Линклар

logo-print

Тошкентда икки ҳафтадан буён АҚШ долларининг тижорат банклари курси бўйича савдоси давом этмоқда. Банкларнинг бу “саxовати” қаердан пайдо бўлгани номаълум, лекин арзон долларни сотиб олаётганларнинг кўпчилиги валюта даллоллари экани айтилади.


Тошкентдаги валюта шохобчалари олдидаги вазиятни кузатган ўзбекистонлик журналистлардан бирининг айтишича, "қора бозор"да 2750-2800 сўм бўлган АҚШ долларининг 2025 сўм курсда сотилиши банк бўлинмалари ҳамда валюта шохобчалари олдида узундан-узоқ навбат, шовқин сурон ва ур-йиқитларнинг авж олишига сабаб бўлмоқда.

- Бир АҚШ долларини 2025 сўмга олиб, уни банк шохобчасидан сал наридаги "қора бозор"га олиб борсангиз, уни 2800 сўмга алиштирса бўлади. Демак¸ банкдан валютани харид қилишга имкони бор ҳар бир одам бир лаҳзада бойиши мумкин, ур-йиқитларни боиси шу¸ дейди исми сир қолишини истаган журналист.



Айтилишича¸ оддий одамларнинг “арзон доллар”ни харид қилиш имкониятлари деярли йўқ. Банк шохобчалари олдида навбатда турганларнинг кўпчилиги “қора бозор”да доллар олиб сотадиган валюта даллолларидир.

Валюта шохобчалари олдида турган банк ва милицияга алоқадор экани ишониладиган махсус аёлларнинг тажоввузкор атворига қараганда¸ бу навбатларга бегоналарнинг кириши мушкул, дейди валюта шохобчалари олдидаги вазиятни кузатган ўзбекистонлик журналист.

Тошкентлик тадбиркор Аброр ака ҳам банк шохобчалари олдида турганларнинг кўпчилиги "валютчик"лар эканини айтади.

- Бегона одам келса, валюта тугаб қолган бўлади ёки очередга тураман деса шу¸ шаллақи аёллардан балога қолади. Билишимча милиция ҳам ҳеч нарса қилолмайди, бу арзон доллар сотилиши ҳам шулар учун ўйлаб топилган бир тадбир, дейди Аброр.

Ўзбекистондаги ички банк нормативларига кўра, ҳар бир фуқаро расмий курс билан йилнинг ҳар чорагида бир марта 2000 АҚШ долларигача бўлган миқдорда валюта харид қилиш ҳуқуқига эга.

Бироқ бундай ҳуқуқ пеш қилинган пайтда, банк хизматчилари ҳамиша нақд валютанинг йўқлигини айтишади:

- “Обменный пункт” деб ёзиб қўйибди, ўзининг таниш-билишлари олади, четдан бир одам ҳам ололмайди. Шунинг учун мажбур қора бозорга борамиз. Қанчасини милиция ушлаб кетганини кўрганман. Долларни бошқа қаердан оламиз, фақат "валютчик"лардан. Давлатни ўзи шунга йўл қўйиб беряпти. Қайси “Обменный пункт”дан доллар олиш мумкин, ҳеч биридан олиб бўлмайди, дейди тошкентлик Бахтиёр исмли 46 яшар тадбиркор.

Тошкентдаги "Dedeman Silk Road Tashkent" меҳмонхонасидаги валюта алмаштириш шохобчасига қўнғироқ қилганимизда:

- Бизда доллар йўқ, фақат давлат курси бўйича оламиз, сотишга йўқ, Миллий банкга боринг, деган жавобни эшитдик.

Миллий банкка мурожаат этганимизда, банк ходимлари Ўзбекистонда валюта алмаштириш шохобчалари ёки банк бўлинмаларида давлат курси бўйича доллар олиш мумкинлигини айтди:

- Миллий банкнинг истаган бўлимига борасиз, паспортингиз ва учиш чипта билетингизни кўрсатасиз, 2000 долларгача бўлган миқдорда бемалол алмаштиришингиз мумкин. Нақд ёки бўлмаса карточкангизга ўтказиб беришади, деди Миллий банк ходими.

Чет элга учиб кетаётган ҳар бир ўзбек фуқароси паспорти ва учқич чиптасини кўрсатиб 2000 долларгача пулни давлат белгилаган курсда олиши мумкин.

Лекин бу ҳам сўнгги пайтларда чайқовчиликка айланган:

- Давлат курси ва қора бозор курси ўртасида сал кам 1000 сўм фарқ бор. Ҳамма шу фарқдан фойда кўришни истайди. Кимдир 1000 доллар фойда кўрдим, деб xурсанд, бошқалар эса миллион, балки ундан ҳам кўп, дейди хоразмлик Муҳаббат опа.

Айни пайтда, Миллий банк расмийлари ҳам доллар чайқовчилигига қарши чора кўришаётганини айтишади:

- Шу пайтгача чет элга учиб кетаётганлар қайта-қайта келиб алмаштириб, кетаверишарди. Чунки йилнинг ҳар чорагида алмаштириш мумкин. Ҳозир энди шу муддатни олти ойлик муддатга ўзгартирaяпмиз. Масалан, бир бориб келдингиз ва яна келиб кетишингизга берилмайди, фақат олти ой оралиқда берилади, шунақа лимит қўйилмоқда энди, дейди Марказий банк ходими.

Кузатувчилар эса, Ўзбекистонда долларнинг давлат ва "қора бозор" курси сақланиб қолаверар экан, валюта чайқовчилиги барҳам топмаслигини айтишади:

- Шундан фойда кўраётганлар бор-да. Улар ҳеч қачан мамлакатда бир xил валюта курси бўлишини исташмайди, дейди Муҳаббат опа.

Ҳозир Ўзбекистондан чет давлатга чиқмоқчи бўлган фуқаролари ўзлари билан 2000 долларгача рухсатсиз, 5000 долларгача Марказий банк рухсати билан пул олиб чиқишлари мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG