Линклар

Қирғизистон Омбудсмени Миллий хавфсизлик хизмати ҳибсхонасида сақланаётган ўзбекистонлик Ҳабибулло Сулаймоновга қочқин мақомини бериш илтимоси билан ҳукумат тузилмаларига мурожаат қилди. Ўзбекистонда Конституциявий тузумга қарши ҳаракатларда айбланаётган Сулаймонов уч ой олдин Бишкекда қўлга олинган эди.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акунга кўра, Ҳабибулло Сулаймонов Ўзбекистон ҳукумати томонидан диний ва сиёсий мотивлар билан таъқиб қилинаётган шахслардан биридир.

- Сулаймонов Ўзбекистон президенти Каримов ҳукумати томонидан таъқиб қилиниб, азоб тортган одамдир. Қирғизистон Бош прокуратураси уни Ўзбекистонга топширмоқчи. Агар уни Ўзбекистонга қайтарсак, Ватанида уни ўлим кутиб турибди. Сулаймоновни Ўзбекистонга топширмаслик керак, -деди Турсунбек Акун.

Ҳабибулло Сулаймонов ўтган йилнинг 7 октябрида Ўзбекистон сўрови билан Миллий хавфсизлик хизмати томонидан Бишкекда ҳибсга олинган. Сулаймонов қўлга олингунига қадар БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонаси ҳамда Қирғизистон Меҳнат ва Ёшлар вазирлигига бошпана изловчи шахс сифатида ариза берган. Бироқ ўтган йил декабрида Қирғизистон Бош прокуратураси уни Ўзбекистонга қайтариш ҳақида қарор чиқарган.

Қирғизистон Бош прокуратурасининг маълум қилишича, Ҳабибулло Сулаймонов Ўзбекистондаги диний-экстремистик ташкилотларга алоқадорликда айбланиб халқаро қидирувда бўлган.

- Сулаймонов Ўзбекистонда жамоат хавфсизлиги ва тузимга қарши фаолият юритган. У Конституциявий тузимга қарши фаолият юритгани учун халқаро қидирувга берилган, -деди Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси Канатбек Султанов.

Сулаймонов Ўзбекистонга қайтарилиш тўғрисидаги қарорга норозилик билдириб Бишкек шаҳар Биринчи май туман судига ариза киритган.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам ўзбекистонлик қочқин Ҳабибулло Сулаймоновнинг Ўзбекистонга қайтарилиши юзасидан қарорга норозилик билдирмоқда. Ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасуловага кўра, Қирғизистон қочқинни Ўзбекистонга қайтарса халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини бажармаган бўлади.

- 2005 йилда Азимбек Бекназаров Бош прокурор лавозимини эгаллаб турганида ўзбекистонлик беш қочқинни Тошкентга топширган. Ўшанда бутун дунё ҳамжамияти олдида шарманда бўлган эдик. Қирғизистоннинг бу ҳаракати БМТ томонидан танқид қилинган. Сулаймоновни Ўзбекистонга топшириш билан яна бир марта дунё ҳамжамияти танқиди остида қоламиз. Чунки Ўзбекистонда қийноқлар қўлланилади. Шунинг учун Сулаймоновни учинчи давлатга топшириш керак, -деди Азиза Абдурасулова.

Сўнгги хабарларга қараганда, Қирғизистон Бош прокуратураси БМТнинг Қочиқнлар иши бўйича Олий комиссарлиги Бишкек ваколатхонасининг уч ойдан бери ҳибсда сақланаётган Сулаймонов билан учрашишга рухсат бериш тўғрисидаги илтимосини қаноатлантирган. Хабарларда айтилишича, Сулаймоновнинг экстрадиция тўғрисидаги қарорга нисбатан судга киритган шикоят аризаси юзсидан яқин кунларда маҳкама жараёни бошланади. Маҳкама якунлангунига қадар Сулаймоновни Ўзбекистонга топшириш масаласи ҳам тўхтатилади.
XS
SM
MD
LG