Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:43

Сўх жанжали: Қирғиз қишлоқларида фавқулодда ҳолат


Сўх анклави атрофидаги Қирғизистоннинг иккита қишлоғида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Сўх анклави қамал қилиниши ортидан туман марказидан узилиб қолган бу икки қирғиз қишлоғини зудликда озиқ-овқат билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Сўх анклави атрофидаги чегаранинг ёпиқлиги нафақат Ўзбекистон томонига, балки Қирғизистонга қарашли қишлоқларга ҳам салбий таъсирини кўрсатмай қолмади. Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Жениш Раззаковнинг айтишича, иккита қирғиз қишлоғида озиқ-овқат муаммоси юзага келган.

-Иккита қишлоғимизга автомобил йўли йўқ бўлиб қолди. Боткен туманида Бўжўй ва Қадамжой туманида Қорашўра деган қишлоқ бор. Бу икки қишлоқ Сўх анклави орқали туман марказлари билан боғланар эди. Сўх ёпилганидан кейин бу қишлоқлар автомобил алоқасидан узилиб қолди. Биринчи навбатда бу қишлоқларни озиқ-овқат ва тиббий хизмат билан таъминлаш керак, -деди Жениш Раззаков.

Қирғизистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги ҳақиқатан ҳам бу икки қишлоқда мураккаб вазият юзага келганини тасдиқлади. Автомобил йўли ёпилиб қолгани учун бу қишлоқларга озиқ-овқат маҳсулотларини ҳаво йўли орқали етказиб бериш зарур бўлмоқда. Бўжўй ва Қорашўра қишлоқларига Қирғизистоннинг турли бурчакларидан инсонпарварлик ёрдамлари жўнатилмоқда.

-Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги юкнинг бир қисмини вертолёт орқали Бўжўй ва Қорашўра қишлоқларига етказиб беради. Бугун Ўш шаҳри бу қишлоқларга олти тонна озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатаяпти. Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги эса аҳолини гигиена воситалари билан таъминлайди, -деди Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг бўҳронга оид вазиятлар бошқармаси бошлиғи Муҳаммед Сваров.

Расмийнинг айтишича, Бўжўй қишлоғида 142 балоғатга етмаган бола ва ёши 18 дан ошган 500 одам истиқомат қилади. Қорашўра қишлоғида эса 100 дан ортиқроқ одам яшайди. Айни пайтда бу икки қишлоққа Сўх анклавини айланиб ўтувчи автомобил йўли очиш юзасидан ишлар олиб борилаяпти.

Озодлик радиоси мустақил манбаларга таянган ҳолда Сўх тумани қамалда қолгани оқибатида анклавда озиқ-овқат муаммоси пайдо бўлётгани, нарх-наво кўтарилиб кетгани, бензин тугагани ҳақида хабар берган эди. Бу борада расмий Тошкент шу кунгача маълумот бермай келаётир. Тошкент расмийлари, шунингдек, 5 январдан 7 январгача давом этган Сўх жанжалига ҳам муносабат билдирганлари йўқ. Бироқ қирғиз расмийларининг билдиришларича, Ўзбекистон билан Сўх жанжали бартараф этилгач бошланган музокаралар давом этаяпти.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили Жениш Раззаковга кўра, Ўзбекистон томони билан икки марта музокаралар ўтказилган. Қирғизистон Ўзбекистондан воқеа пайтида келтирилган зиённи тўлаб беришни, қирғизистонликларни гаровга олган сўхликларнинг жиноий жавобгарликка тортилишини талаб қилмоқда. Айрим маълумотларга қараганда, Ўзбекистон бу талабларни бажаришга розилик берган. Шунга қарамай, Сўх анклави чегараси қачон очилиши номаълумлигича қолмоқда.

Жениш Раззоқов Ўзбекистон томони 6 январ куни қирғиз чегарачилари отган ўқдан камида учта ўзбекистонлик яралангани тўғрисидаги хабарлар ҳам ҳозирча ҳужжатлар билан далилланмаганини айтди:

-Воқеалар пайтида Ўзбекистон томони қирғиз чегарачилари отган ўқдан ўзбекистонликлар ярадор бўлди деган маълумотни берган эди. Бироқ бугунги кунда бунга ҳеч қандай далил йўқ. Биринчи музокаралар чоғида ўзбек томони бу ҳақда айтган эди, аммо бирорта ҳужжат тақдим этмади. Кейинги учрашувда бу ҳақда мутлақо гапирилмади. Ўзбекистон томони ҳеч қандай талабларини ҳам билдирмади, -деди Жениш Раззаков.

5 январ куни Қирғизистон чегарачилари икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб тургани айтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрната бошлаганига Сўх анклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси норозилик билдирган эди.

6 январ куни бу норозилик қирғиз чегарачиларини ўқ узишга мажбур қилган ва ҳар икки томондан одамлар гаровга олинган катта жанжалга айланди.
7 январ куни жанжалнинг кескин фазаси тўхтатилган.

Ўшандан бери Сўх анклави қамал ҳолатида. Қирғизистон расмийлари кўрилган моддий зарар тўланмагунича йўлларни очмаслиги тўғрисида баёнот берган.
XS
SM
MD
LG