Линклар


Москва марказида АҚШ фуқароларининг россиялик етим болаларни асраб олишини тақиқловчи қонун қабул қилинганига қарши “Аблаҳларга қарши марш”, деб номланган кўп минг кишилик рухсат этилган юриш бўлиб ўтди. Намойишчилар “Дума тарқатиб юборилиши керак!”, "Янги қонун шармандалик!”деган шиорлар кўтариб чиқдилар.

Россия полицияси АҚШ фуқароларининг россиялик етим болаларни асраб олишини тақиқловчи қонун қабул қилинганига қарши Москва марказида ўтказилган юришда тахминан 9,5 минг одам қатнашганини айтди.

Россия мухолифати эса норозилик акциясида 30 мингдан ортиқ одам, жумладан, болалар иштирок этганини иддао қилди.

“Аблаҳларга қарши марш” деб номланган намойиш қатнашчилари Дума тарқатиб юборилишига чақирувчи плакатлар кўтариб чиқдилар ва “янги қонун шармандалик” деб қичқирдилар.

Норозилик акцияси қатнашчиларидан бири Озодликка Дума тарқатиб юборилиши кераклигини таъкидлади.

- Биз Давлат Думаси қабул қилган ва президентимиз имзолаган бундай пасткаш қонунга ўз норозилигимизни билдириш учун келдик. Мен бундай Дума тарқатиб юборилиши керак деб ўйлайман. Бундай одам президент бўлишга лойиқ эмас, деди намойиш иштирокчиларидан бири.

Юриш тугаши билан одамлар дарҳол тарқалиб кетди. Норозилик акциясида ҳеч ким сўзга чиқмади.

Мухолифатдаги “Сўл фронт” етакчиси Сергей Удалцов якшанба кунги тадбир “норозилик ҳаракати ҳали ҳам кучли эканидан далолат эканини”ни айтди.

Удалцов бахор келиб кунлар исиганидан кейин Москвада доимий равишда норозилик акциялари ўтказилишини қўшимча қилди.

Якшанба кунги тадбир пайтида тартибни сақлаш учун тўрт мингга яқин полиция ходими жалб қилинган.

Расмийларга кўра, норозилик намойишда 20 минггача одам иштирок этишига рухсат берилган.

Якшанба кунги тадбир ҳаво харорати -10 даражадан паст бўлган шароитда бўлиб ўтди.

Хабарларга кўра, полиция ходимлари ўнга яқин маст намойишчини қўлга олган.

13 январ куни Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам кичикроқ норозилик акциялари ўтказилди.

Полиция маълумотига кўра, Санкт-Петербург шаҳридаги намойишда бир минг киши қатнашган.

Тадбир ташкилотчилари эса қарийб икки минг одам қатнашганини иддао қилди.

Якшанба куни Россиянинг Қозон, Екатеринбург, Киров ва бошқа шаҳарларида ҳам норозилик акциялари ўтказилди.

Россия парламенти АҚШ фуқароларининг россиялик етимларни асраб олишини тақиқловчи қонунни АҚШнинг 2009 йилда қамоқда қийноқлардан вафот этган Сергей Магнитский ўлимига алоқадор ва инсон ҳуқуқлари бузилишига даҳли бўлганликда гумон қилинган Россия расмийларининг АҚШга киришини ман қилувчи қонунига жавобан қабул қилган.

Қуйида Москвадаги маршни кузатган Озодлик мухбири билан қурилган суҳбатни тинглашингиз ва Россияда америкаликларинг етим болаларни асраб олишига қарши қонунга билдирилаётган жамоатчилик норозилиги сабабларига оид қўшимча тафсилотлар билан танишишингиз мумкин.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG