Линклар

Сўхдаги бир-биридан мустақил бир неча манбадан олинган маълумотга кўра, маҳаллий аҳоли ва қирғизистонликлар ўртасида ўтган ҳафта бошида содир бўлган инцидент давомида зарар кўргани айтилаётган қирғизистонликларга тўланадиган товон пули маҳаллий аҳоли ва тадбиркорлардан йиғиладиган бўлди.

Уч манбадан олинган бир хил маълумот

-Ҳар бир тадбиркорга икки миллиондан солиқ солинди, деди туманнинг чегарага яқин Чашма қишлоғида яшайдиган Мансур.

Бу маълумотни оиласи Сўх марказида яшовчи, ўзи шу кунда Новосибирск шаҳрида ишлаётган Мўминжондан ҳам эшитдик.

-Сўх билан ҳозиргина гаплашдим. Хонадонма-хонадон юриб, пул йиғиш кераклигини айтишибди. Оддий аҳолидан озроқ, тадбиркорлардан кўпроқ йиғармишлар, деди Мўминжон.

Равонда яшайдиган тадбиркорнинг айтишича, уни 15 январ куни маҳаллий ҳокимиятга чақиришган ва қирғизистонликларга тўлаш учун ундан 1000 АҚШ доллари талаб қилишган.

Тадбиркор исмини ошкор этмаслигимизни ва овозини эшиттирмаслигимизни сўради.

Бу норасмий маълумотлар юзасидан Сўх тумани ёки Фарғона вилоят ҳокимликларидан бирон шарҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон Қирғизистонга 25 минг доллар ва 3 та машина берди

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Нуржигит Қодирбековнинг 15 январ кунги баёнотига кўра, Ўзбекистон Қирғизистонга етказилган моддий зарар учун товон тўлашни бошлаган.

Боткен вилояти ички ишлар бошқармасига кўра, Ўзбекистон томони қирғизистонликларга “Сўх чегарасидаги инцидент давомида бузиб ташланган ва ёндириб юборилган автомобиллар учун” 14 январ куни товон тўлай бошлаган ва 15 январ эрталабгача тўланган товоннинг миқдори 25,4 минг долларни ташкил қилган.

Бундан ташқари Боткен вилояти аҳолисига учта: “Хонда”, “Ауди” ва “Мерседес” автомашиналари қайтарилган.

Товон пулини Сўх ҳокими шахсан топширди

Боткен вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Болот Мурзалиев Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирига бундай деди:

-Кеча, 14 январ кундуз соат 12 дан бошлаб оқшом 6 гача 7 кишига етказилган зарар қопланди. Ўзбекистоннинг Сўх тумани ҳокими келди. Етказилган зарар кўламига қараб 800 доллардан 10 минг долларгача товон тўлашди. Товон пулини Сўх ҳокими билан қишлоқлар оқсоқоллари олиб келиб тўламоқда. Пулни қаердан олишганини мен билмайман, деди Боткен вилояти милицияси бошлиғи.

Боткен вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга таяниб, АКИ-пресс агентлигининг хабар қилишича, инцидент пайтида зарар етказилган автомашиналар сони аниқ эмас. “Тахминан 15 тадан кўпроқ машинага зарар етган”, деган ҳокимлик расймийси Адибек Набиев.

Хабар қилинишича, товон пули ва автомашиналар Боткен вилоятининг Чорбоғ қишлоғига яқин жойдаги чегарада топширилмоқда.

Нима бўлган эди

5 январ куни Қирғизистон чегарачилари икки давлат ўртасида баҳсли бўлиб турганйтилаётган ҳудудга симёғочлар ўрната бошлаганига Сўх анклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси норозилик билдирган эди.

6 январ куни бу норозилик қирғиз чегарачиларини ўқ узишга мажбур қилган ва ҳар икки томондан одамлар гаровга олинган катта жанжалга айланди.

7 январ куни жанжалнинг кескин фазаси тўхтатилган.

Ўшандан бери Сўх анклави қамал ҳолатида. Қирғизистон расмийлари кўрилган моддий зарар тўланмагунича йўлларни очмаслиги тўғрисида баёнот берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG