Линклар

Покистонда коррупцияга қарши юриш қатнашчилари Исломобод сари йўл олди


Коррупцияга қарши юриш қатнашчилари етиб келишидан олдин Исломободда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Коррупцияга қарши юриш қатнашчилари етиб келишидан олдин Исломободда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Исломий уламо Таҳрирул Қадрий бошчилигидаги минглаб покистонлик ҳукумат расмийлари орасида коррупция кенг тарқалганига норозилик тариқасида Исломобод сари юриш қилмоқда. Норозилар Исломободга етиб келмасдан пойтахтда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.


“Демократик юриш карвони” деб номланган норозилик акцияси якшанба куни Лаҳор шаҳрида бошланди.

Юриш қатнашчиларининг душанба куни кечки пайт пойтахт Исломободга етиб келиши кутилмоқда.

Қадрий юришга 100 минг ёки ундан кўп одамни жалб қилишга умид қилмоқда.

Якшанба куни Рейтерс ахборот агентлигига интервю берган Қадрий баҳорда ўтказиладиган умумий сайловлар арафасида ҳукумат сайлов бўйича кенг қамровли ислоҳотлар ўтказиши кераклигини урғулади.

- Бизнинг талаб шундай: етти ой ўтди ва ҳукумат Сайлов комиссиясига ўзгаришлар қилиш учун рухсат ва салоҳият бермади. Улар сайловга 60 йил давомида амал қилиб келинган тартибда боришни хоҳламоқда. Агар шундай бўлса, сохта дипломга эга бўлган, даромаддан солиқ тўламаган, коррупцияга алоқадор, жиноят содир этган шахслар сайлов қонунларини моҳирона четлаб ўтиб, парламентга қайта аъзо бўлиши мумкин. Биз қонунни бузган шахслар депутат бўлишини истамаймиз, деди Таҳрирул Қадрий.

Озодлик радиоси мухбирига кўра, Исломободга олиб борадиган катта йўл ёпилмаган. Бироқ дипломатик миссиялар ва ҳукумат биноларга элтувчи йўллар ёпиб қўйилган.

Исломобод шаҳри ва юриш қатнашчилари ўтадиган бошқа йўлларга кўп сонли полиция кучлари ташланган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Навазиш Али юриш қатнашчиларининг Исломободга кириши тақиқланмагани бироқ қонунни бузганларга нисбатан “кескин чоралар” кўрилишини айтди.

Али тартибсизлик рўй берса, полиция кучлари қандай ҳаракат қилиши режаси ишлаб чиқилганини айтиб унинг тафсилоти ҳақида маълумот бермади.

Покистон Ички ишлар вазири Раҳмон Малик юриш қатнашчиларига жанггарилар ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганидан кейин Исломобод шаҳрининг айрим туманлари ва юриш қатнашчилари ўтадиган минтақаларда уяли алоқа хизмати ўчириб қўйилди.

Хабарларга кўра, коррупцияга қарши юриш қатнашчилари Исломобод шаҳрига етиб келмасдан пойтахтга юзлаб одам йиғилган.

Исломобод расмийлари бир неча йил Канадада яшаган ва ўтган ой Покистонга қайтиб келган диний уламо Таҳрирул Қадрийни сайловларни издан чиқаришга уринаётганликда айблаган.

Бироқ Қадрий ўзига нисбатан айтилган барча иддаоларни инкор қилган.
XS
SM
MD
LG