Линклар

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг 25 яшар ўйинчиси Виталий Денисов Днепропетровскнинг “Днепр” жамоасидан Москванинг “Локомотив” жамоасига ўтди. Клуб раҳбариятига кўра¸ иқтидорли футболчи билан шартнома 3 йилга имзоланган.


Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг 25 яшар ўйинчиси Виталий Денисов Днепропетровскнинг “Днепр” жамоасидан Москванинг “Локомотив” жамоасига ўтди. Клуб раҳбариятига кўра¸ иқтидорли футболчи билан шартнома 3 йилга имзоланган.

Душанба куни Москванинг етакчи футбол жамоаларидан бири саналган “Локомотив” Ўзбекистон терма жамоаси ўнг ҳимоячиси Виталий Денисов билан 3 йиллик контракт имзолади.

Бу ҳақда Озодлик мухбирига қўшимча маълумот берган клубнинг матбуот-атташеси Андрей Лялин ўзбекистонлик футболчи аллақачон Москвага етиб келганини айтди:

- Жамоамиз ҳозирда Москвада машқ олиб бораяпти. Кейинги сешанбага команда Бирлашган Араб Амирликларига асосий машқларни ўтказиш учун жўнаб кетади. Виталий эса аллақачон жамоа билан: бугун команда билан биринчи машқ жараёнида иштирок этди. Мен у билан кеча суҳбатлашган эдим¸ кайфияти зўр, янги жамоада ўзини кўрсатишга барча имкониятларини ишга солишга ҳаракат қилишини билдирди, дейди Озодлик мухбирига “Локомотив” расмийси Андрей Лялин.

Футбол мутахассислари томонидан ўз билганидан қайтмаслиги ва охиригача курашиш қобилиятига эгалиги учун “Шерюрак” лақабига сазовор бўлган Виталий Денисов 2007 йилдан буён Украинанинг номдор “Днепр” жамоасида тўп суриб келди.

Тошкентнинг “Пахтакор” клуби спорт мактаби тарбиясини олган 25 ёшли Виталий ўз отаси – машҳур ўзбек футболчиси Геннадий Денисов каби ҳимоячи сифатида ном чиқарди. У Москванинг Марказий ҳарбий спорт клуби (ЦСКА)да, Нижний Новгороднинг “Спартак”, Тошкентнинг “Пахтакор”, Москванинг “Академик” жамоаларида ўйнаган.

“Локомотив" расмий вакили Андрей Лялин Денисовнинг “Днепр” билан шартномаси якунига етканидан кейин унинг учун инглизларнинг бир нечта клуби, жумладан “Ливерпул”, немисларнинг “Вердер” жамоалари курашганини маълум қилди.

“Локомотив” вакилидан олинган маълумотга кўра, Денисовдан ташқари ўзбекистонлик футболчилардан Владимир Маминов, Олег Пашинин ва Алексей Поляковлар бу жамоа таркибига мусобақаларда иштирок этган.

2006 йилдан буён Денисов футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг асосий ўйинчиларидан саналади. 2007 йилда Ўзбекистон шарафини олтита ўйинда ҳимоя қилган ва шу йили “Йил футболчиси” унвонига эга бўлган.

Шу кунларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси вакилларидан Махачқалъанинг “Анжи”сида Одил Аҳмедов, Владикавказнинг “Алания”сида Санжар Турсунов, Нижнекамскнинг “Нефтехимигида” Вагиз Галиулин муваффақиятли тўп сурмоқда.

“Шерюрак” Виталий Денисов 2004-2005 йилларда ЦСКА таркибида ҳам Россия кубоги, ҳам УЕФА кубоги соҳиби бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG