Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:37

Ўзбекистонда авиачипталар 20 фоизга қимматлади


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиаширкати шу йилнинг 10 январидан бошлаб барча йўналишлар бўйича авиачипталар тарифини 20 фоизга оширди.


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси самолётлари учун чипталар нархи ҳам халқаро, ҳам маҳаллий рейслар учун бирдек оширилди.

Буни авиакомпаниянинг Тошкентдаги бош офисининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими маълум қилди.

Унинг айтишича, аввал фақат хориж давлатларига учадиган рейслар учун авиачипталар нархини оширишга қарор қилинган эди.

"Бироқ эндиликда “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг барча давлатларга учадиган рейслари учун чипталар нархи 20 фоизга оширилмоқда", деди авиаширкат ходими.



Аввалроқ Ўзбекистон маҳаллий матбуоти фақат МДҲ мамлакатларига авиақатновлар бўйича чипта нархлари ошиши ҳақида хабар қилган эди.

Тошкентдаги аввиакассалардан олинган маълумотга кўра,

Тошкент-Москва йўналишига авиачипталар нархи аввал эконом классга 690 минг сўм бўлган, ҳозир 805 минг сўмга чиққан.

Айни йўналиш бўйича бизнес класс чипталари аввал 1 миллион 531 минг сўм бўлган, эндиликда 1 миллион 913 минг сўмга чиққан.

Маҳаллий рейслардан, масалан, Тошкент-Урганч йўналиши бўйича эконом класс чипталари 152 минг сўмдан 190 минг сўмга чиққан.


“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг нарх-наво учун масъул бўлган Тижорат департаменти мулозимлари авиачипталар нархининг бирданига 20 фоизга қимматлаганини расман изоҳлашдан бош тортди.

Uzmetronom.com сайти миллий авиаширкат барча харажатларини янги самолётлар сотиб олишга сарфлаётгани авиачипталар нархининг оширилишига сабаб бўлганини тахмин қилмоқда.

Ўтган йилнинг бошида “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” ширкати янги йўловчи самолётини сотиб олди. Boeing 767-300ER русумидаги самолёт 2008 йилда имзоланган шартномага кўра, Америка ширкатидан сотиб олинадиган тўрт учқичнинг биринчисидир.

Ҳар бирининг баҳоси 175 миллион АҚШ доллари бўлган 767-300ER узоқ масофага уча оладиган йўловчи самолёт ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳаво йўллари бундан ташқари иккита Boeing 787-8 Dreamliner русумидаги учқичга буюртма берган.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси ўтган йилнинг 20 ноябридан 31 декабригача Тошкент-Самарқанд-Тошкент рейслари учун чипталар нархини икки баробарга арзонлатган эди. Бу авиаширкатнинг “Афросиёб” тезюрар поезди билан рақобатга дош бера олмагани билан изоҳланган эди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётлари маҳалллий рейслардан ташқари дунёнинг қирқдан зиёд шаҳрига парвозларни амалга оширади.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йилнинг тўққиз ойи мобайнида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” 18 минг 517 та рейсни амалга оширган.

Ўтган йилнинг тўққиз ойи ичида узоқ хорижга йўловчи ташиш 6,5 фоизга, МДҲ мамлакатларига йўловчи ташиш 17,1 фоизга, мамлакат ичида йўловчи ташиш эса 16,4 фоизга ошган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:33 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG