Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:47

Ўзбекистон товон пули тўлашга рози, Сўх эса ҳамон қамалда


Қирғиз расмийларига кўра, Ўзбекистон томони ўтган якшанба куни сўхликлар томонидан қирғиз фуқаролари ва мулкига етказилган зарар учун товон пули тўлашга розилик берган. Ўзбекистоннинг Фарғона ва Қирғизистоннинг Боткент вилоятлари ҳокимлари бу ҳақда келишиб олгани айтилмоқда.



10 январ кунги учрашув ўзбек томони ташаббуси билан Ўзбекистоннинг Хушёр ва Қирғизистонинг Чарбақ қишлоқлари ўртасидаги нейтрал ҳудудда ўтказилгани айтилмоқда.

Учрашув чоғида Фарғона вилояти раҳбари чегара олди ҳудудидаги икки қишлоқ аҳлини яраштириш ва муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширишни таклиф қилган.

Боткент вилоят ҳокимияти матбуот котиби Мамажон Бердишев жума куни журналистлар билан учрашув пайтида Ўзбекистон томони товон пули тўланганидан кейингина ярашув бўйича ҳамкорликда иш бошланиши мумкинлигини айтди.

Қирғиз томонининг иддаосича, якшанба куни бошланган можаро ортидан ўттиздан зиёд одам азият кўрган. Шунингдек, сув қувури ва симёғочлар бузиб ташланган.

Келтирилган зарарни Ўзбекистон томони қоплаши керак, демоқда қирғиз расмийлари.

Сўхликлар эса можарони биринчи бўлиб қирғизлар бошлагани ва чегарадаги отишмада 5 нафар ўзбекистонлик жароҳатланганини айтишмоқда.

Қирғиз томони чегарачилар ҳавога ўқ узганини иддао қилишмоқда. Уларга кўра, ўзбекистонликлар гаровга олиб кейин қўйиб юборган ўнлаб қирғизистонлик орасида жароҳатланганлар кўп, айримлари зўрланган.

Боткент вилоят ҳокимияти матбуот котиби Мамажон Бердишевга кўра, чегарада якшанба куни юзага келган отишма борасида ҳозир тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда, Сўх ҳамон қамал ичида қолмоқда. Ўзбек ва қирғиз чегарачилари икки томонлама чегарани ёпиб қўйган ва уни кучайтирилган тартибда қўриқламоқда.

- Пистирмада қолиб кетдик. Ана очилади, мана очилади деган гаплар бор, лекин чегара ҳеч очилмаяпти-да. Коридор бемаяпти. На у ёққа чиқамиз на бу ёққа. Қирғизистоннинг ўртасида қолиб кетдик, пошшомиз билмайдими дейман шуни,- дейди исмини айтмаган сўхликлардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Риштон туманида юзлаб сўхлик чегара ёпилгани боис эксклавга ўта олмаяпти.

Чегаралар ёпиқлиги боис 60 мингга яқин аҳоли яшовчи Сўхда бензин ва кўмир нархи кескин ошиб кетган.

Жума куни Сўхда бир литр бензин нархи 6 минг сўм (расмий курс бўйича 3 АҚШ доллари) дан ошган. Бир тонна кўмирнинг нархи қарийб 500 АҚШ долларига чиққан.

- Агар чегара очилмаса, Сўхда вазият яқин кунларда бундан ҳам баттар бўлади,- дейди ўз исми сир қолишини истаган сўхликлардан бири.

Ўзбекистон расмийлари Сўхдаги вазият борасида ҳамон расмий изоҳ бермай келаётир.
XS
SM
MD
LG