Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:24

Афғонистонда қўмондонлик афғон кучлари зиммасига ўтади


АҚШ президенти Барак Обама ва Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзай Вашингтондаги жума кунги музокаралар пайти Афғонистондаги хорижий кучлар ҳарбий амалиётларини шу йил баҳор ойларидаёқ тўхтатишлари ва барча ҳарбий амалиётлар устидан қўмондонлик қилиш афғон армияси зиммасига топширилиши борасида келишдилар.

Бу Барак Обаманинг иккинчи муддатга АҚШ президенти этиб сайланганидан буён Афғонистон раҳбари билан илк учрашуви бўлди.

Карзай билан музокаралар сўнггида Обама 2013 йилнинг баҳоридан эътиборан америкалик ҳарбий ҳизматчилар фақат афғон зобит ва аскарларини қайта тайёрлаш ва уларга маслаҳатчилик қилиш билан шуғулланишини айтди.

- Шу йилнинг баҳоридан эътиборан Афғонистондаги қўшинларимиз зиммасига бошқа вазифа юкланади, улар афғон кучларини ўқитиш, уларга маслаҳатчилик қилиш билан шуғулланишади. Бу Афғонистоннинг тўла суверенитетини таъминлаш йўлида ташланган навбатдаги муҳим қадам бўлади, - деди Барак Обама .

Шунингдек, Оқ уй раҳбари яқин фурсатда Пентагон раҳбарияти билан АҚШ кучларини Афғонистондан тезроқ чиқариш масаласини мухокама қилишини маълум қилди.

Чикагода ўтган йили ўтказилган НАТО саммитида хорижий кучлар ҳарбий амалиётларда қатнашишни шу йил ёз ойида тўхтатадилар, деган келишувга эришилганди.

Ҳозир Афғонистонда АҚШнинг 68.000 сонли қўшини бор. Афғонистондаги жаъми НАТО кучларининг сони эса, 102.000 ҳарбийни ташкил этади.

Келаси йил якунига бориб, АҚШ ва НАТО кучларининг аксарияти бу мамлакатни тарк этиши лозим.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг таъкидича, ҳозир мамлакатдаги ҳарбий амалиётларнинг саксон фоизи афғон ҳарбийлари зиммасига тўғри келмоқда.

Феврал ойига бориб, уларнинг хавфсизликни таъминлаш қамрови мамлакат ҳудудининг тўқсон фоизлик қисмини қамраб олиши кутилмоқда.

Айни пайтда 2014 йилдан кейин Афғонистонда аниқ қанча Америка ҳарбийси қолиши маълум эмас.

2014 йилдан кейин Афғонистонда қанча хориж кучлари қўллов учун қолишлари борасидаги саволларга икки раҳбар жавоб бермадилар.

Қўшма Штатлар бу мамлакатда афғон ҳарбийларига кўмак берувчи кичик ҳарбий контингентни қолдиришни истайди.

Бундан аввал АҚШ маъмурияти вакиллари 2014 йилдан кейин Афғонистонда 15.000 гача аскарлари қолиши мумкинлиги ҳақида сўз юритишганди.

Жума куни Ҳамид Карзай билан музокаралар сўнггида Барак Обама АҚШ Афғонистонда доимий ҳарбий базаларни қолдириш истаги йўқлигини яна бир бор таъкидлади.

АҚШ 2011 йилда Афғонистонга 120 миллиард доллар сарфлаган.

Америкадаги иқтисодий қийинчиликлар ва Афғонистондаги коррупция даражаси назарда тутилса, бундан буёғига сарф-харажатни бунча миқдорда тутиб туриш имконсиздир.

АҚШга сафари давомида Ҳамид Карзай жорий президентлик муддатининг охири яъни 2014 йилда вазифасидан кетишини ҳам айтиб ўтди.
XS
SM
MD
LG