Линклар

logo-print
Чиноз туман суди шу туманда яшаган Шерзод Носировни одам савдосида айблаб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилди.

12news.uz сайтининг туман суди вакили сўзларига таяниб хабар қилишича, Носиров Қозоғистондаги “Алматиэнергиясервис” корхонасининг Аркадий исмли ходими билан тил бириктирган ҳолда унга одам сотишга ваъда қилган ва мижоз қидиришга тушган.

“Унинг бахтига Қозоғистонда ишлашни истаганлар дарров топила қолган. Агар чинозлик 17 киши уларнинг ҳар бирига 100 доллардан нарх бичилганини билганларида, унинг ортидан бормаган бўлардилар. Шерзод Носиров Қозоғистонда ишлашни истаганларни усталик билан алдаган ва улар қандай қилиб ойига 300 доллардан ишлашга рози бўлганларини билмай қолганлар. Улардан розилик олганидан кейин Шерзод битта гуруҳни 2011 йилнинг 21 апрел куни Яллама пости орқали Қозоғистонга олиб ўтиб, Аркадийга сотиб юборган. Пулни олган Шерзод 14 май куни иккинчи гуруҳни ҳам шу йўл билан ўтказган. Аввалги кишилар тақдиридан бехабар бўлган кейинги гуруҳ 25 май куни Қозоғистонга ўтган ва улар ҳам сотиб юборилган”, - дея иқтибос келтиради суд вакили сўзларидан 12news.uz.

Иш судда кўрилаётган пайтда жабрланувчилар Шерзод Носировнинг жиноий хатти-ҳаракатларини тўлалигича тасдиқлаганлари айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG