Линклар

Сердюков терговчиларга жавоб бермади


Собиқ вазир Анатолий Сердюков 11 январ куни РФ Тергов қўмитасига келди.

Собиқ вазир Анатолий Сердюков 11 январ куни РФ Тергов қўмитасига келди.

“Оборонсервис” ширкатида катта ҳажмдаги маблағнинг ноқонуний ўзлаштирилиши ва товламачилик бўйича очилган жиноий иш доирасида гувоҳ сифатида сўроққа чақиртирилиган собиқ мудофаа вазири Анатолий Сердюков саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Россия Тергов қўмитаси собиқ мудофаа вазири Анатолий Сердюковни иккинчи маротаба “Оборонсервис” ширкатида катта ҳажмдаги маблағнинг ноқонуний ўзлаштирилиши ва товламачилик бўйича очилган жиноий иш доирасида гувоҳ сифатида сўроққа чақиртирди. Саволларга жавоб беришдан бош тортган собиқ Мудофаа вазири, терговчиларнинг фикрича, бу кетишда ўзи айбланувчига айланиши мумкин.


2012 йилнинг ноябрида Анатолий Сердюковнинг Россия мудофаа вазири лавозимидан олинишига сабаб бўлган коррупцион жанжал жамоатчилик диққат марказида қолмоқда.

Жума куни эрталаб соат 10 ларда собиқ мудофаа вазири Анатолий Сердюков қора “Мерседес” автомобилда Россия тергов қўмитаси биносига келди. Унга адвокати Генрих Падва ҳамроҳлик қилди.етиб келди.

Бироқ, Россия Тергов қўмитаси расмий вакили Владимир Маркиннинг Озодликка айтишича, сўроққа чақиртирилган Сердюков Тергов қўмитаси биносида икки соат бўлганига қарамай терговчилар саволларига жавоб бермаган. Собиқ вазир ўз ҳаракатини бу масала юзасидан олдиндан тайёрланган ёзма тушунтириш хатини топширгани билан изоҳлаган.

- Агар собиқ мудофаа вазири тергов қилнаётган жиноий ишларга алоқаси йўқлигини билдираётган бўлса, мантиқан терговчиларнинг саволларига жавоб бериш маъқул бўлар эди. Аммо, жаноб Сердюков ва унинг адвокати ҳодиса тафсилотларини ёзма равишда топширишга қарор қилди, чунки бу терговчиларнинг қалтис саволларига жавоб беришдан кўра албатта афзалдир. Эслатиб қўймоқчиманки, бу иш юзасидан тергов энди бошланаётганида вазирлик раҳбарияти тергов ишларига ҳар томонлама ёрдам беришни ваъда қилган. Анатолий Сердюковнинг терговга қаршилик кўрсатаётганига қарамасдан, биз мудофаа вазирлиги мулкининг олди-бердиси тўғрисидаги қарорлар қай тарзда қабул қилингани ва нима учун бундай арзон нархларда амалга оширилгани тўғрисидаги саволларимизга жавоб топишимиз зарур,- дея баёнот берди Владимир Маркин.



Тергов қўмитаси расмийси собиқ вазирнинг ўзини бундай тутиши унинг ҳуқуқий ҳолатига жиддий путур етказиши ва оддий гувоҳ мақоми бошқасига алмаштирилишига асос бўлиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди. Сердюков 2012 йилнинг декабрида биринчи маротаба сўроққа чақирилганида ҳам адвокатининг касаллигини баҳона қилиб, тергов саволларига жавоб бермаган эди.

Ўтган йил октябр ойи охирида Россия Тергов қўмитаси Россия Мудофаа вазирлигига қарашли “Оборонсервис” ширкатида мулклар ва ер участкаларини сотишда товламачиликка йўл қўйилгани бўйича ўнта жиноий иш очган.

Тергов қўмитаси очиқлаган маълумотларга кўра, “Оборонсервис” ва “Славянка” компанияларига қарашли ҳарбий мулкларнинг арзон нархда сотилиши ва ўмарилиши, бюджетдан маблағларнинг ўзлаштирилиши натижасида давлатга 4,4 миллиард рубл (145 млн АҚШ долларидан кўпроқ) зарар етказилган, айрим маълумотларга кўра давлат хазинасига умумий ҳисобда келтирилган зиён 6,7 миллиард рублни (221 миллион АҚШ доллари) ташкил қилади.

Ҳозирда мазкур ишлар бўйича ширкат раҳбариятидан 6 кишига жиноий иш очилган. Терговчилар давлатга келтирилган зарар ҳажми тўғрисидаги маълумотлар ўзгариши ва бошқа жиноят ишлари очилиши мумкинлигига ишора қилмоқда.

“Инсон ҳақлари учун” адвокатлар ассоциацияси раҳбари Евгений Архипов, Озодлик билан суҳбатда, яқингача президент Путиннинг энг “ишонган одамларидан” бири саналган Анатолий Сердюков ҳукуматнинг “коррупцияга қарши кураш” амалиёти имитацияси қурбони бўлганини айтади.

- Аслида бу жамоатчилик қизиқишини орттириш учун бажарилган расмиятчилик. Ахир Владимир Владимирович Путин сайлов олдидан бошқа одам бўлишга, янги сиёсатчи ва президент бўлишга ваъда берган. Менимча, вазият Сердюковнинг ҳибс этилишигача етиб бормайди, лекин жиноий иш очилиши мумкин. Унинг атрофидан кимдир қурбон қилиниши аниқ. Шунчаки шу тариқа жамиятга коррупция, порахўр амалдорларга қарши кураш фаоллаштирилгани кўрсатилмоқда. Амалда коррупцияга қарши кураш ҳукуматдагиларнинг ҳисоб рақамлари тергов қилиниши, олиб борилаётган ишларнинг ошкоралиги ва очиқлигидан бошланади,- дея фикр билдирди адвокат Евгений Архипов.

2007 йилда Россия Мудофаа вазири этиб тайинланган Сердюков 2011 йилга қадар “Оборонсервис” ширкатини назорат қилган.

2012 йилнинг 6 октябрида Россия президенти ўз қарори билан Сердюковни истеъфога чиқариб юборди ва унинг ўрнига Москва вилояти губернатори Сергей Шойгуни тайинлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG