Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:44

Сўх бўйича Каримов индамади, Атамбаев индади


Ўзбекистон расмийлари Сўхдаги чегара можароси хусусида расмий позиция билдириш у ёқда турсин, воқеа юз берганини инкор қилмоқда.
Ўзбекистон расмийлари Сўхдаги чегара можароси хусусида расмий позиция билдириш у ёқда турсин, воқеа юз берганини инкор қилмоқда.

Қарийб 60 минг киши яшайдиган 352 квадрат километрли ҳудуди бир ҳафтадан бери қамалда яшар экан, бу ҳақда Ўзбекистон расмийлари ҳанузгача на лом деди, на мим. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг (МХХ) ўтган душанба кунги ягона баёноти ҳам хизматнинг бир масъул ходими томонидан ўтган ҳафтада инкор этилган эди. Баёнотда Сўх туманидаги бўҳрон учун Қирғизистон чегарачилари айбланган эди.Сўх бўҳрони юзасидан фикр билдириши мумкин бўлган ҳолатда ҳам Ўзбекистон раҳбари бу масалага тегинмади. Айни пайтда Қирғизистон раҳбари ўз позициясини очиқлади.


Каримов индамади...

Сўх бўҳрони бошланганидан 6 кун ўтиб, 11 январ куни ЎзА ахборот агентлиги Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 21 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табриги” матнини эълон қилди.

Агар матннинг мана бу икки абзацини Сўхга “қулоғидан тортиб ёпиштирмасангиз”, президент ечимини кутиб ётган муаммога алоҳида тўхталган эмас.

“Минтақамизда ташқи кучлар ўртасидаги манфаатлар курашининг кучайиб бораётгани вазиятни янада чигаллаштирмоқда.

Чегарага яқин ҳудудларда бузғунчи тўдалар ва қўпорувчи-террорчи гуруҳларнинг фаоллашуви, ижтимоий-иқтисодий муаммолар, сиёсий ва миллатлараро зиддиятларнинг кескинлашиб бораётгани оқибатида ҳарбий-сиёсий вазиятни издан чиқариши мумкин бўлган жиддий таҳдид ва хатарлар пайдо бўлмоқда.

Сарҳадларимизга бевосита яқин ҳудудларда мураккаб вазият юзага келаётгани, биринчи навбатда, юқорида зикр этилган хавф-хатарларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўришни тақозо этмоқда”, дейилган президентнинг ҳарбийларга табригида.

“Cўх тўғрисидаги гапларнинг ҳаммаси бўҳтон. У ерда ҳеч нарса бўлгани йўқ!”

Бу гапни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг амалдор аъзоларидан биридан эшитдик.

Сўх тўғрисидаги саволимизга жавобан эшитганингиз гапни айтгач, у “Фарғонада қариндош-уруғларим бор, агар бирон воқеа бўлгудай бўлса, улар менга айтган бўларди”, деб қўшиб қўйди.

...Атамбаев индади

Сўх инциденти Қирғизистонда ўта кенг, мамлакат ҳукуматию Мудофаа кенгашида, парламентида, жамоатчилик орасида, ва албатта, матбуотда муҳокама қилинмоқда. Шаҳарларда жафо чеккани айтилаётган қишлоқлар аҳолисига ёрдамлар уюштирилмоқда. Парламент раиси шахсан боткенга бориб аҳоли билан учрашувлар ўтказди.

Президент Атамбаев эса, 14 январ куни Сўх бўйича баёнот берар экан, жумладан бундай деди:

- Собиқ вазирлардан бири биз Сўх масаласини 2006 йилиёқ ечиб қўйган бўлар эдик, деб ўтирибди. Унинг масалани қай йўсинда ҳал қилмоқчи бўлганини биламиз. Сўхни қўшқўллаб топшириб қўймоқчи бўлган эди-да у. Бундай қарорнинг бизга кераги йўқ. Қирғизистоннинг манфаатларидан келиб чиқиш лозим, деди Қирғизистон президенти.

Қирғизистон раҳбари фикрича, чегара билан боғлиқ масалаларда шошма-шошарликка йўл қўймаслик керак.

Нима бўлган эди?

5 январ куни Қирғизистон чегарачилари икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб тургани айтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрната бошлаганига Сўх анклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси норозилик билдирган эди.

6 январ куни бу норозилик қирғиз чегарачиларини ўқ узишга мажбур қилган ва ҳар икки томондан одамлар гаровга олинган катта жанжалга айланди.

7 январ куни жанжалнинг кескин фазаси тўхтатилган.

Ўшандан бери Сўх анклави қамал ҳолатида. Қирғизистон расмийлари кўрилган моддий зарар тўланмагунича йўлларни очмаслиги тўғрисида баёнот берган.
XS
SM
MD
LG