Линклар

logo-print

Покистон Бош вазири ҳибсга олинадиган бўлди


Покистон Бош вазири Ража Парвез Ашраф.

Покистон Бош вазири Ража Парвез Ашраф.


Покистон Олий суди энергетика лойиҳалари билан боғлиқ коррупцияга алоқадорлик бўйича 24 соат ичида Бош вазир Ража Парвез Ашраф ва 15 нафар бошқа расмийни қўлга олиш ва чоршанба куни судга олиб келиш ҳақида кўрсатма берди.


Ража Парвез Ашраф Покистон Бош вазир лавозимини эгаллашидан олдин 2008-2011 йиллар Сув ва энергетика вазири бўлиб ишлаган.

Ашраф 2010 йилда электр станцияси лойиҳасини тасдиқлаш учун пора олгани ҳақидаги иддаони рад қилмоқда.

Бош вазир Покистонда муттасил электр тақчиллиги рўй бериб келаётгани учун кескин танқидларга учраган.

Бош вазир маслаҳатчиси Фавад Чаудри Олий суд қарорини қоралаб, уни Конституцияга зид деб баҳолади.

Олий суд Бош вазирни ҳибсга олиш ҳақидаги қарорини исломий уламо Муҳаммад Таҳирул Қадрий ва унинг ўн минлаб тарафдорлари коррупцияга қарши уюштирган норозилик намойишида ҳукумат истеъфога чиқишини талаб қилганидан кейин қабул қилди.

15 январ куни Покистон парламенти биноси яқинида уюштирилган норозилик намойишда сўзлаган Таҳрирул Қадрий сиёсий ва ижтимоий тизимда “коррупция учун имконият” бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.

Қадрий ҳукуматни одамлар хавфсизлигини таъминлай олмагани учун ҳам танқид қилди.

Таниқли исломий уламо ҳукуматнинг терроризмга қарши ўн йилдан бери олиб бораётган кураши сохта эканини айтиб¸ терроризига қарши ҳақиқий кураш олиб боришни талаб қилди:

- Агар сиёсий раҳбарият коррупцияга муккасидан кетган бўлса, парламент вазифасини бажармаса, терроризмга қарши курашиш, юртимизда тобора кучайиб бораётган радикализм ва экстремизмни таг-томири билан йўқ қилиш имконсиз, дея баёнот берди покистонлик уламо.

Ундан олдин Таҳрирул Қадрий ўз тарафдорлари ҳукуматни бир неча соат ичида ҳокимиятдан ағдариши мумкинлигини айтиб¸ айни пайтда норозилик намойиши қатнашчиларини тинчликни сақлашга чақирган эди.

Таҳрирул Қадрий ўз тарафдорларини намойишни чоршанба куни ҳам давом эттиришга даъват қилиб нутқ сўзлашини айтди.

Исломобод расмийлари бир неча йил Канадада яшаган ва ўтган ой Покистонга қайтиб келган Таҳрирул Қадрийни бахорда ўтказилиши режаланган умумий сайловларни издан чиқаришга уринаётганликда айбламоқда.

Айрим кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари орқали кенг кўламли кампания олиб бориш ва ўз тарафдорларини автобуслар билан таъминлаш учун Қадрийнинг катта пулни қаердан олгани билан қизиқмоқда.

Бироқ Қадрий харажатлар асосан ҳукуматдан норози бўлган тарафдорлари берган пуллар ҳисобига қопланганини айтмоқда.

Покистон ҳукумати пойтахт Исломободга қўшимча полиция ва хавфсизлик кучлари жойлаштирган ҳамда Қадрий ва тарафдорларини агар қонунни бузса, кескин чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирган.

Сешанба куни эрталаб Исломободда намойишчилар ва полиция ўртасида қисқа муддатли тўқнашув рўй берди.

Хабарларга кўра, намойишчилар полиция ходимларига тош отган. Талафотлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Тартиб ўрнатиш учун полиция ҳавога огоҳлантирувчи ўт очди ва кўздан ёз оқизувчи газ қўллади.
XS
SM
MD
LG