Линклар

“Ҳизб ут-Таҳрир” диний ташкилотига аъзоликда айбланиб 2012 йил баҳорида Сурхондарёда қамалган ака-ука Нуровлар устидан олиб борилган тергов ва маҳкама ортидан оиланинг қолган эркаклари Ўзбекистонда қолган яқинларидан хавотир билдирмоқда. Улар Ўзбекистон ҳукумати Нуровлар жиноий ишини қайта кўриб чиқилишини илтимос қилмоқда.


Москва атрофидаги қишлоқлардан бирида кун кечириб юрган сурхондарёлик Нуровлар оиласи аъзолари шу йилнинг 9 февралида акалари - 44 ёшли Сайфулло, 40 ёшли Сайдулло ва 37 ёшли Абдуллоҳнинг қамоққа ташланиши ортидан Россиядан Ватанига қайтиб борган яна бир укаси – 34 ёшли Искандар ҳам қамоққа олинганини хабар қилган эди

Нуровлар Ўзбекистонда уларнинг яқинларига босим бўлаётгани ва улар гўё “жиноятларда ўз айбига иқрор бўлгани боис Россияда қочиб юргани” тўғрисида миш-мишлар тарқаётганини гапирмоқда.

Тоға-жиян Нуровлар Ўзбекистон ҳукумати, хусусан Президент Ислом Каримовга уларнинг яқинларига очилган жиноий ишларнинг сохталаштирилгани ва узоқ муддатларга беайб қамалиб кетганини қайта тафтиш қилиб чиқишни сўраб мурожаат қилди.

- Биз Подмосковеда вагончада қай аҳволда яшаётганимизни кўриб кетишингизни ва гўё “жиҳод йўлида махсус террорчилик тайёргарликдан ўтган”
жойларни ўз кўзингиз билан кўриб кетишингизни сўраймиз. Биз шунчаки намозхон одамлармиз, ҳеч қанақа ташкилот тузишга на имкониятимиз, на вақтимиз ва на хоҳишимиз бор. Зоро ҳукумат раҳбарлари бизнинг мурожаатимизни кўриб, бизнинг аҳволимизга эътибор қаратишса. Бир кишининг туҳмати билан шунча бегуноҳ одам жувонмарг бўлиб кетаверадими?! Ёки муаммо бизнинг тожик миллатига мансуб эканимиздами?! Биз ўз юртимизда тинч-тотув яшашни истаймиз,- деди Равшан Нуров.

Ҳозирда Равшан муҳтожликда қолган тўрт ака-укаси оиласини ҳам боқишга мажбур бўлаётгани, оиланинг эркаклари қамалиш хавфи остида Ўзбекистонга қайтиб бора олмаётганини маълум қилди.

Бир неча ой олдин ўғилларининг қамоққа тушганидан куйиб ўлган онаси ҳақида гапирган муҳожир қишлоқда 97 ёшга кирган отаси Нисбад Нуровнинг соғлигидан хавотир билдираётганини айтди.Отахон Ўзбекистон Бош прокуроридан тортиб, парламентга қилган мурожаатларига бирор жавоб ололмаётганидан сиқилаётганини билдирмоқда.

Ўзбекистондаги турли расмий идораларига юборган хатларда Нисбад бобо ўғилларини инсон этиб тарбиялагани ва ҳеч қандай жиноий йўлга кирмаслигига кафил эканини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари Нуровлар оиласини Туркиядаги “Ҳизб ут-Таҳрир” ташкилоти вакиллари билан учрашгани ва ўша ердан туриб Ўзбекистон ичкарисидаги диний ташкилот бўғинларини молиялаштирганликда, экстремистик ва террорчилик ниятларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонга қайтиб келганликда айбламоқда.

Ҳозирда Москвада қолаётган 35 ёшли Равшан Нуров ва Нуровларнинг бошқа оила аъзолари Ўзбекистонга қайтишга қўрқиб қолгани, зеро у ерда ака-укалари тақдири кутаётганини айтди.



Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG