Линклар

Россия: “Аблаҳларга қарши марш” чоғида ушланганлар қўйиб юборилди


Москвадаги "Аблаҳларга қарши марш", 2013 йилнинг 13 январи.

Москвадаги "Аблаҳларга қарши марш", 2013 йилнинг 13 январи.

Москвада россиялик ота-онасиз болаларнинг АҚШ фуқаролари томонидан асраб олинишини маън қилувчи қонунга қарши якшанба куни бўлиб ўтган юриш чоғида қўлга олинган кишиларнинг ҳаммаси қўйиб юборилди.

Кеча ушланганларнинг бири билан профилактик суҳбат ўтказилгани, бошқаларига нисбатан эса оммавий тадбирларда иштирок этиш чоғида тартиб бузганлик тўғрисида маъмурий баённомалар тузилгани ва бу одамлар судланиши айтилмоқда.

Якшанба куни юриш бошланмасдан олдин Москвадаги Страстний хиёбони атрофида жамоат жойида маст аҳволда пайдо бўлгани учун 9 киши ушлангани ҳақида маълумот пайдо бўлганди. Айни пайтда Твиттерда бу одамларнинг кремлпараст “Наши” ёшлар ҳаракатидан бўлган провокаторлар экани хабар қилинганди.

“Аблаҳларга қарши юриш” деб номланган кечаги маршда, ташкилотчиларга кўра, 30 мингдан 40 минггача киши қатнашган. Полиция тахминича эса, йиғилганлар сони 9,5 мингдан ошмаган. Юриш иштирокчилари мамлакат раҳбарияти номига танқидий шиорларни қичқириб борганлар ва Давлат думасининг тарқатилишини талаб қилганлар.

Бу каби тадбирлар Россиянинг Барнаул, Томск, Екатеринбург, Ярославл, Петербург, Ростов, Қозон, Саратов ва Калининград шаҳарларида ҳам ўтган.
XS
SM
MD
LG