров 1000 доллар бериш керак дейди, биров 500 доллар дейди. Берганингизда навбатингизни тезлаштириб беришади. Бунақа ҳолатлар бўлган. Менинг ўзимнинг танишларим устига 500-1000 доллар берган ҳолатларни эшитганман ва кўрганман. Мен билан бир кунда шартнома олган фуқаролар мендан аввалроқ, яъни 3 ойнинг ичида машинани олиб чиқиб кетишганининг гувоҳи бўлганман. Чунки менинг ўзимнинг танишларим ҳам мен шартнома олган вақтимда улар ҳам олишган. Лекин улар таниш-билишчилик асосида мендан аввал машинани олишди, дейди Содиқбекова.

Тўртинчиси: Шоира опанинг айтишича, машина салонга келган пайти охирги бор “Суюнчи пули” сўрашади.

- Сотувчиларнинг олдида даллоллар ўтирибди. Шартномадаги қолган пулни тўлаш учун квитанция ëздираяпман. Шу жойда “Бугун оласиз машингизни. Машинангиз заводдан келган” дейишди. Мен шартномадаги қолган пулни тўладим дўконнинг ўзида. Банк ходимлари ўтиришган экан. Кейин “Мана тўлаганлигим ҳақидаги квитанция” деб олиб келиб бердим. Машинани олиб чиқиб кетишга пойлаб ўтирибман. “Бугун олмайсиз машинангизни” дейишди. Сабабини сўрасам, сотувчи қизнинг ëнида бир даллол йигит ўтирган экан, унинг даллоллигини мен кейин билдим, ўша йигит “Опа, сиз ҳайитлик берсангиз, ҳозир олиб чиқиб беришади. Машинангиз келган” деди. Ҳайитлик яъни суюнчи пулини сўраб турибди. 100 доллар сўрашди мендан. Бу пулни тўламаганим учун бир ҳафтада олдим машинани, дейди Шоира Содиқбекова.

Озодлик Содиқбекова тилга олган пора бериш ҳолатларини муштарийлар учун тавсия сифатида эълон қилмаяпти.

Ўзбекистон қонунларига кўра, пора олиш ҳам, пора бериш ҳам жиноят ҳисобланади. Жиноят Кодексининг 211-моддаси (“Пора бериш”)га кўра, пора берган шахс жарима тўлаш билан қутилмайди, балки уч йил (такрор содир этса беш йил)гача озодликдан маҳрум қилиниш ҳавфига дуч келиши мумкин.

GM Uzbekistan машиналарининг айрим моделларининг Тошкент автосалонларидаги нархи:

(Машиналарнинг айримлари ўзбек сўмида, айримлари АҚШ долларида баҳоланган)

Malibu 1 позиция- 29 минг 497 АҚШ доллари
Malibu 2- позиция- 30 минг 484 АҚШ доллари
Cobalt 1-позиция-14 минг 976 АҚШ доллари
Cobalt 2-позиция- 16 минг 89 АҚШ доллари
Lasetti 3-позиция- 50 миллион 624 минг сўм.
Captiva “автомат-коробка”- 86 миллион 113 минг сўм


GM Uzbekistan машиналарини АҚШ долларида харид қилиш тартиби:

Тошкентдаги автосалонларидан олинган маълумотга кўра, танлаган автомобилингизнинг нархи АҚШ долларида бўлса салонга келиб халқаро пластик карточкада ҳисоб рақами очиш лозим. Капитал банк ёки Асака банк бўлимларида ҳам айни кўринишдаги ҳисоб рақами очиш мумкин. Кейин машинанинг белгиланган нархини шу ҳисобга ўтказасиз.

Азиз муштарий агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG